Мақолалар

МИСЛСИЗ (!)  ИЛОҲИЙ МОДДИЙ НЕЪМАТ

Жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадиси шарифларида: “Тўртта дарё – Сирдарё, Амударё, Нил, Евфрат – жаннат дарёларидан," – деганлар. Ер курасида 4та океан, бир неча денгиз ва кўплаб дарёлар бўлсада, планетамизни тўртдан уч қисми сув билан қопланган бўлсада, шулардан фақат тўртта дарёнигина Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам “жаннат дарёларидан” дедилар. Яхши эътибор берсак, мазкур тўртта дарёдан ҳам энг биринчи навбатда Сирдарё ва Амударё дарёларини айтдилар. Демак, бизни юртимиз “жаннатмакон юрт” дейилгани баландпарвоз сўзлар эмас экан! Мазкур тўртта жаннат дарёларидан тенг иккитаси айнан бизни юртимизда эканлиги ҳам – бу Яратганнинг айнан бизнинг юртимизга ўзгача Илоҳий назари билан боққани! Ер юзининг бошқа жойларига нисбатан Аллоҳ таоло айнан бизни юртимизга ўзгача назари билан, ўзгача раҳмат назари билан боққанини яққол белгиси, далили, исботи ва намунаси! Буни онглаб тушуниб етиш учун махсус илм даргоҳларида, катта-катта институтларда ёки ислом университетларида ўқиб, таълим олиш шарт эмас! Бу – осмондаги Ой ва Қуёшдай бутун инсониятга маълум ва машҳур бўлгани каби, дунё халқи учун очиқ-ойдин хақиқатлиги ҳаммага аён!

Ўзи назар қилган, Ўзи ўзгача назар қилган мана шу жаннатмакон диёрни Аллоҳ таоло Ўз Илоҳий назари ва Илоҳий раҳмати ила боқиб, ушбу муқаддас заминимизни инсоннинг ақли ожизлик қиладиган кўпгина беҳисоб неъматлар билан неъматлантириб қўйган. Айнан бизнинг жаннатмакон юртимизга, муқаддас заминимизга, Худо назар қилган диёримизга, жонажон Ўзбекистонимизга Аллоҳ таборака ва таолодан ато этилган бундай неъматларни нафақат инсон зоти, балки ҳеч қандай, хатто охирги моделдаги янги чиққан энг замонавий компьютер ҳам санаб саноғига ета олмайди!

Бундай беҳисоб ва бебаҳо, азиз ва буюк, мислсиз ва беқиёс, тенги йўқ моддий ва маънавий неъматлар ичида биттаси бу – “пахта” деб аталмиш Илоҳий моддий неъмат. Ердан ўниб-ўсиб чиқадиган бошқа наботот-ўсимликлар қатори пахта ҳам, агар Худо хохласа чиқади, бўлмаса йўқ! Шунинг учун ҳам пахта – Худои таолонинг бандаларига берадиган наботот оламидаги мўъжизавий неъматларидан бири. Аллох таолонинг шу мўъжизавий неъматлари ичида энг катталаридан ва энг манфаатлиларидан бири!

Интернет ва  энциклопедик маълумотларга қараганда, фан тилида «Gossypium» деб номланадиган “пахта”ни ер юзида 39 дан ортик ўсимликлари мавжуд. Шулардан олтитасигина планетамизнинг олтита минтақасида ўсади холос. Жаҳон миқёсида етиштирилаётган пахтани 65 фоизини 5 та давлат етказиб беради. Булар – Хитой (4 млн. т), АКШ (4 млн. т.), Ҳиндистон (2,5 млн. т.), Покистон (1,5 млн. т.) ва Ўзбекистон (1,2 млн. т.).  Жаҳон пахтасини қолган 35 фоизини 70 та давлат етказади.

