Мақолалар

“ТАКФИР”га қўшилмаймиз ва унга қаршимиз!

     Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ” деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Уч нарса имоннинг аслидандир.“Ла илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли “кофир” демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши бошқа диндошига нисбатан қандай муносабатда бўлиши борасида аниқ ҳукм берилмоқда. Яъни, ҳақиқий мўмин бошқа биродарини гуноҳи туфайли кофирга чиқармаслиги, уни қилган амали сабабли унга “мўмин эмас” деган сўзни айтмаслик лозимлиги уқтирилмоқда.

Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салам бундай деганлар: “Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек (гуноҳкор) бўлади” (Имом Бухорий ривоятлари).

Ушбу ҳадисга шарҳ ёзган уламоларимиз: “Мусулмонни ўлдирган қотил қанча гуноҳ олса, мусулмонни “кофир” деб ҳукм қилган кимса ҳам худи шундай гуноҳкор бўлади”, – деганлар. Ваҳоланки, мусулмонни ўлдириш қандай гуноҳ эканлиги ҳақида Аллоҳ таоло шундай деган: “Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлаб қўйгандир" (Нисо сураси 93-оят).

Мусулмонни кофирга чиқаришдан келиб чиқадиган хатар сабабидан Қуръони карим ва ҳадисларда ўзга бировни куфрга чиқаришдан қайтарилган. Жумладан Нисо сураси 94-оятида Аллоҳ таоло бундай дейди: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳ йўлида сафарга чиққанингизда аниқ иш тутинг! Сизларга салом берган (ёки таслим бўлган) кишига бу дунё матоҳини (ўлжани) кўзлаб: “Мўмин эмассан”, демангиз! Аллоҳнинг ҳузурида кўп ўлжалар (бордир). Илгари сизлар ҳам шундай (имонингизни сир тутар) эдингизлар.  Сўнгра Аллоҳ сизга неъмат ато этди. Бас аниқлаб иш тутингиз! Албатта Аллоҳ (барча) ишларингиздан хабардордир”.

Бу оятни нозил бўлиши ҳақида Ибн Касир тафсирида қуйидаги сўзлар бор: "Имом Аҳмад Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилади: “Бану Салимдан бир киши ўзининг қўйларини боқаётганида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларининг бир гуруҳининг олдидан ўтиб туриб, уларга салом берди. Улар: “Бизга салом берма, балки биздан паноҳ сўра”, дедилар. Сўнг уни ўлдирдилар, кейин уни қўйи билан Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига олиб келдилар. Сўнг ушбу оятни “Эй имон келтирганлар...” дан охиригача нозил бўлди".

Жумҳур калом ва фиқҳ уламолари иттифоқига кўра, бирор бир аҳли қибла бўлган мусулмонни кофирга чиқармаслик лозимдир.

Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ ҳам аҳли қибла бўлганларнинг бирортасини кофирга ҳукм қилмаган.

Таҳовий ақидасида: “Қибла аҳлидан бўлган бирор-бир мусулмонни гуноҳи кабира туфайли кофир санамаймиз”, дейилади (Ал-Манҳажуссаҳиҳ фи фаҳми ақидати аҳли сунна вал жамааъ. Ҳасан Али Саққоф,703-бет). Шунингдек, бошқа ақида ва уларга ёзилган шарҳларда катта гуноҳ қилган кишилар гарчи уни содир этиш пайтида вафот этса ҳам, қилган ишини ҳалол санамаса, кофир бўлмаслиги, агар ўз уқубатларини дунёда олса катта гуноҳи учун каффорот бўлиши, мабодо вафот этса, бу – Аллоҳнинг хоҳиши: хоҳласа азоблаши, хоҳласа кечиши баён этилган.

Ақида илимининг етук билимдони Абул Ҳасан Ашъарий айтадилар: “Мен аҳли қибладан бирортасини кофирга чиқармайман. Чунки уларнинг барчалари ёлғиз Аллоҳга ибодат қиладилар”.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ўзга инсонни кофир дейиш, унга жаҳаннамда абадий қоласан, дейишга тенг гапдир. Бунинг устига жамият кишилари орасида унинг ўрнини ўз билганича белгилаб бериш демакдир. Бу иш жуда нозик бўлгани ва эҳтиёткорликни талаб қилгани учун ҳам зинҳор бу ишга шошилмаслик керак. Балки бу ишларни ўз эгаларига, яъни олимлар, муфтийлар ҳукмига ҳавола қилиш лозим. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан қайтарганлари ҳам бу ишни нақадар нозик эканлигини белгилаб беради. Биз юқорида кўрганимиздек, у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Бир киши биродарига “эй кофир!” деса, бу гап аниқ иккисидан бирига тегишли бўлади. Агар у киши ростан ҳам кофир бўлса, унга қайтади. Аммо ундай бўлмаса гапирувчининг ўзига қайтади” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти) деганлари ҳам бизга ибрат ўлароқ етади.


Манбалар асосида тайёрланди:
Маъруфхон Алоходжаев,
Наманган шаҳар “Абдулқодир қори” жоме
масжиди имом-хатиби

 

Read 2411 times

Мақолалар

Top