Мақолалар

Асаблар янада таранглашди...

Уйда ёлғиз қолган эр дастрўмолчасини қидириб, тополмади. Асабийлаша бошлади... Тахмондаги барча кийимларни ерга улоқтириб, уни “астойдил” излаган бўлди. Топилмади. Аксинча, устма-уст қалашган ва аралаш кийимлар орасидан бир парча матони топиш янада мушкул ҳолга келди. Умид узилди. Асаблар янада таранглашди. ...

Телевизорда футбол томоша қилиб ўтирган ўйин ишқибози овоз баландлигидан қониқиш ҳосил қилмади чоғи, бошқарув пультини қўлга олди. Аксига овоз кўтариш кнопкаси ишламай қолди. Пешонаси тиришди. Асабийлаша бошлади... Кнопкани янада қаттиқроқ босди. Кнопга бечора ҳам борича эзилди. Барибир ишламади. Кейин пультнинг орқасини кафтига такрор-такрор урди ва ҳалиги кнопкани яна босди. Натижа бўлмади. Алалоқибат, пультни қоқ “бели” билан кучи борича хонтахтага урди. У синиб, бўлак-бўлак ҳолича сочилиб кетди. “Натижа”ни кўргач футбол кўришдан ҳам хафсаласи пир бўлди. Асаблар янада таранглашди. ...

Сув трубасига нимадир бўлди шекилли, сув унинг жумрагидан яхши оқмай қолди. Махсус каттакон ключни олиб, унинг жағини трубанинг қайрилган қисмидаги уланмага солди. Уёқ-буёққа бураб кўрди. Бўшамади. Асабийлаша бошлади... Ключни баланд кўтариб, унинг муштдек темир бошини пластмасса трубанинг ялонғоч баданига забр билан солди. Труба чўрт синди. Унинг қорнини ёргудек бўлиб соатлаб оққан сув ҳамма томонни кўлга айлантирди. Пастки қаватдаги қўшнилар “дод” солди... Асаблар янада таранглашди. ...

Орадан бироз вақт ўтиб ҳар учала ҳолат “қаҳрамонлари” сўнги қарорларидан пушаймон бўлишди.

Унутманг ва ёдда тутинг!

Ҳакимлар шундай дебдилар:

يترك باللين ما لا يترك بالعنف،

و ما صاحب الرفق أمرا إلا زانه،

Қўпол куч билан ечими топилмаган ишлар оҳисталик билан ечим топади.

Қайсики ишда ОҲИСТАЛИК ва ФАРОСАТ ҳамроҳ бўлса – бу фазилатлар ушбу ишга зийнат ато этади!

 НУРАЛИ Мавланов,
Зангиота тумани бош имом-хатиби 

 

Read 4909 times

Мақолалар

Top