Мақолалар

Ислом шариатининг иккинчи манбаси – Суннат

         Ушбу бобда қуйидаги мавзуларда сўз юритилади;

  • Суннатнинг таърифи,
  • Суннатнинг шариатда ҳужжат эканлиги,
  • Суннатнинг шариатдаги мартабаси. 

 

Суннатнинг таърифи.

Суннат – йўл демакдир (хоҳ у яхши бўлсин, хоҳ ёмон бўлсин). Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

قال رسولُ اللهِ صلَّى اللهُ عليه وسلَّم: «مَنْ سَنَّ فِي الإسلامِ سُنَّةً حسَنةً فله أجرُها، وأجرُ مَنْ عمِل بها مِنْ بعدِه من غيرِ أنْ يَنقُصَ من أجورِهم شيءٌ، ومَنْ سَنَّ في الإسلامِ سُنَّةً سَيِّئةً كان عليه وزرُها ووزرُ من عمِلَ بها من بعدِه من غير أن يَنقُصَ من أوزارِهم شيءٌ»

(رواه مسلم)

яъни: “Кимки Исломда бир яхши суннатни (ишни) йўлга қўйса, унга ана шу суннатни бошлагани учун савоб берилади ва ундан кейин ана шу суннатни қилган кишиларнинг савоблари ҳам берилади. Кимки ёмон бир суннатни йўлга қўйса, унга ана шу суннатни бошлагани учун гуноҳ ёзилади ва ундан кейин ана шу суннатни қилган кишиларнинг гуноҳлари ҳам берилади” (Имом Муслим ривояти).  

Суннат сўзи гоҳида бидъат сўзи муқобилида келтирилади. Бу вақтда унга Қуръон ёки Ҳадис далолат қилишидан қатъий назар умуман шариатда бор нарса назарда тутилади. Бундай маънодаги суннатдан мақсад Пайғамбар алайҳиссалом томонларидан содир бўлган сўз ёки амал ёки тақрирдир.

 

Суннатнинг шариатда ҳужжат эканлиги.

Суннат Қуръоннинг маъно ва ҳақиқатларини очиб берувчи калит эканлигида ихтилоф йўқ. Дарҳақиқат, Қуръон шариат манбаи, у барча нарсаларнинг илмини ўз ичига олган. Бунга ушбу оятлар ҳам далил:

مَا فَرَّطْنَا فِي الْكِتَابِ مِنْ شَيْءٍ

яъни: “Китобда (Лавҳул-Маҳфузда) бирор нарсани (ёзмасдан) қолдирмаганмиз” (Анъом сураси, 38-оят).

وَنَزَّلْنَا عَلَيْكَ الْكِتَابَ تِبْيَانًا لِكُلِّ شَيْءٍ

яъни: “Сизга ҳамма нарсани баён қилиб берувчи Китоб (Қуръон)ни нозил қилдик” (Наҳл сураси, 89-оят).

الْيَوْمَ أَكْمَلْتُ لَكُمْ دِينَكُمْ

яъни: “Ана, энди бугун, динингизни камолига етказдим” (Моида сураси, 3-оят).

Пайғамбарлик мансаби Аллоҳнинг буйруқ ва қайтариқларини етказишдан иборатдир. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилган:

 يَا أَيُّهَا الرَّسُولُ بَلِّغْ مَا أُنْزِلَ إِلَيْكَ مِنْ رَبِّكَ وَإِنْ لَمْ تَفْعَلْ فَمَا بَلَّغْتَ رِسَالَتَهُ

яъни: “Эй, Расул! Раббингиздан Сизга нозил қилинган нарса (оятлар)ни (одамларга) етказинг! Агар (буни) қилмасангиз, Унинг рисолати (топшириғи)ни етказмаган бўлурсиз” (Моида сураси, 67-оят).

وَأَنْزَلْنَا إِلَيْكَ الذِّكْرَ لِتُبَيِّنَ لِلنَّاسِ مَا نُزِّلَ إِلَيْهِمْ وَلَعَلَّهُمْ يَتَفَكَّرُونَ

яъни: “Сизга эса одамларга нозил қилинган (маълумотлар)ни баён (тафсир) қилиб беришингиз учун ва тафаккур қилсинлар, деб бу зикрни (Қуръонни) нозил қилдик” (Наҳл сураси, 44-оят).

Шундан келиб чиқадики, демак суннатга эргашиш вожибдир. Қачонки, биз суннатга амал қилсак, Қуръонга амал қилган бўламиз.

وَمَا يَنْطِقُ عَنِ الْهَوَى إِنْ هُوَ إِلَّا وَحْيٌ يُوحَى

яъни: (У Қуръонни) хомхаёлдан олиб сўзлаётгани ҳам йўқ! У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан) нозил қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир” (Нажм сураси, 3-4-оятлар).

Имом Авзоъий Ҳассон ибн Атиядан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий нозил бўлса Жаброил алайҳиссалом уни тафсир қилиб берадиган суннатни ҳам келтирар эдилар. Пайғамбар алайҳиссаломдан содир бўлаётган гап, феъл ва тақрирнинг ҳар бири ваҳийга асосланар эди.

