Мақолалар

Ўзбекистон қайси омиллар сабаб “Махсус кузатувдаги давлатлар рўйхати”дан чиқарилди?

Муносабат

  

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳга шукрки, Ўзбекистон тараққиётининг янги даврида Президентимизнинг тинимсиз саъй-ҳаракатлари ва илғор ташаббуслари билан юртимизда дин ва эътиқод эркинлиги борасида жуда катта ишлар амалга оширилди. Ушбу кенг кўламли ислоҳотлар самараси жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинмоқда.

Яна бир юксак эътироф — 2020 йил 7 декабрь куни Америка Қўшма Штатлари Давлат департаменти расмий баёнот бериб, Ўзбекистонни диний эркинликлар соҳасидаги “Махсус кузатувдаги давлатлар рўйхати”дан чиқарилганини эълон қилди. Жумладан, Давлат котиби Майкл Помпео мамлакатимиз эътиқод эркинлигини таъминлаш соҳасида улкан ўсишга эришганини эътироф этди. Ўзбекистон эндиликда дин эркинлиги тўлиқ таъминланадиган мамлакат сифатида баҳоланади.

АҚШ Давлат департаменти қарори Конституциямиз қабул қилинганининг 28 йиллиги арафасида эълон қилингани чуқур рамзий маънога эга. Зеро, Бош қомусимизда Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланиши, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши, демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилиниши белгилаб қўйилган. Мамлакатимизда инсонларнинг  дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг халқаро миқёсда тан олиниши ҳам Конституциямизнинг ҳаётимиздан нақадар мустаҳкам ўрин эгаллаб бораётганини кўрсатади.

Шубҳасиз, бундай юксак эътироф Президентимизнинг қатъий иродаси, билим ва салоҳияти, жасорати, бағрикенглик, адолат тамойилларига асосланган оқилона сиёсати маҳсулидир.

Баёнотда махсус рўйхатдан чиқишда Ўзбекистон тажрибасига юқори баҳо берилди. Жумладан, АҚШ Давлат котиби “Ўтган йил давомида Ўзбекистон ҳукумати томонидан эришилган муҳим, аниқ ютуқларга асосланиб, Ўзбекистон “Махсус кузатувдаги давлатлар рўйхати”дан чиқарилганини эълон қилишдан мамнунман. Ўзбекистоннинг қонунлари ва амалиётдаги жасорати бошқа миллатлар учун намуна бўлмоқда”, деб алоҳида эътироф этди.

АҚШнинг Халқаро диний эркинликлар соҳасидаги махсус топшириқлар бўйича элчиси Сэм Браунбек Давлат котиби қарори Президент Шавкат Мирзиёевнинг эътиқод эркинлигини таъминлаш соҳасидаги мустаҳкам иродаси, унинг бевосита раҳбарлигида амалга оширилган кенг кўламли фаолият, ўзгаришлар ва ислоҳотлар натижаси эканини таъкидлади.

Қайд этиш лозимки, Ўзбекистоннинг дин эркинлигини таъминлашда эришган натижалари тан олиниб, мамлакатимиз 2018 йилда алоҳида хавотирдаги мамлакатлар рўйхатидан чиқарилганди. Ўзбекистонда диний эркинлик борасида амалга оширилган ислоҳотлар туфайли мамлакатимиз 12 йилдан сўнг ушбу рўйхатдан чиқарилиб, “Махсус кузатувдаги давлатлар рўйхати”га ўтказилганди. Мана, икки йил ўтиб, мамлакатимиз мазкур рўйхатдан ҳам чиқарилди. Бу Ўзбекистон учун жуда ҳам катта халқаро эътирофдир.

Ҳақиқатан, мазкур қарор кутилган хушхабар эди. Чунки Ўзбекистонда ҳаётнинг барча жабҳасида улкан ўзгаришлар, тарихий янгиланишлар юз беряпти. Халқаро диний эркинликлар бўйича нуфузли ташкилотлар вакиллари ўтган йилларда Ўзбекистонга қилган ташрифлари чоғида диний эркинликларни таъминлаш, ибодат қилиш учун муносиб шароитларни ҳозирлаш, ислом маърифатини кенг тараннум этиш борасидаги амалий саъй-ҳаракатларга бевосита ўзлари гувоҳ бўлди.

Айниқса, ўз аҳамияти бўйича Ўзбекистон тарихида янги воқелик — минглаб маҳкумларнинг афв этилиши ёки ўтган икки йилдан кўп вақт мобайнида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бир пайтлар экстремистик гуруҳларга алоқаси бор, деб назоратга олинган 20 мингдан зиёд фуқаро “махсус ҳисоблар”дан чиқарилгани кўпчиликнинг эътиборига молик иш бўлди.

Маълумки, Ўзбекистон замини ислом илм-фани ва маданиятининг қадимий бешикларидан бири ҳисобланади. Халқимизнинг бой тарихий, илмий, маънавий меросини ҳар томонлама ўрганиш, жаҳон афкор оммасига кенг таништириш, энг муҳими, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида Президентимиз томонидан бир қатор илғор ташаббуслар илгари сурилди.

Ушбу ташаббуслар замирида “Жаҳолатга қарши — маърифат” шиори мужассам. Шу негизда мамлакатимизда муборак динимизни, буюк аждодларимизнинг бой меросини ўрганиш, тарихий обидаларни асраб-авайлашга катта эътибор қаратилмоқда.

Кейинги даврда Самарқандда — Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ҳадис илми мактаби, Тошкентда — Ислом цивилизацияси маркази, Бухорода — Мир Араб олий мадрасаси, Термизда — Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий ўрта махсус ислом билим юрти муқаддас динимиз маърифатини кенг тарғиб қилишга хизмат қилмоқда. Ақида, калом, ҳадис, фиқҳ ва тасаввуф илми мактаблари ишламоқда. Ўзбекистондаги халқаро Ислом академияси илмий ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш бўйича жадал фаолият юритмоқда.

Шунингдек, масжид-мадрасаларни давлат рўйхатидан ўтказишда бир қатор имтиёз ва енгилликлар берилиши, ҳаж қилувчилар сони 7 мингдан оширилиши, умра сафарига чекланмаган миқдорда зиёратчилар бориши, диний таълим муассасаларида мўмин-мусулмонлар учун “Қуръони карим ва тажвид” курслари ташкил этилиши, юртимиз уламолари халқаро тадбирларда муносиб иштирок этиши кабилар янги даврдаги ишлар бўлди. 

Бундан ташқари, ислом олами билан алоқалар мустаҳкамланиб, мусулмон дунёсининг энг мўътабар уламолари ўлкамизга ташриф буюришди. Айниқса, Миср бош имоми, Азҳари шариф шайхи Аҳмад Тоййибнинг юртимизга ташрифи ва мусулмон дунёсининг энг табаррук уламолари иштирокида ўтказилган халқаро конференциялар диний-маърифий соҳадаги ишларнинг жаҳон ҳамжамиятида кенг тараннум этилишига катта омил бўлди.

Бағрикенглик ва ўзаро ҳамжиҳатлик, маърифат ва барқарорликни таъминлашга қаратилган Ўзбекистон ташаббусларининг халқаро доирада эътироф этилгани, шубҳасиз, бизга янада катта куч-ғайрат ва рағбат бағишлайди.

Аллоҳ таоло мамлакатимизда дин ва эътиқод эркинлиги борасидаги эзгу ишларни янада бардавом айласин, бутун дунёда юртимизнинг мақоми ва нуфузини янада зиёда қилсин. 

 

Усмонхон АЛИМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий.

 

 

Read 2654 times
Tagged under

Мақолалар

Top