Мақолалар

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам  умматининг умумий хусусиятлари

 

Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳурматларидан Ислом умматини мислсиз яхшиликлар билан, бошқа умматларда бўлмаган фазилат ва хусусиятлар билан неъматлантирди. Қуйида бу умматга ато қилинган хусусиятлар билан танишамиз. 

БИРИНЧИ ХУСУСИЯТ 

БУ УММАТДАН ОҒИР МАШАҚҚАТЛАР ОЛИБ ТАШЛАНГАН

 

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Улaр уммий расулга – исми ўзлaридaги Тaврот вa Инжилдa ёзилгaн набийгa эргaшувчилардир. У (пaйғaмбaр) улaрни яxшиликкa буюрaди, ёмонликдaн қaйтaрaди, пок нaрсaлaрни ҳaлол қилиб, нопок нaрсaлaрни улaргa ҳaром қилaди ҳaмдa улaрнинг юклaрини вa устлaридaги кишaнлaрини (қийинчилик) олиб тaшлaйди» (Аъроф сураси, 157-оят).

Ояти каримада зикри келган набий – Муҳаммад алайҳиссаломдирлар. Оятда Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўз умматларига тааллуқли вазифалари ҳақида айтиляпти.

Оят охирида «улaрнинг юклaрини вa устлaридaги кишaнлaрини», дейилган. Ҳаммамизга маълумки, одам елкасига ортмоқлаган юки оғирлашган сари уни кўтаришга тоқати етмай бориб, охири умуман кўтара олмай қолади.

Бошқа умматларга жорий қилинган шариатидаги оғир ҳукмлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳурматларидан бу умматдан олиб ташланган. Масалан, Бану Исроил қавмига бир қатор оғир амаллар ва машаққатли мажбуриятлар юкланган эди. Бу мажбуриятлар бамисоли бўйинга солинган кишандек, уларнинг эркин ҳаракат қилишига йўл қўймас эди. Оятдаги юк ва кишан – бошқа умматларнинг шариатидаги машаққатли ҳукм ва қийинчиликлардир.

Аввалги умматларнинг шариатидаги оғир ва машаққатли амаллардан баъзилари қуйидагилардир:

 

  1. Либоснинг нажосат теккан жойни кесиб ташлаш.

Унга кўра, бирон кийимга нажосат тегса, нажосат теккан жойи кесиб ташлансагина ўша кийим пок ҳисобланган.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматига келсак, шариатимизда бу ҳолатда нажосат устидан сув қуйиб, ўша жойни ювиб қўйиш билан кийим пок бўлаверади. Нажосат сажда қиладиган жойга текканми, кийимгами ёки бадангами, фарқи йўқ – барчасига ҳукм бир хил: пок бўлиши учун ювиб тозаланса кифоя.

 

  1. Ҳайз кўрган аёл билан бир дастурхонда ўтириб овқатланмаслик.

Яҳудий динида аёл киши ҳайз кўрса, у билан бирга ўтириб овқатланилмайди, бирга аралашиб юришга, ҳатто бир уйда туришига йўл қўйилмайди. Ҳайз кўрган аёлларга алоҳида хона ажратиб қўйилади. Имом Муслим ва имом Аҳмад бу ҳақда саҳиҳ ҳадислар ривоят қилишган.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматида эса ҳайз кўрган аёл билан бирга ўтириш, бирга еб-ичиш, бир ётоқда ётиш мубоҳдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайзли аёллар билан жимоъдан, киндикдан тиззагача бўлган жойдан бошқа ҳар қандай мубошарат мумкинлигини айтганлар.

 

  1. Қасддан ёки билмасдан одам ўлдирган кишидан қасос олиш вожиблиги.

