Мақолалар

Биродаримизга келган мусибат бизларга ҳам синовдир...

Аллоҳ таоло Ўз каломи Қуръони каримнинг Бақара сураси 155-156 оятларида шундай марҳамат қилади:

“Албатта, сизларни бир оз хавф ва очлик билан, мол-мулкка, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга ҳушхабар бер. Улар ўзларига мусибат етганда: “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз”, – деганлардир”. 

Банда олдида катта масъулият шуки, қийинчиликларини кўтара олиш учун турли синовлардан ўтиш керак. Инсон қийинчиликларда, синовларда тобланади. Ушбу оятда ўша синовлардан базилари саналгандир:

“Албатта, сизларни бир оз хавф ва очлик билан, мол-мулкка, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз”.

Бугунги кунда кўпчилигимизнинг бошимизда бўлиб турган синов бу – оятда таъкидлангани каби жонимизга, саломатлигимизга етган мусибат ва бироз иқтисодий қийинчиликдир. Мазкур икки хавфнинг баравар етиши сабаб кўплаб биродарларимиз оламдан ўтди, Аллоҳ раҳматига олсин.

Аслида мусибатлар хоҳ ўзимизга, хоҳ биродаримизга етсин биз учун синовдир. Чунки, мусулмон ўзи тинч, ҳотиржам ва саломат бўлсаю қўшниси, биродари, қариндоши, ҳамкасби ёки жамоадошлари бемор бўлса, улардан хабар олиши унинг иймонидан даракдир. Зеро, уламолар “мусулмон бефарқ ва лоқайд бўлмайди”, дея таъкидлаганлар.

Аллоҳ таоло бизни кенг ризқли, бадавлат қилиб қўйган бўлсаю, биродаримиз қарздор бўлиб, устига-устак беморлик етиб муолажа учун маблағ топа олмаётган бўлса биз хотиржам ухламаслигимиз керак.

Луқмони Хакимдан сўрадилар: “Одамларнинг энг ярамаси, энг ёмони ким?” У киши айтдилар: “Бепарво ва лоқайд кимсалар”.

Шайх Саъдий айтади: “Магар сен ўзгаларнинг қайғусиға лоқайдлик ила қарасанг, сен инсон деган номға нолойиқсен”. 

Мол-мулк, мансаб, куч-қудрат буларнинг барчаси банда учун омонат ва синовдир. Қиёмат куни бой маблағидан, мансабдор ҳукми ва қароридан, кучли ҳаракатидан албатта сўралади ва уларни қаерга қандай сарфлаганини жавобини беради.

Ислом инсонларни ўзаро меҳр-оқибат ва ғамхўрликка чақиради. Динимиз таълимотларининг энг олға сурган шиорларидан бири бу – инсонпарварликдир.

Афсуски, кўпинча атрофимиздагиларнинг вазияти ва ҳолатини тўғри ва ҳолис баҳоламасдан туриб, кимларнингдир фикри ёки ўзимизнинг тор қаричимиз билан ўлчаб ҳукм чиқариб қўямиз. “Мен ҳақман” деймизу ўзимиз билмаган ҳолда (базан эса қасддан)  одамларга зулм қилиб қўямиз.

Бизга ёқадиган, ўзимиз яхши кўрадиган инсонларга ёрдам қилиб, хушламайдиган биродарлдаримизни четга суриб қўйишимиз, уларнинг мазлум ҳолатга тушишига ҳисса қўшишимиз энг катта мусибатимиздир.   

Мусулмон киши Аллоҳга ибодат қилиш, инсонларга яхшилик қилишлик уни икки дунё саодатига олиб келишини яхши англайди. Унга омонат қилиб берилган ягона фурсати бўлмиш дунё ҳаётида, ҳам дунёсини, ҳам охиратини обод қилишга жидду жаҳд билан ҳаракат қилади. Зеро, мусулмонлар Аллоҳ таоло томонидан шунга буюрилгандир.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло Ўз каломи Қуръони каримнинг Ҳаж сураси 77-оятида шундай марҳамат қилади:

“Эй, иймон келтирганлар! Рукуъ қилинглар, сажда қилинглар ва Роббингизга ибодат қилинглар ҳамда яхшилик қилинглар – шоядки, нажот топсангиз!”

Ҳадиси шарифлардан бирида эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:  “Сизлардан ҳеч бирингиз ўзига яхши кўрган нарсани, биродарига ҳам раво кўрмагунига қадар чин иймонли бўлмайди”.

Инсонлар ва биродарлари хизматида бўлиш, уларга имкон қадар ёрдам қўлини чўзиш ва ҳожатларини раво қилишда доимо саъю-ҳаракатда бўлиш қандай саодат. Бу ҳақда Пайғамабаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб шундай деганлар:    
“Банда модомики биродари ҳожатини раво қилар экан, Аллоҳ таоло унинг ҳожатини осон қилишда давом этади”.

Азизлар бу дунё фоний, ҳеч биримиз дунёга устун бўла олмаймиз. Қўлимиздан келадигани фақатгина яхшилик қилиш ва савоб амалларимизни кўпайтиришдир.

Инсонлар қалбига қувонч ва ҳурсандчилик улашайлик. Зеро, бу каъбани обод қилишлдан кўра ажри улуғ амал ҳисобланади.

 

Саидаброр Умаров

ЎМИ матбуот хизмати

Read 2276 times

Мақолалар

Top