Мақолалар

“Аллоҳ таолога маконларнинг яхшиси масжидлар”

Масжидлар – намозларни жамоат билан адо этадиган жой. Бу ер Аллоҳнинг тоати ва зикри билан машғул бўлинадиган маконлар бўлгани учун улар «Аллоҳнинг уйлари» дея васф қилинади.

Қуръони каримда масжидларнинг фазли ва аҳамияти ҳақида кўплаб ояти карималар келган.

Масжидларни обод қилувчилар васфи

 “Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган, намозни тўкис адо этган, закотни (ҳақдорларга) ато қилган ва ёлғиз Аллоҳдангина қўрқадиган зотларгина обод қилурлар. Ана ўшалар ҳидоят топувчи зотлар бўлсалар, ажабмас (Тавба сураси, 18-оят)

Масжидлар фақат Аллоҳники

“Албатта (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар!” (Жин сураси, 18-оят); 

Масжидга борувчиларни дунё ишлари Аллоҳга ибодатдан чалғитолмайди

 “(У чироқ) бир уйларда (яъни, масжидларда ёқилурки), Аллоҳ уларни баланд кўтариб (бино) қилинишига ва уларда Ўзининг номи зикр қилинишига изн берган (яъни, амр қилган) эди. У (масжидларда) эртаю кеч У Зотни поклайдиган кишилар борки, уларни на тижорат ва на олди-сотди Аллоҳни зикр қилишдан, намозни тўкис адо этишдан ва закотни (ҳақдорларга) ато этишдан машғул қила олмас” (Нур сураси, 36–37-оятлари).

Аллоҳнинг ердаги уйлари

Абу Саид Худрийдан ривоят қилинган қудсий ҳадисда Аллоҳ таоло айтади: «Еримдаги уйларим масжидлардир. Ундаги Менинг зиёратчиларим масжидларни обод қилувчилардир» (Абу Нуайм ривоят қилган).

Аллоҳ таолога маконларнинг яхшиси масжидлар

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таолога маконларнинг яхшиси масжидлар, ёмонроғи бозорлардир», дедилар (Имом Муслим ривоят қилган).

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Масжидлар тақводор зотларнинг жойларидир», деганлар (Имом Муслим ривоят қилган).

Юқоридаги ояти карима ва ҳадиси шарифлардан маълумки, масжидларни фақат иймонли ва амалли кишиларгина обод этадиган, фақат Аллоҳники ва Унинг ердаги уйлари бўлган ва Аллоҳ таолога маконларнинг энг яхшиси бўлган жой экан.

Демак, ҳар бир мусулмон ва муслима бундай улуғ масканни икром-эҳтиром қилиши, унинг қадрига етиши, масжидлар ҳақида фақат яхши гумонда бўлиши, уларда макруҳ саналган амалларни қилмаслиги ва уларнинг тозалиги ва ободлиги борасида қайғуриши лозим экан.

Баҳриддин Хушбоқов

 

Read 2096 times

Мақолалар

Top