Мақолалар

Қуръоннинг энг аввал ва энг охирги нозил бўлган оятлари

Қуръони карим йигирма уч йил давомида парча-парча ҳолатда нозил бўлди. Тарихчи Ибн Саъд роҳимаҳуллоҳнинг ривоятига кўра Қуръон нозил бўлишининг бошланиши Пайғамбар алайҳиссалом туғилганларининг қирқ биринчи йили, Рамазон ойининг ўн еттинчи душанба кунига тўғри келади. Бу воқеа Ҳиро ғорида содир бўлган эди. Ўшанда Жаброил алайҳиссалом тушиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни уч марта сиқиб қўйиб юборганлари, у кишига: “Ўқинг”, деб буюрганлари, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Мен ўқишни билмайман”, деганлари ва ниҳоят учинчи мартасида:

اقْرَأْ بِاسْمِ رَبِّكَ الَّذِي خَلَقَ خَلَقَ الْإِنْسَانَ مِنْ عَلَقٍ اقْرَأْ وَرَبُّكَ الْأَكْرَمُ الَّذِي عَلَّمَ بِالْقَلَمِ عَلَّمَ الْإِنْسَانَ مَا لَمْ يَعْلَمْ

яъни: Ўқинг (эй, Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан! (У) инсонни лахта қондан яратди. Ўқинг! Раббингиз эса карамлидир. У инсонга қалам билан (ёзишни ҳам) ўргатди. У инсонга билмаган нарсаларини билдирди(Алақ сураси, 1-5-оятлар) деганлигини Имом Буҳорий раҳматуллоҳи алайҳи ўз китоблари бўлмиш “Жомеъ ас-саҳиҳ”нинг “Ваҳийнинг қандай бошланганлиги ҳақидаги боб” қисмида Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилиб келтирганлар. Оиша разияллоҳу анҳо ва жумҳур уламоларнинг сўзларига қараганда юқоридаги бешта оят Қуръоннинг биринчи нозил бўлган оятларидир.

         Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳунинг фикрларича, биринчи нозил бўлган оят:

يَاأَيُّهَا الْمُدَّثِّرُ

яъни: Эй, (либосларига) бурканиб олган киши (Муҳаммад!)(Муддассир сураси, 1-оят)дир. Аммо юқоридаги биринчи фикр тўғрироқ. Чунки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Мен ўқишни билмайман”, деган сўзлари бу воқеадан олдин ҳеч нима ўқимаганликлари, ваҳий нозил бўлмаганлигини равшан кўрсатиб турибди.

Бундан ташқари яна Жобир разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: “Бошимни осмонга кўтариб қарасам тепамда Ҳиро ғорида олдимга келган фаришта турибди. Дарҳол уйимга қайтиб келиб, мени ўраб қўйинглар, устимни беркитиб қўйинглар, дедим. Шунда Аллоҳ таоло: “Эй, либосларига бурканиб олган зот” оятини нозил қилди”. Ушбу ҳадис “Муддассир” сурасини “Иқро” оятидан сўнг нозил бўлганлигига яққол далил бўлади.

Шунинг учун ҳам уламолар Жобир разияллоҳу анҳу билан жумҳур уламоларнинг фикрларини мувофиқлаштириб бир нечта фикрларни айтишган ва бу фикрларнинг барчаси ҳам иккала тоифанинг сўзларини келиштиришга салоҳиятлидир.

  1. “Муддассир” сураси ваҳий келиши тўхтаб қолганидан кейин биринчи бўлиб нозил бўлган сурадир.
  2. “Муддассир” Қуръондаги бошидан охиригача тўлиқ нозил бўлган сураларнинг биринчиси.
  3. “Муддассир” сураси Қуръондаги сураларнинг ичида динга даъват қилишга буюрган сураларнинг биринчиси. Чунки, унда:

قُمْ فَأَنْذِرْ

яъни: Туринг-да, (инсонларни охират тўғрисида) огоҳлантиринг(Муддассир сураси, 2-оят) жумласи бор. Аммо, “Алақ” сурасидаги “ўқинг” сўзи пайғамбарликни тасдиқлашга ишора қилган биринчи сурадир.