Баъзи тоифалар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини тарк қилишлари оқибатида адашганлар ва бошқаларни ҳам адаштирганлар. Улар: Қуръонда ҳамма нарсанинг баёни келтирилган, суннатга эҳтиёжимиз йўқ – дейишади. Улар Қуръоннинг ўзи мақсадларига етишлари учун кифоя қилади деб қаттиқ янглишадилар. Айнан мана шу нарса Рофизийлар, Жаҳмийлар ва Хаворижларни аҳли сунна билан ихтилоф қилишларига сабаб бўлди. Масалан, Рофизийлар Нисо сурасининг 11-оятида баён қилинган мерос ҳақидаги оятга ёпишиб олиб, “Биз, пайғамбарлар жамоаси мерос қолдирмаймиз, нимани қолдирса, у садақадир”, деган ҳадисни рад қилишади. Жаҳмийлар эса, Шўро сурасининг 11-оятидаги “Унинг (Аллоҳнинг) мислидек бирор нарса йўқдир” ақидасига асосан Аллоҳнинг сифатларини исбот қилувчи ҳадисларни рад қилишади. Жаворижлар, “Эй, мўминлар! На савдо сотиқ, на ошна оғайничилик ва на шафоат бўлмайдиган кун (қиёмат) келишидан олдин (шу дунёда) сизларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан эҳсон қилинглар!” деган Бақара сурасининг 254-оятини ушлаб, шафоатнинг ҳақлиги ҳақидаги ҳадисларни, шунингдек, кабира гуноҳ қилган мўминларни дўзахдан чиқишлиги ҳақидаги ҳадисларни рад қиладилар.

Дарҳақиқат, Пайғамбар алайҳиссаломга ўзларидан кейин шундай нохуш ҳолатлар бўлишлиги ғайб орқали билдирилиб, саҳиҳ суннатни рад қиладиган кишилар ҳақида салбий фикрлар билдирганлар. Жумладан, шундай деганлар:

أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال يوشك الرجل متكئا على أريكته يحدث بحديث من حديثي فيقول بيننا وبينكم كتاب الله عز وجل ما وجدنا فيه من حلال استحللناه وما وجدنا فيه من حرام حرمناه ألا وإن ما حرم رسول الله صلى الله عليه وسلم مثل ما حرم الله

(رواه ابن ماجة)

яъни: “Яқин кунларда сизлардан бўлган баъзи кишилар ўрнига ёнбошлаб олиб, менинг ҳадисимдан гапириб шундай дейиши бор: “Сизу бизнинг ўртамизда Аллоҳнинг китоби бор, унда нима ҳалол дейилган бўлса уни ҳалол деймиз, нима ҳаром дейилган бўлса уни ҳаром деймиз”. Огоҳ бўлинглар, Расулуллоҳнинг ҳаром қилгани Аллоҳнинг ҳаром қилгани билан тенгдир” (Ибн Можа ривояти).

Ундай тоифаларга Қуръоннинг зоҳирий маънолари билан кифояланишга нима рухсат берди, нега улар пайғамбарликнинг чароғон йўлидан юришмади?! Ҳолбуки, Қуръон ва суннат ҳадисга эргашишга буюрган, унга хилоф йўл тутганларга қарши таҳдид қилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:

وَمَا آَتَاكُمُ الرَّسُولُ فَخُذُوهُ وَمَا نَهَاكُمْ عَنْهُ فَانْتَهُوا

яъни: “Пайғамбар сизларга келтирган нарсани олингиз, у сизларни қайтарган нарсадан қайтингиз” (Ҳашр сураси, 7-оят).

فَلْيَحْذَرِ الَّذِينَ يُخَالِفُونَ عَنْ أَمْرِهِ أَنْ تُصِيبَهُمْ فِتْنَةٌ أَوْ يُصِيبَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ

яъни: “(Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш тутадиган кимсалар ўзларига бирор кулфат етиб қолишидан ёки аламли азоб етиб қолишидан сақлансинлар!” (Нур сураси, 63-оят).

Мазкур оятлар суннатнинг ҳужжат эканлигига ва унга мурожаат қилиш вожиб эканлигига далолат қилади.

 

Суннатнинг шариатдаги мартабаси.

Бу сарлавҳадан суннатнинг ҳужжат қилиниши жиҳатидан Қуръонга нисбатан даражаси назарда тутилмоқда.

Юқорида кўриб ўтганингиздек, суннатнинг ҳужжат эканлигига, унинг шариатда эътиборга олинишига кўпгина оятлар далолат қилади. Энди, шуни билмоқ лозимки, суннатнинг даражаси шариатда Қуръоннинг даражасидан кейин туради. Бунга бир қанча сабаблар бор. Жумладан;

  • Қуръон ҳам жумлатан ва ҳам тафсилан қатъий тарзда собит бўлган. Ҳадис эса, жумлатан қатъий, тафсилан эса, гумоний тарзда собит бўлган.
  • Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳунинг ҳадисларида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам у кишидан: “Нима билан ҳукм қиласан?” - деб сўраганларидан, Аллоҳнинг китоби билан, деб жавоб бердилар. Шундан сўнг: “Агар Қуръонда асос топа олмасангчи?” – деганларида, Расулуллоҳнинг суннатлари билан ҳукм қиламан, деб жавоб берганлар. Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у киши Қози Шурайҳга ёзган мактубларида шундай деганлар: “Аллоҳнинг китобида баён қилинган нарсага қара ва ҳеч кимдан сўраб ўтирмагин. Аллоҳнинг китобида топа олмасанг, унда Расулуллоҳнинг суннатларига эргашгин”.

Бунга ўхшаган гаплар салаф уламоларининг гапларида кўплаб учрайди. Ҳанафий мазҳабида фарз билан вожибнинг ўртасини ажратилиши ҳам Қуръоннинг суннатдан олдинда туришига асосланади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раисининг биринчи ўринбосари

Ҳомиджон Ишматбеков

https://t.me/tuhur

Read 2848 times

Мақолалар

Top