Мақолалар

Мадинаи мунавварадаги қонунчилик

Биринчи мақола: Муҳаммад алайҳиссаломнинг илк пайғамбарлик даврларида арабларнинг ҳолати


 Мана шу даврдан бошлаб Ислом шариати иккинчи мақсад сари одимлай бошлади. Мусулмонлар учун уларнинг барча ишларига дахлдор бўлган, ҳар бир киши ва ҳар бир жамият ҳаётига тааллуқли бўлган аҳкомларни жорий қилди. Жумладан, ибодат, муомалот, жиҳод, жиноят, меърос, васият, никоҳ, талоқ, қасам, қозилик ва фиқҳ илмига доир турли қонун ва қоидаларни ҳаётга татбиқ қилди.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг даврларидаги қонунчилик тартиби кейинги асрлардаги каби воқеа ҳодисаларни фаразан тасаввурга келтириш, бирор ҳукм чиқариш учун оят ёки ҳадиснинг ворид бўлиш сабабини ўрганиб чиқишга асосланмайди, балки қонунчилик воқелик билан бирга ҳаракатланар эди. Мусулмонлар ҳаётларида бирорта масалага дуч келиб қолсалар шу масаланинг ҳукмини билиш учун тўғридан-тўғри Пайғамбар алайҳиссаломга мурожаат қилар эдилар. Ўз навбатида Пайғамбар алайҳиссалом уларга гоҳида оят билан, гоҳида ҳадис билан фатво берар эдилар. Баъзида ўзлари амаллари билан, баъзида эса бирор саҳобийнинг амалини иқрор қилиш билан масаланинг ҳукмини баён қилар эдилар.
Расулуллоҳнинг жавоблари қайси шаклда бўлмасин, у Қуръон ояти бўладими ёки қавлий, амалий, тақририй суннат бўладими, барчаси ҳам Аллоҳ томонидан юборилган ваҳий орқали содир бўлар эди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:


وَمَا يَنْطِقُ عَنِ الْهَوَى إِنْ هُوَ إِلَّا وَحْيٌ يُوحَى

яъни: “У хомхаёлдан олиб сўзлаётгани ҳам йўқ! У фақат нозил қилинаётган бир ваҳийдир” (Нажм сураси, 3-4-оятлар).


وَلَوْ تَقَوَّلَ عَلَيْنَا بَعْضَ الْأَقَاوِيلِ لَأَخَذْنَا مِنْهُ بِالْيَمِينِ ثُمَّ لَقَطَعْنَا مِنْهُ الْوَتِينَ

яъни: “Агар (пайғамбар) Бизнинг номимиздан (Биз айтмаган) баъзи сўзларни тўқиб айтганда эди, албатта, Биз унинг ўнг қўлидан тутган, сўнгра унинг шоҳтомирини узиб ташлаган бўлур эдик (Ал-Ҳаққа сураси, 44-46-оятлар).
Юқорида ўтган сўзлардан биз уч нарсани хулоса қилишимиз мумкин:
Биринчи: Ушбу даврларда қонун чиқариш ҳуқуқи фақат пайғамбар алайҳиссаломгагина хос бўлиб, бошқа ҳеч кимсанинг бунга дахли йўқ эди. Ўз навбатида Пайғамбар алайҳиссаломнинг қонун чиқаришда мурожаат қиладиган манбалари ваҳий бўлиб, у тиловат қилинадиган – Қуръон ва тиловат қилинмайдиган – Суннатдан иборат эди. Шунинг учун ҳам ҳеч бир ҳукмда ихтилоф пайдо бўлишга ўрин йўқ эди.
Иккинчи: Ислом фиқҳи бирданига юзага келгани йўқ. Балки, секин аста, бўлак-бўлак бўлиб, оят ва ҳадис орқали собит бўлди.
Фуқаҳолар қонунчиликка дахлдор бўлган оятларни ҳукм оятлари, ҳадисларни эса ҳукм ҳадислари деб аташни жорий қилдилар. Мазкур тақсимотдан кейин савол туғилади, қандай қилиб пайғамбарлик давридаги қонунчиликнинг асоси фақат Қуръон ва ҳадис бўлиши мумкин, ахир Пайғамбар алайҳиссалом баъзи ҳукмлар устида ижтиҳод қилганларку, саҳобаларнинг баъзи масалалардаги ижтиҳодларини тасдиқлаганларку? Масалан, Расулуллоҳ с.а.в. Табук ғазотида жиҳотдан бош тортмоқчи бўлган баъзи мунофиқларга ғазотда иштирок этмасликка изн берганлар. Шунингдек, Бадр жангида қўлга тушган асирлардан фидя олиб ўзларини озод қилиб юборишда Абу Бакр р.а.нинг фикрига қўшилганлар. Демак, шунга биноан исломнинг бошидаги ижтиҳодларни Қуръон ва Ҳадисдан ташқари қонунчиликнинг қўшимча манбаи дейиш мумкинку?
Бу саволга жавоб қуйидагича бўлади: Пайғамбар алайҳиссалом эҳтиёж туғилгандагина ва ваҳий келиши кечиккан вақтдагина ижтиҳод қилар эдилар. Шундан сўнг ваҳий нозил бўлиб, у зотнинг ижтиҳодларини агар тўғри бўлса тасдиқлар, агар хато бўлса хатосини баён қилиб берар эди. Демак, ваҳий Расулуллоҳ с.а.в.нинг ижтиҳодларининг манбаи бўлган. Саҳобаларнинг ижтиҳодлари ҳам ҳудди шунга ўхшаш, Расулуллоҳ с.а.в. билан алоқа боғлаш мумкин бўлмаган ўринларда ёки бирор фурсатни қўлдан кетиши хавфи бўлган вақтларда содир бўлар эди. Расулуллоҳга мурожаат қилганларида эса, у киши ижтиҳод қилган ҳукмларининг тўғри ёки нотўғрилигини баён қилиб берар эдилар. Демак, саҳобаларнинг ижтиҳодларининг манбаси суннат бўлган. Шундан келиб чиқиб айтганда, ижтиҳод ушбу асрдаги қонунчиликнинг манбаларидан бўлмаган. Ушбу мавзуда ижтиҳод ҳақида сўз юритганимизда янада кенгроқ баён қиламиз.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг

биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков.

https://t.me/tuhur

Read 2418 times

Мақолалар

Top