Уламолар Қуръоннинг энг охирги нозил бўлган ояти қайси эканлиги ҳақида ихтилоф қилганлар. Бу ихтилофларнинг энг машҳурларини қуйида келтирамиз.

Баъзи уламолар охирги нозил бўлган оят:

الْيَوْمَ أَكْمَلْتُ لَكُمْ دِينَكُمْ وَأَتْمَمْتُ عَلَيْكُمْ نِعْمَتِي وَرَضِيتُ لَكُمُ الْإِسْلَامَ دِينًا

яъни: Ана, энди бугун, динингизни камолига етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун Исломни дин бўлишига рози бўлдим(Моида сураси, 3-оят) деб айтишган. Барро ибн Озиб разияллоҳу анҳунинг сўзларига қараганда, энг охирги нозил бўлган оят “Нисо” сурасидаги “калола” оятидир:

يَسْتَفْتُونَكَ قُلِ اللَّهُ يُفْتِيكُمْ فِي الْكَلَالَةِ إِنِ امْرُؤٌ هَلَكَ لَيْسَ لَهُ وَلَدٌ وَلَهُ أُخْتٌ فَلَهَا نِصْفُ مَا تَرَكَ وَهُوَ يَرِثُهَا إِنْ لَمْ يَكُنْ لَهَا وَلَدٌ فَإِنْ كَانَتَا اثْنَتَيْنِ فَلَهُمَا الثُّلُثَانِ مِمَّا تَرَكَ وَإِنْ كَانُوا إِخْوَةً رِجَالًا وَنِسَاءً فَلِلذَّكَرِ مِثْلُ حَظِّ الْأُنْثَيَيْنِ يُبَيِّنُ اللَّهُ لَكُمْ أَنْ تَضِلُّوا وَاللَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمٌ

яъни: (Эй, Муҳаммад!) Сиздан фатво сўрайдилар. Айтинг: Аллоҳ сизларга отаси ҳам, фарзанди ҳам бўлмаган одам тўғрисида (шундай) фатво беради: агар фарзандсиз бўлган бир эркак ҳалок бўлса (ўлса), агар синглиси (қолган) бўлса, қолдирган мероснинг ярмини олур. Агар синглисининг фарзанди бўлмаса, у (акаси) меросхўр бўлур. Агар (сингиллар) иккита бўлса, уларга (ака) қолдирган нарсанинг учдан иккиси (тегур). Агар (меросхўрлар) ака-ука ва опа-сингиллар бўлса, (ҳар) бир эркакка икки аёл ҳиссаси (берилур). Янглишиб кетмасликларингиз учун Аллоҳ сизларга (мерос ҳукмларини Ўзи) баён этади. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи зотдир(Нисо сураси, 176-оят).

Имом Муслим роҳимаҳуллоҳнинг Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, охирги нозил бўлган оят “Наср” сурасининг оятларидир.

إِذَا جَاءَ نَصْرُ اللَّهِ وَالْفَتْحُ وَرَأَيْتَ النَّاسَ يَدْخُلُونَ فِي دِينِ اللَّهِ أَفْوَاجًا فَسَبِّحْ بِحَمْدِ رَبِّكَ وَاسْتَغْفِرْهُ إِنَّهُ كَانَ تَوَّابًا

яъни: (Эй, Муҳаммад!) Қачонки, Аллоҳнинг нусрати (мадади) ва ғалаба келганида, одамлар тўп-тўп бўлиб, Аллоҳнинг дини (Ислом)га кираётганларини кўрганингизда, дарҳол Раббингизга ҳамд билан тасбеҳ айтинг ва Ундан мағфират сўранг! Зеро, У тавбаларни қабул этувчи зотдир(Наср сураси, 1-3-оятлар).

Бу хусусда энг эътиборга лойиқ сўз Ибн Аббос разияллоҳу анҳунинг яна бир бошқа сўзлари бўлиб, унда энг охирги нозил бўлган оят “Бақара” сурасининг 281-оятидир, деганлар.

