Мақолалар

Динимиз жонкуяри эдилар

Яхшилар ёди 

Бутун дунё аҳолисининг тинчини бузган кўринмас ёв – коронавирус инфекцияси башариятнинг сабрини синовдан ўтказмоқда. Бу офат, афсуски,  юртимизни ҳам четлаб ўтмади. Вабо диёримизнинг кўзга кўринган, таниқли аҳли илмларини орамиздан олиб кетди.

Яқиндагина Бухорои шарифлик машҳур олим Мансур домла Нуруллаев, самарқандлик имом Мустафоқул домла Меликовни охират сафарига кузатган эдик. Куни кеча Тошкент вилояти бош имом-хатиби, таниқли олим Хайруллоҳ домла Турматов ҳам мангу оламга риҳлат қилдилар.

Истиржо, яъни “Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъун”ни такрорлаб, афсус билан айтамизки, домламиз коронавирус касаллиги ва сурункали хасталиклар оқибатида вафот этдилар.

Устоз Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтини тугатиб, узоқ йиллар Тошкент вилоятидаги “Четсув”, “Қорабоғ”, “Зангиота” жоме масжидларида имом-хатиб бўлиб ишладилар. Ангрен шаҳар бош имом-хатиби вазифаларида ишлаганларини кўпчилик мамнуният билан эслайди. Чунки марҳум устозимиз жуда кўплаб инсонларга меҳр-мурувват кўрсатиб, уларнинг кўнглини тоғдек кўтардилар.

Мен домла билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллигида ишлаб, у кишидан жуда кўп сабоқлар олдим. Сабоқ олиш деганда, фақат илм ўрганиш эмас, балки одамлар билан муомала қилиш, уларга тўғри йўлни кўрсатиш, масжидларни обод қилиш, тарихий қадамжоларни файзли масканга айлантириш ҳам аслида катта ҳаётий дарсдир.

Шу билан бирга, самимийлик, соддадиллик ва очиқчеҳралик каби фазилатлар ҳаммада бўлиши мумкин. Лекин бу фазилатлар ҳаммани ҳам безайвермайди. Бунинг учун сўз билан амал уйғун бўлиши керак. Устозимиз худди шу фазилатлари билан эл назарига тушган инсон эди.

Домла 2014 йилдан шу пайтгача, яъни олти йил мобайнида Тошкент вилояти бош имом-хатиби сифатида 60 йилга ҳам сиғмайдиган савобли ишларни қилишга улгурдилар. Тошкент вилоятида айни пайтда 226 та масжид фаолият юритмоқда.

Сўнгги уч ойда домламиз иккита масжид: Олмалиқдаги “Ҳилол” ва Юқори Чирчиқ туманидаги “Моз ибн Жабал” жомеларини очиб бердилар. Вилоятимиздаги 57 та масжидни қайта қуриш ва реконструкиця қилишга бош-қош бўлдилар. Ҳомийларни жалб қилган ҳолда кўплаб талабаларнинг ўқув-шартнома пулларини тўлашга кўмаклашдилар.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Аллоҳ таоло инсонлардан илмни бирданига олиб қўймайди. Балки олимларни вафот эттириш орқали улар билан бирга илмни ҳам кўтаради...” Бу ҳадис тилимизга: “Олимнинг ўлими – оламнинг ўлими” сифатида нақл этилади.

Марҳум имом домламиз динимиз ғамини ейдиган, кўпчиликнинг ҳурматига сазовор саховатпеша инсон эдилар. Айтиш мумкинки, марҳум аҳли илм қисқа умри давомида кўплаб савобли ишларни қилишга улгурди.

Аллоҳ таоло Хайруллоҳ домланинг ётган жойларини кенг, нурли этиб, ҳаётлари давомида бажарган барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин. Ўзи рози бўлиб, Наим жаннатлари билан сийласин.

Марҳум домлаимизнинг оила аъзоларига, барча яқинларига, мухлисларига, муҳибларига ҳамдардлик билдираман.

 

Миродил МИРЖАЛИЛОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби ўринбосари

Read 2219 times

Мақолалар

Top