Мақолалар

Қуйидаги етти саволнинг жавобини биласизми?
  1. Жаннат қаерда?
  2. Жаҳаннам қаерда?
  3. Сидратул мунтаҳо нима?
  4. Ким улар Ҳурун ийн (оппоқ юзли катта ва чиройли кўзли ҳур қизлар)?
  5. Ким улар ал-Вилдон ал-Мухалладун (Мангу ёш болалар)?
  6. Аъроф (Аъроф – жаннат билан дўзахни ажратиб турадиган девор, арасот. Бу жой жаннатга ҳам, дўзахга ҳам кирмаган, яъни вақти-соати келиб, Аллоҳ таоло уларни жаннатга киритгунга қадар маълум муддат турадиган кишиларнинг жойидир.) нима?
  7. Қиёмат кунининг муддати қанча? 

Биринчи савол: Жаннат қаерда?

Жавоб: Жаннат етти қават осмоннинг юқорисида бўлиб, у етти қават осмондан алоҳида ажрагандир, чунки қиёмат куни етти қават осмон йўқ бўлиб кетади, аммо, жаннат эса йўқ бўлмайди. Унинг шифти аршдир.

Иккинчи савол: Жаҳаннам қаерда?

Жавоб: Жаҳаннамнинг маркази етти қават ер остидадир. Сижжийн деб номланувчи жойда. У баъзи бировлар таҳмин қилганидек жаннатнинг ёнида эмас. Биз яшаётган ер биринчи қават ҳисобланса, ундан ташқари олти қават ер бор. Бу олти қават ер биз яшаётган ернинг тагида алоҳида ажратилган ҳолда мавжуддир.

Учинчи савол: Сидратул мунтаҳо нимадир?

Жавоб: Сидратул мунтаҳо азим дарахт, унинг илдизлари олтинчи осмонда бўлиб, бўйи еттинчи осмондан юқоригача чўзилгандир. Барглари филнинг қулоқларидек, меваси эса катта хумдек келади. Унга тиллодан бўлган парвона (капалаклар) келади ва у жаннатнинг ташқарисидадир. Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва саллам у дарахтнинг ёнида ҳазрати Жаброил алайҳиссаломни ўзларининг ҳақиқий суратларида иккинчи маротаба кўрганлар. Ундан олдин эса Маккада Ажёд деб номланадиган жойда кўрган эдилар.

Тўртинчи савол ким улар Ҳурун ийн (оппоқ юзли катта ва чиройли кўзли ҳур қизлар)?

Жавоб: Улар мўминлар учун жаннатдаги завжалардир. Улар инсон ҳам эмас, жинлардан ҳам эмас ва фаришталардан ҳам эмасдирлар. Агар улардан бирон бирлари дунёга боқсалар машриқ билан мағриб оралиғи уларнинг зиёсидан ёришиб кетади. Ҳурун ийннинг маъноси кўзнинг қорачиғининг тим қоралигини, оқини эса оппоқлигини ва кўзларнинг чаросдек катталигини англатади.

Бешинчи савол: Ким улар ал-Вилдон ал-Мухалладун (Мангу ёш болалар)?

Жавоб: Улар жаннат аҳлининг хизматчиларидир. Улар инсон ҳам эмас, жинлардан ҳам эмас ва фаришталардан ҳам эмасдирлар. Улар жаннат аҳлининг энг қуйи даражасидагиларга хизмат қилади.

Олтинчи савол: Аъроф нима?

Жавоб: Аъроф бу жаннатнинг кенг девори бўлиб, унда яхши амаллари билан ёмон амаллари баробар бўлган мусулмонлар бир муддат қолишади, улар у ерда маълум муддат турганларидан кейин жаннатга киришади.

Еттинчи савол: Қиёмат кунининг муддати қанча?

Жавоб: Қиёмат кунининг муддати бир кун, лекин эллик минг йилга тенг бўлади. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Фаришталар ва Руҳ (Жаброил) миқдори (муддати) эллик минг йилга тенг (бўлган) бир кунда (қиёмат кунида) Унинг ҳузурига кўтарилурлар” (Маориж-4). Ибни Аббос (р.а) деди:“Қиёмат кунида элликта турар жой бўлиб (мавқиф), ҳар бир жойнинг муддати минг йилга тенгдир”.

 

Муҳаммад-Акмалхон Шокиров

Read 17587 times

Мақолалар

Top