Мақолалар

Миллий либос – маданият кўзгуси

Инсон камтарлик билан, одобу ҳаёси чегарасидан чиқмай маромида кийиниши кераклиги Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларида алоҳида таъкидланган. Сарвари олам: “Кийимларингизни дид билан кийинглар, токи одамлар орасида  юзга оро берган  хол мисоли чиройли бўласизлар”, деганлар.

Буюк мутафаккир Алишер Навоий ўзининг таълим-тарбия,  одоб-ахлоққа доир “Ҳайратул аброр” асарида  кишиларни зебу зийнатлар, молу дунё  эмас,  балки ақл-идрок,  шарму ҳаё безайди,  деб айтади.

Миллий кийим  масаласига тўхталадиган бўлсак,  қадимдан инсон қайси миллатга мансуб эканлиги  биринчи навбатда унинг кийимига қараб аниқланган. Ҳар  бир  миллат  ўзига хос кийиниш маданиятига эга. Бизнинг миллий кийимларимиз дунёнинг қай бурчагида бўлмасин ҳар қандай халқнинг ҳавасини келтириб ўзига маҳлиё қилади.

Мамлакатимизда истиқлолнинг биринчи кунларидан  бошлаб миллий ва диний қадриятларимизни қайта тиклаш ва ривожлантиришга катта эътибор қаратилди. Миллий байрамларимиз урф-одатларимиз  қайта тикланди.

Кейинги пайтларда афсуски,  ҳаддан  ташқари  замонавий либосларга берилиб кетган опа-сингилларимиз ҳам оз эмас. Юртимиз бозорларига кириб келаётган тор  ва  очиқ-сочиқ  кийимларни кийиб юриш динимизга  ҳам на шарқона миллий урф-одатларимизга ҳам тўғри келмайди. Барча  амалларимизда талаб қилинадиган меъёр камтарлик орасталик кийинишга ҳам татбиқ этилиши керак.

Чиройимизга чирой,  кўркимизга кўрк қўшадиган миллий либосларимиз қадрини баланд тутайлик.

 

Раъно Қодирова,

Хоразм вилояти бош имом-хатибининг

хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси

Read 8167 times

Мақолалар

Top