وَاتَّقُوا يَوْمًا تُرْجَعُونَ فِيهِ إِلَى اللَّهِ ثُمَّ تُوَفَّى كُلُّ نَفْسٍ مَا كَسَبَتْ وَهُمْ لَا يُظْلَمُونَ

яъни: (Барчангиз) Аллоҳга қайтариладиган кундан (қиёматдан) қўрқингиз! Сўнгра ҳар бир жон (эгаси)га қилган амалларига яраша нарса (мукофот ёки жазо) берилур ва уларга адолатсизлик қилинмас”.

Мана шу гапга биноан Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳнинг Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилган яна бир бошқа сўзларини, яъни “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга энг охирги нозил бўлган оят “рибо” (судхўрлик) (Бақара сураси, 275-оят) оятидир”, деган сўзларини қуйидагича таъвил қилиш лозим. Яъни, бу оят рибо оятларининг энг сўнггисидир. Шунда кўпгина ривоятларда айтилган (Бақара сураси, 281-оят) ояти Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга видолашув ҳажидан сўнг нозил бўлган, деган сўзга мувофиқ келади. Бу оятда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотлари яқинлашганликка ишора қилинган. Ривоятларга қараганда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бу оят нозил бўлганидан кейин тўққиз кеча ёки етти кеча яшаганлар. Бошқа ривоятда эса, йигирма бир кун яшаганлар, дейилган. Бу оят нозил бўлишидан олдинроқ, ташриқ кунларида “Наср” сураси нозил бўлган ва бундан ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг вафотлари яқинлашганлигини тушунганлар.

Аммо, “Моида” сурасининг 3-ояти эса, уламоларнинг иттифоқига кўра видолашув ҳажида Арафа куни, “Наср” сураси ва “Бақара” сурасининг 281-ояти нозил бўлмасидан аввал нозил бўлган. Шунга кўра “Моида” сурасининг 3-оятини энг охирги нозил бўлган оят деб бўлмайди, балки уни диннинг комил бўлганлигини, Аллоҳнинг неъматлари тўла-тўкис берилганлигини баён қилувчи энг сўнгги оят дейиш тўғри бўлади. Ас-Суддий роҳимаҳуллоҳнинг сўзларига биноан бу оятдан кейин ҳалол ва ҳаром ҳукмларни баён қилган ҳеч қандай оят нозил бўлмаган. Аммо, ундан кейин ваъз-насиҳат оятлари нозил бўлишига ҳеч қандай монеълик йўқ, ҳудди “Наср” сураси ва “Бақара” сурасининг 281-оятлари каби.

Аммо “калола” оятига келсак, бу оят “Моида” сурасидаги оятдан олдин нозил бўлган. Унинг ҳақида айтилган гап эса, аҳком оятларидан энг охирги нозил бўлган, деган маънога йўйилади.

Қуръоннинг етти хил қироатда нозил бўлиши

Қуръон етти хил қироатда нозил бўлган эди. Бу ҳақда Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундай сўзлари ворид бўлган:

إِنّ هَذَا الْقُرْآنَ أُنْزِلَ عَلَى سَبْعَةِ أَحْرُفٍ

яъни: “Ушбу Қуръон етти хил қироатда нозил бўлган” (Муттафақун алайҳи).

Уламолар ушбу қироатлардан мурод нима эканлиги ҳақида турли фикрлар билдиришган. Баъзилар: у – етти хил маъно бўлиб, Қуръон оятлари мана шу маънолар билан чамбарчас боғлиқдир. Улар – амр, наҳий, ваъд, ваъид, ибоҳат, иршод, эътибор, дейишган. Баъзи уламолар эса, у – қироат қилишдаги еттита қоидадир. Улар – идғом, изҳор, тафхим, тарқиқ, имола, ишбоъ, мад ва қаср, ташдид ва тахфиф, талйин ва таҳқиқ, дейишган.

Бу масаладаги энг тўғри сўз шундан иборатки, етти хил қироат дегани – араб тилидаги еттита лаҳжа демакдир. Араблар ўртасида энг машҳур ва кенг тарқалган, шунингдек энг ширин лаҳжалар: Қурайш, Ҳузайл, Тамим, Ал-Узд, Робиъа, Ҳавозин, Саъд ибн Бакр лаҳжаларидир. Бу сўзнинг тўғри эканлигини Имом Байҳақий тасдиқлаган, Ибн Атия ҳам шу гапни ихтиёр қилганлар. Тилшунос олимлардан Саълаб, Абу Убайд ва Азҳарийлар ҳам шу гапни айтганлар.

