Мақолалар

Дангасаликнинг сабаблари I 2-сабаб: Масулиятни хис қилмаслик

 

Масулиятсизлик: дангасалик, бепарволик ва бехафсалалик каби иллатларга олиб борувчи энг буюк воситалардандир. Масулиятдан ўзини олиб қочиш, бўйинга (гарданга) олмаслик ва уни хис қилмаслик бу, мажбурият ва вазифаларни бажариш ҳамда амалга ошириш йўлида дангасаликка олиб келади.

Шунингдек, масулият деганда фақатгина муайян кишиларни вазифаси деган хатарли тушунчага бориб қолинади.

Ваҳоланки инсон унга берилган ҳар бир неъматга нисбатан масул яъни жавобгардир. Албатта, қулоқ, кўз ва дил — ана ўшалар, масъулдирлар. (Исро 36) Бир маънода ҳисоб-китоблидир.

Аллоҳ таоло инсониятни амонатдорликка жавобгар қилиб қўйди. Бу борада Қуръони карима шундай дейилади: Албатта, Биз бу омонатни осмонларга, ерга ва тоғларга таклиф қилдик. Бас, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Уни инсон кўтарди. Дарҳақиқат, у ўта золим ва ўта жоҳилдир. (Аҳзоб 72)

Бу омонат нима эди, деган саволга уламоларимиз ушбу оятдан ва бошқа манбалардан келиб чиқиб: «Шариат таклифлари ва Аллоҳнинг фарзлари», деб жавоб берадилар.

Дарҳақиқат, инсон жинси (ҳамма эмас, албатта) ўта золимдир. Ўзига юклатилган ва ўзи қабул қилган омонатга мувофиқ иш юритмасдан ўзига ўзи зулм қилади. Инсон жинси ўта жоҳилдир, шунинг учун ўзи рози бўлиб, қабул қилиб олган омонатнинг улканлигини билмасдан, унга хиёнат қилади.

Натижада динимизда таклиф қилинган ишларни амалга оширишга нисбатан бепарволик, дангасалик қилинишини кўрамиз.

Масалан: динимизни ўрганиш ва ўргатиш, амал қилиш, кишиларни даъват қилиш ва бу йўлдаги азиятларга сабр қилиш.

Бугунги кунда кўпчилик мусулмонлар юқоридаги масалалар борасида қайғурмай, аҳамият бермай қўймоқдалар. Гўёки бу ишлар уларни қизиқтирмайди ва уларнинг иши ҳам эмас, уларга муҳим ҳам эмас ёки вақвтлари ҳам йўқдай. Бунинг оқибати нима бўлаётганлиги ҳаётда ҳаммамиз учун маълум бўлиб бормоқда.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Огоҳ бўлинглар. Ҳар бирингиз масулдирсизлар ва ҳар бирингиз ўз қавмига масулдир. Подшо ўз фуқороларига масулдир. Киши аҳли байтига масулдир. Аёл эса уй эгаси (эри)га ва унинг болаларига масулдир. Хизматкор (қул) эгасининг молига масулдир. Огоҳ бўлинг! Ҳар бирингиз масулдирсиз ва ҳар бирингиз ўз қавмига масулдир!”, дедилар. (Имом Бухорий ривояти)

Демак, ҳар биримиз ўз оиламизга масулдирмиз. Бу - ҳар бир инсон холатидан келиб чиқиб, қўлостидаги инсонлар учун масулдир. Бу борада дангасаликка йўл қўйиш эса, хиёнатдир.

Агар ҳар бир инсон унга юкланган ишларда масулиятсизлик қилса ёки ўзини олиб қочса нафақат бир кишига балки бутун жамиятга санаб бўлмас даражада қийинчиликларни туғдиради.

Азиз ватандошлар! Келинг, барчамиз ўзимизга юкланган ишларда масулият билан ёндошган ҳолда, жамиятимиз ва юртдошларимизга фойдали бўлишга ҳаракат қилайлик!

“Шайх Зайниддин” масжиди имом-хатиби Абдураҳмонов Яҳё Убайдуллоҳ ўғли

 

Read 2813 times

Мақолалар

Top