Бану Исроил қавмида қасддан ёки адашиб одам ўлдириб қўйган ёки бирон жароҳат етказган одамдан қасос олиш вожиб бўлган. Жабрдийданинг қариндошлари жиноятчини кечириб, ундан товон пули олишга рози бўлиб турса ҳам, барибир жазо ижро қилинган – ўлдирган бўлса, у ҳам ўлдирилган, жароҳат етказган бўлса, унга ҳам худди шундай жароҳат етказилган.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматига эса бундай жиноят учун қасос ёки товон пулидан бирини танлаш ихтиёри берилган. Ўлдирилган кишининг яқин қариндошлари рози бўлса, хун тўлаб, жазодан озод қилиш ҳукми жорий қилинган. Бу ҳукм Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматига берилган улкан енгилликдир.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Эй иймон келтирганлар! Сизларга ўлдирилганлар учун қасос олиш фарз қилинди: ҳур учун ҳур, қул учун қул, аёл учун аёл. Биродари афв этса, хун тўлашга рози бўлинса, (у ҳолда яхшилик билан) бўйсуниш ва хунини яхшилаб тўлаш зарурдир. Бу ҳукм – Роббингиздан енгиллик ва марҳаматдир. Ким шундан кейин ҳам ҳаддидан ошса, унга аламли азоб берилур» (Бақара сураси, 178-оят).

Бу ояти каримадан чиқадиган хулоса шундай: Аллоҳ таоло бу умматга бошқа умматларга бермаган катта бир неъмат ато қилган.

 

  1. Гуноҳ қилган одамнинг тавбаси – ўзини ўзи ўлдириш бўлган.

Мусо алайҳиссалом Робби билан гаплашгани кетганида Бану Исроил бузоққа ибодат қила бошлайди. Мусо алайҳиссалом қайтиб келгач, бу аҳволни кўриб, қаттиқ ғазабланади. Сўнг уларга тавба қилиш йўли баён қилинади. Бу гуноҳнинг тавбаси эса бузоққа сиғинганлари учун ўзини ўзи ўлдириш қилиш эди. Бу ҳодиса ҳақида Қуръони Каримда шундай дейилган: «Роббингизга тавба қилинглар ва ўзларингизни ўлдиринглар» (Бақара сураси, 54-оят).

Бундан ташқари, Бану Исроил шариатида киши гуноҳни қайси аъзоси билан қилса, тавбанинг йўли ўша аъзони кесиб ташлаш бўлган. Мисол учун, ёлғон гапирган одамнинг тили, зино қилганнинг жинсий аъзоси кесилар, бегона аёлга қараб қўйганнинг кўзи ўйиб олинар эди.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматига келсак, Аллоҳ таоло бизга тавба йўлини жуда осон қилиб қўйди. Тавбани бу уммат учун энг улуғ, қадри энг баланд неъмат қилди. Бу ҳол нимада кўринади? Ислом шариатида Аллоҳ таолога чин дилдан тавба қилган одамнинг гуноҳлари кечирилади! Ҳатто Аллоҳ таоло банданинг тавба қилишидан ғоятда хурсанд бўлади, худди боласини йўқотиб қўйиб, кейин топиб олган она хурсанд бўлганидан ҳам ортиқ даражада хурсанд бўлади!

Аллоҳ таоло буни қуйидагича баён қилади: «Кимда-ким бирон ёмон иш қилиб ёки ўз жонига жабр қилиб, сўнг Аллоҳдан мағфират сўраса, Аллоҳнинг қанчалик кечирувчи ва раҳмли эканини идрок этади» (Нисо сураси, 110-оят).

 

  1. Гуноҳкор кишилар шарманда қилинган.

Бану Исроил қавмидан кимдир бирор гуноҳ иш қилса, эрта тонгда унинг эшигига: «Фалончи фалон-фалон гуноҳ ишларни қилди, унинг каффорати мана бундай», деган ёзув пайдо бўлар эди. Бу шармандагарчиликни барча ўтган-кетганлар кўрар эди.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам уммати бундай иқобдан халос қилинди. Аллоҳ таоло бу умматга марҳамат кўрсатиб, бандаларига хато-камчиликларни, гуноҳларни яширишни буюрди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Умматимдан ҳар бирининг гуноҳи кечирилади, лекин гуноҳларини ҳаммага айтиб юрувчилар бундан мустасно. Шундай кимсалар борки, кечаси қандайдир гуноҳ ишни қилиб, эрталаб кўчага чиқиб, одамларга: «Кеча мен тунда фалон-фалон гуноҳларни қилдим», деб мақтаниб, Аллоҳ таоло ҳаммадан беркитган гуноҳни фош қилади» (Имом Бухорий ривоят қилган).