Қуръон етти хил қироатда нозил бўлди, дегани ундаги ҳар бир калима ҳам етти хил қироатда ўқилади, дегани эмас. Балки, Қуръон нозил бўлиш жиҳатидан арабларнинг етти хил лаҳжасидан ташқари чиқмайди, деганидир. Масалан, бир калима Қурайш тилида бўлса, иккинчи калима бошқа қабила тилида бўлади. Чунки, Қуръон оятлари араб тили лаҳжаларининг энг фасоҳатли ва ширин сўзларидан ташкил топгандир, яъни бирорта сўз қайси лаҳжада яхши ифода қилинса, оятда ўша сўз ишлатилгандир. Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ ривоят қилишларича: “Усмон разияллоҳу анҳу Қуръони каримни Мусҳафга кўчириш учун Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳу ва бошқа саҳобаларни тўплаган вақтларида, уларга: Агар Қуръоннинг бирор ояти устида тортишиб қолсаларингиз, у ҳолда уни Қурайш тилида ёзинглар, чунки Қуръон уларнинг тилида нозил бўлгандир”, деганлар.

Энди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Қуръон етти хил лаҳжада нозил бўлган”, деган сўзлари билан Усмон разияллоҳу анҳунинг: “Қуръон Қурайш тилида нозил бўлган”, деган сўзларини қандай тушуниш мумкин? – деган савол туғилади. Бу саволга иккиёқлама жавоб бериш мумкин:

  • Усмон разияллоҳу анҳу Қуръоннинг кўпгина қисми қурайш тилида нозил бўлганлигини назарда тутганлар.
  • Қуръон биринчи галда Қурайш тилида нозил бўлган. Ворид бўлишича, Жаброил алайҳиссалом Қуръонни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга ҳар гал биттадан лаҳжада ўқитар ва шу тариқа етти хил тилда ўргатар эдилар. Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаброил биродарим менга Қуръонни бир қироатда ўқитган. Мен ундан яна ўқитишини сўраганимда, менга бошқа қироатда ўқитди. Шу тариқа етти қироатни ўргатди”, деганлар.

Баъзи калималарни еттитадан ҳам ортиқроқ қироатда ўқилади-ку, дейиш тўғри эмас. Чунки, сўзни еттитадан ортиқ важҳда ўқилиши, қироатнинг кўплигидан эмас, балки у қироат қоидасидаги ҳилма-ҳилликдан (масалан: мад, имола ва ҳоказо) келиб чиқади.

Имом Суютий роҳимаҳуллоҳ юқоридаги гапга эътироз билдириб: Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу билан Ҳишом ибн Ҳакам разияллоҳу анҳу икковлари ҳам Қурайшлик бўлишларига қарамай қироатда келишмовчиликка борганлар. Бундан кўринадики, демак етти хил қироатдан мурод етти хил лаҳжа эмас экан, деганлар.

Бунга жавобан айтиш мумкинки, Қуръоннинг етти лаҳжада нозил бўлди бегани, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон оятларини ўргатаётганларида ҳар бир қабила учун айнан ўша қабиланинг лаҳжасида таълим бермаганлар. Кўпинча Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларида бир нечта қабиланинг кишилари жам бўлишар, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам уларга етти қироатнинг биттасинигина тиловат қилиб берар эдилар. Шунда, ўша ерда ўтирган барча қабила кишилари битта қироатни ёдлаб олар эдилар. Қуръонни битта қироатда ёдлаш учун битта қабила кишилари тўпланишлари шарт эмас. Демак, шунга биноан, Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу Ҳишомнинг эшитмаган қироатларини билишлари мумкин бўлади. Чунки, Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу бу қироатни Ҳишом иштирок этмаган бошқа мажлисда эшитган бўладилар. Улар икковларининг ҳам бир қабиладан бўлишлари бунга монеъ бўла олмайди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раисининг биринчи ўринбосари

Ҳомиджон Ишматбеков

https://t.me/tuhur

Read 4657 times

Мақолалар

Top