Мақолалар

Ислом жамиятига зарурий сифатлар

الصَّابِرِينَ وَالصَّادِقِينَ وَالْقَانِتِينَ وَالْمُنفِقِينَ وَالْمُسْتَغْفِرِينَ بِالأَسْحَارِ۝

Сабрлилар, ростгўйлар, итоаткорлар, нафақа қилувчилар ва саҳарларда мағфират сўровчилардир.

Ушбу сифатлар Ислом жамияти аъзоларининг ҳар бири учун зарурий сифатлардир. (17-оят).

Сабрлилардан бўлишда машаққатларга чидаш, иймон тақозо қиладиган ишларни амалга ошириш, Аллоҳнинг ҳукмини розилик билан қабул қилиш ва бошқа кўпгина фазилатлар бор.

Ростгўйликда ўзи ишонган ҳақ билан иззатли бўлиш, заифликдан устун туриш маънолари бор.

Аллоҳга итоаткорликда эса Парвардигори оламнинг ҳаққини адо этиш, бандалик вазифасини бажариш маънолари бор.

Нафақа қилувчиликда, мол сарфлашда сахийлик, молга сиғиниш дардларидан халос бўлиш, одамлар ўртасида инсоний биродарлик бурчларини адо этиш маънолари бор.

Саҳарларда мағфират сўровчилик эса энг гўзал ва соф паллада Аллоҳ таолога дардини очиб солишдир.

Мазкур сифатларга эга бўлган одамлар учун барча нозу неъмат, роҳат-фароғат устига Аллоҳ таолодан розилик ҳам бор.

Саҳар чоғида қалб мусаффо, руҳ тинч бўлади, у вақтда бедор бўлишнинг ўзи катта фазл ҳисобланади. Боз устига, у вақтда истиғфор айтиш бандани юксак мартабаларга эриштиради.

Улуғ саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу кечаси намоз ўқиб бўлиб, хизматчиларидан: «Эй Нофеъ, саҳар кирдими?» – деб сўрар эдилар. Агар Нофеъ «Ҳа», – деса, тонг отгунча дуо ва истиғфор билан машғул бўлар эдилар.

Ушбу суранинг аввалидан ҳозирги оятигача Аллоҳнинг тавҳиди – ягоналиги ва Унинг ибодатга сазоворликда, бандалар устидан қоимликда ҳам ягона Ўзи ҳақдор экани, илоҳий китоб ва пайғамбарликларнинг ҳам манбаи бир экани ва бу ҳақиқатларга одамларнинг муносабати ҳақида сўз борди.

 

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

Read 1986 times

Мақолалар

Top