Мақолалар

Тараққиётнинг янги босқичига қадам қўймоқдамиз

Мустақиллик ҳақида сўз юритар эканмиз, унинг том маънода Аллоҳ таолонинг бизга ато этган энг улуғ неъматларидан бири эканлигини эътироф этишимиз лозим бўлади. Аллоҳ таоло мана шу неъмат орқали бизга диний ва миллий қадриятлар, урф-одат, анъана, маърифат, маънавият, эрки ўз қўлида бўлиш каби имкониятларни ато этди. Бу неъматларни ҳеч қачон унутмаслик, қадрига етиш, уни авайлаб-асраш, шукр қилиш унинг бардавом бўлишининг омилидир. Зеро, Аллоҳ таоло “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман(Иброҳим сураси, 7-оят), дея марҳамат қилиб, неъматларга шукр қилишга ундамоқда.

1991 йилдан буён 1 сентябрь Мустақиллик байрами сифатида мамлакатмизда кенг нишонланади. Мустақиллик йиллари давомида қўлга киритилган ютуқ ва эришилган имкониятлар байрам муносабати билан яна бир бор сарҳисоб қилиниб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар белгилаб олинади.

Кеча, 31 августь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган тантанали маросимда нутқ сўзлади. Мамлакат раҳбари ўз нутқида Мустақилликнинг қўлга киритилиши, бу йўлда жон фидо қилганлар ҳақида сўз юритди. Мустақиллик ғояси, истиқлол руҳи, бизнинг инсоний қадр-қимматимиз, ғурур ва шаьнимиз, дину диёнатимиз эканлиги, миллий давлатчилигимизни тиклаб берган Мустақиллик куни Ватанимизнинг шонли тарихида ҳамиша энг ёрқин саҳифа бўлиб қолиши, жаҳон миқёсида бугун юртимиз ҳақида сўз кетганда “Янги Ўзбекистон” ибораси тилга олиниши кейинги йилларда Ўзбекистоннинг тараққиётнинг мутлақо янги босқичга қадам қўйгани, эришилаётган ютуқларимизнинг эътирофи эканлигини таъкидладилар.

Ўзбекистон давлатининг Истиқлол йилларида босиб ўтган шонли йўлига назар ташлаб, ўз куч ва имкониятларига бўлган ишончнинг янада ортиши, Мамлакатни ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ барча соҳа ва тармоқларда амалга оширилаётган ислоҳотлар бу борада ҳал қилувчи омил бўлаётгани, “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари”, деган даъваткор ғоя ҳаётимизга тобора чуқур кириб бораётгани, айнан шу асосда халқимиз ҳаётини тубдан яхшилаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни таъминлаш, инновацион тараққиёт борасида муҳим қадамлар қўйилаётгани Президент нутқида айтиб ўтилди. Шунингдек, Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилаётгани, бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмаслиги, бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмаслигини юртбошимиз қайд этиб, халқимизни бугунги мураккаб даврда келажакка ишонч билан ўз олдига қўйган мақсад сари дадиллик ила қадам ташлашга ундадилар.

Ҳа, Ўзбекистон янги бир уйғониш даврини бошламоқда. Мамлакатни янги тараққиёт босқичига кўтариш учун, аввало, янги авлод кадрларни тайёрлаш заруратидан келиб чиқиб, юртимизнинг ҳар бир ҳудудида биттадан янги тоифадаги мактаблар – Президент мактаблари, ихтисослашган ва ижод мактаблари барпо этиш, “Замонавий мактаб” дастурини жорий этиш борасидаги ишлар узлуксиз давом эттирилмоқда.

Мамлакат раҳбари ўз нутқида: “Ҳар қандай мустақил давлат мустаҳкам маъанвий пойдеворга эга бўлгандагина юксак тараққиётга эриша олади”, дея шу мақсадда “Узлуксиз маънавий тарбия концепцияси” доирасида умумтаълим мактабларида биринчи марта “Тарбия” фани жорий этилишини айтиб ўтдилар. Дарҳақиқат, ҳар бир киши жамиятга муносиб бўлиб камол топмоғи керак. Бунинг учун мутафаккир олим Юсуф Хос Хожиб айтганларидек, фарзандлар тарбияси ниҳоятда эрта бошланмоғи шарт. Шундагина уларнинг ноўрин хатти – ҳаракатларига берилишининг олдини олинади.

Байрам нутқида Президент Ўзбекистонда диний-маърифий соҳалар ривожига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаб, Ислом цивилизаияси маркази қурилиши жадал давом этаётгани, ушбу мажмуа халқимизнинг асрлар давомида жаҳон цивилизациясига қўшган улкан ҳиссасини намоён этиши, яқиндагина Имом Мотуридий илмий тадқиқот марказини ташкил этиш бўйича бошланган саъй-ҳаркатлар ҳам мана шу ишларнинг узвий давоми эканлигини айтиб ўтдилар.

Барчамизга маълумки, Ўзбекистон замини ислом илм-фани ва маданиятининг қадимий бешикларидан бири ҳисобланади. Халқимизнинг бой тарихи, имлий, маънавий меросини ҳар томонлама ўрганиш, жаҳон афкор оммасига кенг таништириш, энг муҳими, ислом дининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида кейинги даврда мамлакатимиз Президенти бир қатор ташаббусларни илгари сурди.

Ушбу ташаббусларнинг замирида “Жаҳолатга қарши - маърифат” шиори мужассам. Шу негизда мамлакатимзда муқаддас динмизни, буюк аждодларимизнинг бой меросини ўрганиш, тарихий обидаларни асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек, Презиент Ш.Мирзиёев байрам нутқида пандемия ва унга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, мана шу даврда иқтисодиётнинг пасайишга йўл қўйилмагани, аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламини моддий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган ишлар, таълим тизимида амалга оширилган янгиликлар, суд-ҳуқуқ тизими, жазони ўтаётган шахсларга нисбатан авф интитутининг кенг қўлланаётгани, кўп йиллардан буён юртимизда яшаб келаётган бўлсада, фуқаролик ололмай юрган 50 мингдан зиёд кишига Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги берилгани, коррупцияга қарши кураш, сўз ва матбуот эркинлиги йўналишидаги амалга оширилаётган ислоҳотлар борасида гапириб ўтди.

Муҳтарам Презиентмиз Шавкат Мирзиёевнинг ушбу байрам нутқи бир сўз билан айтганда, дунё аҳолиси сингари халқимиз ўз бошидан кечираётган бугунги қийинчилик даврида барчага сабр-тоқат ва  бардошли бўлиш, қийинчиликлар ортидан албатта енгиллик келишига ишонч бағишлади десак муболаға бўлмайди. Азиз юртдошлар, мустақиллик байрми муборак бўлсин! Аллоҳ тало барчамизни Ўз паноҳида асрасин!

 

Зайниддин Эшонқулов

ЎМИ Самарқанд вилоят вакили

Read 2180 times

Мақолалар

Top