Олимларнинг илмий тадқиқотлари ва жаҳон статистика маълумотларига кўра, пахтадан бугунги кунда инсон ҳаётида даркор бўладиган 100 дан зиёд турли хил навдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Бу маҳсулотларга одам боласини муҳтожлиги эса онасидан туғилишидан аввалроқ бошланиб, вафот этганидан кейинги давр мобайнида бўлар экан! Битта ўсимликдан шунча турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариладиган яна бошқа ўсимлик бу дунёда йўқ экан! Ана! Қандай улуғ ва беқиёс, хақиқатда мўъжизавий (!) неъматни Аллоҳ таоло бизни диёримизга раво кўрган!

Аллоҳ таолонинг инояти ила давлатимиз ва ҳукуматимиз томонларидан оқилона олиб борилаётган хайрли, савобли ишларни амалга ошириш мақсадида вилоятларимиз раҳбарлари ҳамда шаҳар ва туман раҳбарларининг бошчиликларида мустақиллигимизни шарофати билан жаннатмакон юртимизни тинчлиги, муқаддас Ватанимизни равнақи, доно халқимизни фаровонлиги, фарзандларимиз биздан ҳам бахтлироқ бўлишлари учун, болаларимизни келажаги учун беҳисоб-беҳисоб, сон-саноқсиз, катта-катта савобли, хайрли ва олижаноб ишлар бажарилиб келинмоқда. Бу савобли ишларга нафақат бутун дунё ҳамжамияти тан бермокда, балки Ўзбекистондаги бу хайрли ишларни ҳар бир кўзи ожиз инсон ҳам кўрмокда, ҳар бир қулоғи оғир одам ҳам эшитмоқда, ҳар бир ақли заиф банда ҳам моҳиятини онглаб, мазмунини тушуниб, самараларини сезиб, тўла-тўкис ҳис қилмоқда.

“Бирни кўриб шукр қил, бирни кўриб фикр қил” деганларидай ён-атрофларимизга қараб, баъзи давлатларда бўлаётган аҳволларга қараб фикр қилайлик! “Эй, Аллоҳим! Юртимга берилган тинчликка шукр!” деб, тинч ухлаб, эсон-омон уйғонаётганимизга шукр қилайлик! Баъзи давлатларда инсонлар ўзини тинчлигини-омонлигини ўйлаб, жон куйдираётган бир замонда, бизни мамлакатимизда эса жаҳон андозаларидан ҳам устун бўлган ўқув даргоҳлари бизни болаларимиз учун барпо этилаётган бир пайтда, халқаро меъёрларидан қолишмайдиган спорт иншоотлари биз учун қурилаётган бир пайтда, бизда қўша-қўша иморатлар, қатор-қатор уйлар, янгидан-янги мошиналар, ҳашаматли тўйхоналар, дабдабали тўй-маъракалар, келин-куёвга ҳизмат қилаётган чет элларда фақат бойлар минадиган автомобиллар, фарзандларимиз чет элма-чет эл юриб, дунёнинг турли чеккаларида обрўли-нуфузли ўқув даргоҳларида ўқиб турган, қўлларимиздаги дунёда ҳозиргина чиққан энг замонавий телефонлар кундан-кунга ҳаётимизни бойитиб турган бир пайтда, Худои таоло саноқлигина давлатлар қатори бизнинг диёримизга бераётган мўъжизавий пахта неъматини нес-нобут қилмай, териб олмасдан, оёқости қилиб, увол қилсак, ношукрлик ва исрофгарчилик қилган бўлмаймизми?

Ношукрлик ва исрофгарчилик эса Худога хуш келмаслиги ҳар бир ақли расо одамга маълум!

Ўзбекистонни мағрибдан машриқгача айланиб чиқсангиз ҳам, давлатимизни у чеккасидан бу чеккасигача кезиб чиқсангиз ҳам, мамлакатимизни барча шаҳар-қишлоқларини кўриб чиқсангиз ҳам бир нарсага гувоҳ бўласиз – ҳар бир вилоят, ҳар бир туман, ҳар бир шаҳар, ҳар бир қишлоқ, ҳар бир маҳалла, ҳар бир кўчада янгиланиш, чиройли ўзгариш, катта қурилишлар бўлаётганини кўрасиз! Бундай ислоҳотлардан юртимизни бирор жойи ҳам четда қолмаган!

