Мақолалар

Нажот – илмда

1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни 

Турли тамаддунлар туташган Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган юртимиз азалдан олиму уламолари, фозилу фузалолари билан довруқ қозонган. Она заминимизда туғилиб, камолга етган улуғ алломалар, буюк мутафаккирларимиз жаҳон илф-фани тараққиётига беқиёс ҳисса қўшганлиги туфайли бугун юксак тараққий этган техника асрида яшаш сизу бизга насиб этиб турибди.

Бунинг учун Яратганга қанчалар шукрона қилсак – шунча оз. Шу билан бирга, бугунги саодатли асрнинг вужудга келишида устозу мураббийларнинг ҳам ҳиссаси катта эканини унутмаслик зарур. Ҳар йили мамлакатимизда 1 октябрь устоз ва мураббийлар куни сифатида кенг нишонланади. Бу яхши, албатта. Лекин сизу бизга таълим берган улуғ зотларни фақат муайян саналарда эмас, балки ҳар доим эслаш, зиёрат қилиб, уларнинг дуоларини олиш зарур.

Муқаддас динимизда устоз ва мураббийларга эҳтиром беқиёс. Муаллимлик, мураббийлик ‒ буюк шараф. Зеро, башариятнинг энг афзал вакиллари пайғамбарлар ҳам муаллим ва мураббийлар қилиб юборилган.

Ўқитувчилик касби вакиллари жамиятга сув ва ҳаводек зарур. Бу муҳтарам зотларни қуёшга ўхшатиш мумкин. Қуёш нуридан барча бирдай манфаат кўрганидек, устозларнинг маърифати бутун башариятга наф келтиради. Бежиз Абдураҳмон Жомий ҳазратлари:

Устоз, мураббийсиз қолганда замон,

Зулумотдан қора бўларди жаҳон, демаган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бутун башариятга устоз қилиб юборилганлар. Бу ҳақда Қуръони каримда: «У (Аллоҳ) омилар (саводсиз кишилар) орасига ўзларидан бўлган, уларга (Унинг) оятларини тиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб (Қуръон) ва Ҳикмат (Ҳадис)ни ўргатадиган (бир) пайғамбарни (Муҳаммадни) юборган зотдир. Ҳақиқатан, (улар пайғамбар келишидан) илгари аниқ залолатда эдилар» (Жумъа сураси, 2-оят), деб марҳамат қилинган.

Ҳадиси шарифда: “Аллоҳ мени қийновчи ва қийинлаштирувчи қилиб эмас, балки муаллим ва осонлаштирувчи қилиб юборди”, дейилган (Имом Муслим ривояти).

Бир аллома устози ҳақида: “Отам мени кўкдан ерга тушишимга сабабчи бўлган, устозим эса ердан кўкка кўтарилишимга сабабчидир”, деган экан. Ота-она инсоннинг жисмини тарбия қилади, муаллим эса инсоннинг руҳини тарбиялайди.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга эзгулик ва яхшиликни ўргатадиган кишиларни мақтаб, бундай деганлар: Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, инидаги чумоли,  ҳаттоки денгиздаги балиқ ҳам одамларга яхшиликни таълим берувчининг ҳаққига  дуо қиладилар (Имом Термизий ривояти).

Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит шогирдлари билан кетаётган эди. Йўлдан чўпон подани ҳайдаб ўтиб қолди. Шунда Абу Ҳанифа отдан тушиб, чўпонга салом бериб, тавозе кўрсатди. Чўпон кетгач, шогирдлари: “Устоз, сиз Куфада, Басрада донғи кетган олимсиз, оддий чўпонга бунчалик тавозе кўрсатишингизнинг боси недир?” дейишди. Абу Ҳанифа: “Бу чўпондан ҳайвонлар ҳақида савол сўрагандим. У менга устозлик қилган эди. Муаллимга тавозе кўрсатиш гўзал фазилатдир”, дедилар.

Худди шундай Алишер Навоий мулозимлари билан кетаётиб, ногоҳ кўзлари йўл бўйида ўтирган ўсмир болага тушди. Ҳазрат отдан тушиб, болакай салом бериб, олдига борди ва: “Бу йигитча устозимизнинг набираси. Биз унга эътибор қаратиб, устоз хотираларини шод айладик”, деган.

Ислом таълимотига кўра, устоз нафақат дунёда иззат-ҳурматда бўлади, балки вафотидан кейин ҳам қолдирган манфаатли илми, таълим берган шогирдларининг хизмати, ёзган асарларидан ўзгаларнинг фойдаланиши туфайли номаи аъмолига савоб тўхтовсиз бориб туради. Ҳадиси шарифда:  “Инсон вафот этганда унинг амали тўхтайди. Фақат уч нарса туфайли (унинг номаи аъмолига савоб ёзилиб туради): садақаи жория; фойдали илм; дуои хайр қилувчи солиҳ фарзанд” (Имом Муслим ривояти).

Устозларни, олимларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш Соҳибқирон Амир Темурнинг адолат тамойилларидан бири бўлган. “Темур тузуклари” асарида ва бошқа кўплаб манбаларда ҳам илм аҳлига ҳомийлик қилиш буюк саркарданинг асосий мақсади экани баён этилади.

Француз шарқшуноси Луи-Матьё Ланглэ ўзининг “Донишмандлик рамзи” асарида: “Амир Темур олимларга хайрихоҳ бўлар, билимли ва ҳалол кишиларга ишонар эди. У тарихчи ва файласуфлар, илм-фан ва маъмурий соҳада билимдон одамлар билан суҳбатлашиш учун кўпинча тахтидан ҳам тушар эди”, дея ёзиб қолдирган.

Мухтасар айтганда, башарият учун ҳам, тараққиёт учун ҳам, тамаддун учун ҳам фақат бир нарса керак: бу – илм. Бежиз дунё имоми – Имом Бухорий ҳазратлари “Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай!” демаганлар. 

 

Нуриддин домла ХОЛИҚНАЗАРОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Read 2353 times

Мақолалар

Top