Бу ҳадисда мана шундай кишилар гуноҳи кечириладиганлар сафидан истисно қилиняпти.

 

  1. Аъзолар билан қилмаган, лекин қалбдан ўтказилган ёмон фикри учун ҳам жазо берилган.

Олдинги умматлар нафақат бир гуноҳни қилгани учун, балки ўша гуноҳни кўнглидан ўтказгани учун ҳам гуноҳкор бўлиб, жазога мустаҳиқ бўлар эди.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам уммати бу борада ҳам имтиёзга эга бўлди. Мўмин-мусулмон киши қалбидан ўтказган ёмон фикрларни, шубҳа-гумонларни юзага чиқармаса, гуноҳкор бўлмайди. Бундай ҳолатга тушган мусулмон киши кўнглидан ўтган ёмон ўй-фикр ва шубҳаларни дарров даф қилиши, сўнг истиғфор айтиши ва улар яна хаёлига келиб қолишидан паноҳ сўраб, Аллоҳ таолога илтижо қилиши лозим бўлади.

 

  1. Адашиб ёки унутиб қилиб қўйилган ишларга ҳам жазо тайинланган.

Бану Исроил қавми хато қилиб ёки унутиб бирон гуноҳ қилиб қўйса, бунинг учун дарҳол жазо келар эди. Масалан, бир гуноҳ содир этилган заҳоти уларга қайсидир ичимлик ёки егулик ҳаром қилинар эди.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам уммати эса хато қилиб, адашиб ёки унутиб ёхуд мажбуран қилган ёмон ишларига астойдил тавба қилса, шак-шубҳасиз кечирилади.

 

  1. Байрам кунлари бирон иш билан машғул бўлиш ҳаром қилинган.

Шанба куни Бану Исроил қавми учун байрам қилиб белгиланган эди. Аллоҳ таоло уларга шанбани улуғлашга буюриб, бу кунда ҳеч қандай иш қилмаслик ҳақида ваъда олди. Жумладан, шанба куни балиқ овлаш ҳам тақиқланган эди. Лекин Бану Исроил қавми Аллоҳ таолога берган ваъдасига вафо қилмади – ҳийла-найранг ишлатиб, балиқларни жума куни кечқурун ёпиқ ҳавзага қамаб, якшанба куни овлай бошлашди. Аллоҳ таоло бундай ҳийла учун уларни жазолади: «Орангиздан шанба кунида ҳаддидан ошган кимсаларни билдингиз. Биз уларга «Бадбахт маймунларга айланиб қолинглар!» дедик. Биз бу уқубатни ўша вақт учун ҳам, кейин даврлар учун ҳам ибрат қилдик, тақволилар учун мавъиза (насиҳат) қилдик» (Бақара сураси, 65-66-оятлар).

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматига бундай машаққат ва мажбуриятлар юкланмади. Мусулмонлар ўзларининг байрам кунлари, яъни жума куни намоздан олдин ёки кейин ўзаро муомала-муносабатда бемалол давом этаверишлари, касб-корларини қилаверишлари мумкин. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Эй мўминлар, жума кунидаги намозга азон айтилса, олди-сотдини тарк қилиб, дарҳол Аллоҳнинг зикрига боринглар. Агар билсангиз, мана шу (Аллоҳнинг зикрига, жума намозини ўқишга шошилиш) ўзларингиз учун яхшироқдир. Намоз адо қилингач эса, ер юзи бўйлаб тарқалиб Аллоҳнинг фазлини (ризқ-рўзингизни) истайверинглар. Аллоҳни кўп эсланглар, шояд нажот топсангиз» (Жума сураси, 9-10-оятлар).

 

  1. Вабо (ўлат) ўтган умматлар учун азоб эди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вабо (ўлат) касаллигининг ўтган умматларга азоб қилиб юборилганини айтганлар. Вабо (ўлат) касаллиги Бану Исроил қавмининг бир тоифасига ва бошқа қавмларга юборилган азоб бўлган.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам уммати учун эса бу касаллик раҳмат бўлди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом вабо (ўлат) касаллигидан вафот этганлар шаҳидлар қаторида бўлишини айтганлар.

 

  1. Баъзи таомлар бошқа умматларга ҳаром қилинган.