Оқ-қорани танийдиган, фойда-зарарни биладиган, ўнг-чапни пайқайдиган, оғир-енгилни ҳис қиладиган, савоб-гуноҳни ажрата оладиган, катта-кичикни фарқига етиб борадиган, паст-баландни тушунадиган, яхши-ёмонни мазмунини онглайдиган, узоқ-яқинни моҳиятига етиб борадиган ҳар бир ақл-заковатли инсон биладики, Ўзбекистонда бўлаётган бундай улуғвор ишлар ўз-ўзидан бўлмайди! Қисқа давр ичида асрларга тенг, савоби чексиз-чегарасиз бўладиган бунчалик даражадаги улкан ва буюк ишларни амалга ошириш учун кўп нарсалар ичида моддий таъминот ҳам бўлиши даркор.  

Ушбу ниҳоятда масъулиятли, машаққатли ва шарафли, оғир ва савобли, сермаҳсул ва олижаноб иш бўлмиш – халқимизни ризқи, дастурхонимизни кўрки, давлатимизни бойлиги, юртимизни хирмони бўлган Аллоҳ таолонинг мўъжизавий неъмати бўлган «пахта»ни йиғим-теримида жамиятимизнинг барча аъзолари биргаликда, ҳаммамиз ҳам бир тан-бир жон бўлиб, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишимиз зарур. Зеро «Кўп бирикса, тоғ қулар», «Тўпдан чиқсанг хам, кўпдан чиқма», «Кўпдан айрилган озар, кўпга қўшилган ўзар», «Кўпнинг ҳақи етимнинг ҳақидан ёмон», «Кўпчилик бир муштдан урса, ўлдирар, бир бурдадан берса, тўйдирар» деб доно халқимиз бекордан-бекор, бежиз айтмаган.

Энди ҳар биримиз ўз-ўзимизга: “Ўзим яшаб турган юртимни тинчлиги учун, она-Ватанимни равнақи учун, аждодларим ётган муқаддас заминим учун, киндик қоним тўкилган диёрим учун, азиз бўлган эл-халқим учун, фарзандим мендан ҳам бахтлироқ бўлиши учун, боламни келажаги учун мен нима иш қилдим?” – деб савол берайлик.

Доно халқимиз ўзининг пурҳикматли мақолларида «Бекор ўтиргандан бекор ишла!», «Бекорчидан Худо безор!» деб айтишларида ҳам жуда кўп маънолар бор. Зеро, бу улуғ ҳикматлар элнинг эллик минг элагидан ўтказилиб, кейин муомалага қўйилган.

Илоҳо ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам Меҳрибон Парвардигоримиз буюрган, жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам тавсия этган, ўтмишда ўтганларимизни руҳлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд бўладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!

Муҳтарам азизлар! Тинч бўлиб турган юртимизда мусаффо осмонимиз остида яшаётган жаннатмакон диёримизни бойлиги учун, Худони ўзгача Илоҳий назари тушган муқаддас Ватанимизни равнақи ва халқимизни фаровонлиги учун, турмушимизни ободлиги ва кўпчиликни ризқи учун, элимизни мўл ҳирмони ва оиламиз дастурхонини кўрки учун ўз ҳиссамизни қўшайлик! Шу жаннатмакон диёр – муқаддас заминда яшаётган ҳар биримиз, Аллоҳ таоло Ўзбекистонга берган барча беҳисоб ва бетакрор, мислсиз ва беқиёс неъматларидан фойдаланаётган ҳар бир одам боласи ўзини муносиб ҳиссасини қўшиши лозим эканлигини унутмайлик!

 

Иброҳимжон ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари 

Read 2285 times
Tagged under

Мақолалар

Top