Мақолалар

“Миссионерлик” – фирибгарлик ниқоби

“Ватан”, “миллат”, “имон-эътиқод” бу муқаддас тушунчалардир. Уни ҳеч нарсага алмаштириб бўлмайди. Аммо орамизда шундайлар борки, уларга бу тушунчалар етти ёд бегона кабидир. Улар ўз нафсига қул бўлган бечоралардир. Бугунги кунда “миссионер”ларнинг фирибгарлик маҳсулига айланганлар афсуски мустақил Ўзбекистонимизда йўқ эмас. Бундан бир неча йил илгари бир воқеани гувоҳи бўлгандим. Фарзандлар қариган чоғида оталарини минг тўрт юз йилдан бери ота-боболари эътиқод қилиб келган диндан воз кечиб, арзимас мол-дунё учун миссионерларнинг фирибгарлик тузоғига илинганини афсус надомат билан сўзлаб беришди. Домла эсингиздами хуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан хамкорликда коллежда ота-оналар мажлисида миссионерликнинг қисмати хақида ведио тасма кўрсатилган эди. Адашмасам ўша филмни номи “Жахолат чангалида” эди. Ўшанда миссионерларга қанчалик нафратланганимни сўз билан ифода этиб бўлмасди. Бугун эса ўша бало ўзимизни  бошимизга хам тушиб турибди. Бизни хавотирга солаётгани  отамизни охиратлари нима бўлади?. Вақти соати келиб вафот этсалар дафн маросимлари қандай бўлади?. Маҳаллада бошимизни кандай кўтариб юрамиз?.... Бу билан отамизни ишлари йўқ. Отамизга бу дунёдан ўтганингиздан кейин нима бўлади деб сўрасак, менга фарқи йўқ, менга деса  ўлигимни итларга беринглар дейдилар. Ажабо! бир оёғи ерда, бир оёғи гўрда бўлган бу  одамни қандай бало урган эканки ўз ўлигини итларга раво кўрса. Халқимизда ёш ўтган сари ўлимни эслаб, қиш ўлдирма – ёз ўлдир, оч ўлдирма – тўқ ўлдир деган мақолни айтиб охират сафарига таёргарлик кўриш табий ҳол. Хатто қайси қабристонга дафн этишни, жанозани ким ўқишини, ғассолни ким бўлишини ҳам васият қилиб юрилади. Қариган чоғида ўз динидан воз кечган бу одамни ким эмас, нима дейиш мумкин.

Бугунги кунда  миссионерлар ортидан дум бўлиб юрганларга на Ватан, на имон-эътиқод, на миллат, на оила керак эмас. Уларга доллар берса бўлди, керак бўлса ватанини, миллатини, оиласини  ҳам сотиб юборади. Инсониятга шунчалик хавф солаётган миссионерлик деганда нимани тушуниш керак? Турли луғатлар ва манбаларда миссионерликка кўплаб таърифлар берилган. Уларнинг деярли барчасида миссионерликка хос хусусиятлар атрофлича тавсифланган. Тарихга назар солсак Рим қўшинлари билан бирга юриб, босиб олинган ҳудудлар халқлари орасида христианликни тарғиб қилган кишиларнинг фаолияти замонавий миссионерликнинг илк кўринишлари эди. Миссионерлар фаолияти натижасида христианлик 400–500 йилларда Африкада мустаҳкам ўрнашиб олди ва ўз даври учун анча қудратли бўлган масиҳий қиролликлар пайдо бўлди. Улардан энг машҳури Ҳабашистон империяси эди. Ушбу қироллик катта ҳудудларни, ҳатто Арабистон ярим оролининг жанубини босиб олиб, арабларни масиҳийликка ўтказмоқчи бўлган эди. Дарҳақиқат, ХI-ХIV асрларда Рим Папаси бошчилигида "Муқаддас Ер", яъни Қуддус шаҳрини озод қилиш баҳонасида амалга оширилган, аслида босқинчилик билан бойлик орттиришга қаратилган урушлар, яъни "Салб юришлари"дан ҳам асосан миссионерлик мақсадлари кўзланган эди. Тарихдан шу нарса маълумки, салбчилар Қуддусни эгаллаб олгач, тарихда ҳали кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ваҳшийлик содир қиладилар. Шаҳарнинг барча мусулмонлари ва яҳудийлари қиличдан ўтказилди, масжидлар вайрон қилинди. Салбчилар севги ва раҳм-шафқат дини бўлган насронийликнинг барча ахлоқий амр-фармонларини топтаб ташладилар ва «дин ҳимояси учун кураш» номи билан ниқобланиб, очиқ-ойдин худонинг буйруқларига зид равишда террор уюштирдилар.  Мазкур мисол ва Африканинг бир қатор қабилалари тилида "миссионер" яъни "қотил" сўзининг синоними сифатида ишлатилиши ҳам миссионерликнинг раҳм-шафқатга асосланиши ҳақидаги фикрларнинг чўпчак эканини кўрсатади.

Хулоса қилиб айтганда, бугунги тахликали замонда миссионерларнинг иштаҳалари чакки эмас. Ўз юртларида, дунёнинг бошқа жойларида ҳунарлари ўтмаганидан кейин, қулай жой ва фурсат топиш  мақсадида дунёнинг турли минтақаларида изғиб юрган миссионерлардан огоҳ бўлайлик. Аслида инсон оила, маҳалла, жамиятдан айри яшай олмайди. Шу сабабли, ўзимизга жиддий эътибор қаратмоғимиз, эътиқод ва иродамизни бўшаштирмаслигимиз ва қолаверса, ён-атрофимиздаги кишиларга нисбатан масъулиятимизни ҳис этишимиз даркор. Бир кишининг нотўғри йўлдан қайтиб, тўғри йўлни топишига сабаб бўлиш бизга дунё ва ундаги барча нарсалардан аъло экани тўғрисидаги ҳадисни эсдан чиқармайлик.

  

Махмуджон АБДУСАИТОВ,

 Бўстонлик туман бош имом-хатиб в.б.   

Read 6522 times

Мақолалар

Top