Аллоҳ таоло Бану Исроилнинг хатолари, зулмлари ва шариатни эрмак қилганлари сабабли уларга бир қанча азоб-уқубат ва жазолар юборган. Жумладан, Аллоҳ таоло уларга баъзи ҳалол таомларни ҳаром қилиб қўйган: «Яҳудий бўлганларга уларнинг зулми, Аллоҳнинг йўлидан кўп тўсганлари учун ўзларига ҳалол қилинган нарсани ҳаром қилдик. Қайтарилган бўлсалар ҳам, рибо олганлари ва одамларнинг мол-мулкиини ботил йўл билан еганлари учундир» (Нисо сураси, 160-161-оятлар).

Аллоҳ таоло уларга ҳаром қилган егуликларнинг турларини баён қилган. Улар – туя, туяқуш, ўрдак, ғоз кабилардир. Шунингдек, Аллоҳ таоло уларга ҳайвонларнинг баъзи ёғларини ҳам ҳаром қилди. Сигир ва қўйларнинг қорин ва белидаги ёғлар (чарвилар) ҳам уларга ҳаром қилинган.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматига эса барча покиза нарсалар ҳалол қилинди, Аллоҳ таоло: «Бугун сизлар учун барча покиза нарсалар ҳалол қилинди» деб марҳамат қилди (Моида сураси 5-оят).

 

  1. Урушда тушган ўлжалар ҳам ҳаром бўлган.

Олдинги қавмларнинг шариатида душманга қарши жангда тушган ўлжаларни олиш ва ўзларича тасарруф қилиш ҳалол бўлмаган. Ўлжаларни бир жойга тўплашар, кейин осмондан бир олов тушиб, уларни ёндириб юборса, буни ушбу жанг Аллоҳнинг наздида қабул бўлганига аломат деб ҳисоблашган. Қуръонда бу ҳақда «токи бизга олов ейдиган бир қурбонликни тақдим қилмагунича...» дейилган (Оли Имрон сураси, 183-оят).

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматига эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳурматларидан жангда тушган ўлжалар ҳалол қилинди. Бу ҳақда Қуръонда шундай марҳамат қилинган: «ўзларингиз ўлжа олган ҳалол-покиза нарсаларни енглар» (Анфол сураси, 69-оят).

 

  1. Олдинги умматларга фақат хос жойлардагина намоз ўқиш мумкин бўлган.

Олдинги умматлар фақатгина махсус ажратилган жойларда – синагога, черков ва ибодатга мўлжалланган бошқа жойлардагина ибодат қилиши мумкин бўлган. Бундан бошқа жойда ибодат қилиш жоиз бўлмаган. Сафардаги одам ибодатхонасига етиб келгунича ибодат вақти ўтиб кетса, етиб келгач, қазосини ўқиган.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Олдинги пайғамбарларнинг бирортаси ўз меҳробига бормагунича намоз ўқий олишмаган», деганлар.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматига эса бутун ер юзи масжид қилиб берилди. Аллоҳ таоло намоз учун бирор жойни алоҳида хослаб қўймади. Шунинг учун биз ер юзининг исталган нуқтасида намоз ўқишимиз мумкин бўлди. Қаер нажосатлардан ва ҳар хил сурату ҳайкаллардан пок ва холи бўлса, ўша жойда намоз ўқиш мумкин.

 

  1. Таҳорат фақат сув билан қилинган.

Олдинги умматларнинг шариатига кўра, таҳоратни фақат сув билан қилиш вожиб бўлган, сувдан бошқа нарса жоиз бўлмаган. Шунинг учун сув топилмаса, ибодат қила олишмаган. Сув топилгунича ибодат вақти ўтиб кетар, сув топилгандан кейин таҳорат олиб, қазосини ўқиб олишар эди.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматига эса бутун ер юзи покиза намозгоҳ қилиб қўйилди. Мабодо сув топилмаса, мўмин-мусулмонлар пок тупроқ билан таяммум қилиб ҳам намоз ўқийверадиган бўлишди...

 

Ушбу қиёсларда Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматига бу дунёда берилган имтиёзлар ҳақида сўз борди.

 

“Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматининг шарафи” китобидан “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси Ойбек Ҳошимов ҳамда Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси

Read 2238 times

Мақолалар

Top