Мақолалар

“Насойимул-муҳаббат” да буюклар сиймоси

    Ислом  динининг  моҳияти,  унинг  инсон  ҳаётидаги  ўрни  ана  шу  дин бағридан  етишиб  чиққан  улуғ  мутафаккир  шайҳлар,  азиз-авлиёларнинг поклик  ва  камолот  сари  етакловчи  қарашлари,  уларнинг  ибратли хислатларини  чуқур  тадқиқ этиш,  аждодлар  руҳига  ҳурмат  ва эҳтиромни давом эттириш  муҳим  аҳамият  касб этмоқда. 

    Алишер  Навоийнинг “Насойим  ул-муҳаббат  мин  шамойим  ул-футувват” асари  муқаддима ва 770 та шайх (35 таси авлиё аёллар)нинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган.

  “Насойим ул-муҳаббат” Абдурраҳмон Жомийнинг “Нафаҳот ул-унс мин ҳазарот ил-қудс”   тазқирасининг таржимаси, лекин Навоий Жомий асарига эркин, ижодий муносабатда бўлиб ва унинг асаридаги маълумотларни тўлдириб ва баъзисини қисқартириб 618 та шайхлар сонини 770 та (35 таси авлиё аёллар)га етказади.

   “Насойим ул-муҳаббат” да бир неча шайхлар ҳақидаги берилган маълумотларда Соҳибқирон Амир Темурга  боғлиқ  қизиқарли воқеалар учрайди.

     Навоий Соҳибқирон Амир Темурни Эронга қўшин тортиб борган йили яъни 1381 йил баҳорда ойларида шайх Бобо Сунгу зиёратига борганини қуйидагича тасвирлайди: “Замон мажзубларидин эрмиш. Андхуд қасабасида бўдур эрмиш. Соҳиби ботин киши эрмиш. Рамзларин билганлар натижа топар эрмиш. Темурбек Хуросон мулки азиматиға юруганда Андхудқа етганда машҳурдурки, Бобо хидматиға борғандур. Ўлтурғондин сўнгра Бобо иламида бир суфрада яхна эт эркандур. Қўйнинг яхна тўшин олиб, Темурбек сари отибдур. Темурбек ғояти ақлу закосидин дебдурки, Хуросонни ер юзининг кўкси дебдурлар. Ани Бобо бизга ҳавола қилди, деб бу башорат била юруб, Хуросон мулкини олибдур”

  Шайхнинг ботиний саволига, назарига, қувватига Амир Темур сидқ ва ихлос, ақл ва фаҳм-фаросат  билан англаганликлари ва жавоб берганликлари баён қилинган.

  “Насойим ул-муҳаббат” да Соҳибқирон Амир Темурни Бобо Хокий қ. с. ва Хожа Боязид а. р. каби шайхлар билан учрашган ва сухбатлашганлари зикр қилинади.

Бобо Хокий қ. с: -Турк элидиндур. Сипоҳи эрмиш. Тимурбек била Рум ва Шом черикига борғондур. Ондин қайтиб келганда, сипоҳилиғ машаққатидин, чун ториққон эркандур, тарк қилиб, фақр ихтиёр қилибдур.

Хожа Боязид а. р :-Атонинг яқин авлодидиндур. Темурбек онинг суҳбатиға келибдур ва келурда кўнглида кечурубдурки, бу эрнинг маъно оламидин хабари бўлса, бизга иссиқ ҳалво тортқой. Ул муридларға ҳалвони худ буюрғон экандур. Бек била саломлашиб кўришгондин сўнгра дебдурки (аввал салом, ўртаси таом ва охири калом!) Филҳол ҳалвони торттурубдур. Бекка бу ҳол зоҳир бўлғач, мурид бўлиб лангар ясаб, кўп авқоф қилибдур.

    Навоий ҳазратлари соҳибқирон ҳақларида завқланиб,  самимийлик билан мардлик, соддалик, закийлик, ҳар қандай тасодифий холатлар ва ҳар ишни тадбиркорлик билан қилишликларини тасвирлаб берган.

   Навоий асарда шайхларнинг ижтимоий-сиёсий хаётда ўз ўрни бўлганлгини фасоҳат-балоғат билан ёритиб берган. Амир Темур ва замонасини хукмдорлари ҳам шайхларнинг ва уламоларнинг маслаҳат ва дуоларни олишгани, шунинг учун  Амир Темур, Ҳусайн Бойқаро, Бобур каби ҳукмдорлар халқ орасида катта обрў-эътиборга эга бўлган.

   Бу  асар  миллий-диний қадриятларимиз ва тарихимизни ўрганишда маърифий  ва  ахлоқий аҳамиятга эга. Айниқса, Имом Аъзам, Имом Мотуридий, Аҳмад Яссавий, Ҳаким Тирмизий,  Баҳоуддин Нақшбандийлар каби ақида ва тасаввуф уламоларимиз ҳақида қимматли маълумотларга эга бўламиз.

   Мовароуннаҳр ва Хуросон валийлари меросини ўрганиш, уларнинг тасаввуфий-ахлоқий қарашларини тадқиқ этиш инсон руҳий камолоти учун зарур ғоя. Уни валийлар ҳаётини ўрганмасдан туриб, исломнинг маънавий-маърифий аҳамиятини англаб, сўфиёна адабиётларнинг ғоявий мазмун-моҳиятини тушуниб бўлмайди.

   Шунингдек, ёшларга тасаввуфнинг асл мазмун-моҳиятини тўғри етказиш, уларни турли диний оқимлар таъсиридан сақлаш ҳамда миллий ғояни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эгадир.

 

Пискент туман бош имом-хатиби в.в.б: Зайнилобиддинхон Қудратов.

Read 5623 times

Мақолалар

Top