Мақолалар

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: Ишорат ангаким, Муҳаммад уммати афзали умамдур ва умматлари орасида хулофойи рошидийн азизу муҳтарамдур (Йигирма еттинчи мавзу)

ОЗ-ОЗ ЎРГАНИБ ДОНО БЎЛУР...

*   *   *

Заҳируддин Муҳаммад Бобур хазиналари

*   *   *

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ

*   *   *

ИЙМОН-ЭЪТИҚОД  КИТОБИ

*   *   *

НАЗМ

Чун Муҳаммад набийлар акмалидур,

Уммати ҳам умамнинг афзалидур.

Уммати ичра кўптур аҳбоби,

Боридин яхши олу асҳоби.

Бор Абу Бакр жумлайи умматқа

Лойиқу яхшироқ хилофатқа.

Бўлди андин кейин халаф Умар,

Бор эди ушбу ишга ул фархор.

Яна Усмон била Алий эрди,

Ушбу тўрт – уммат афзали эрди.

Икиси шайху икиси хатанайн,

Бердилар дин ишига зийнату зайн.

 

(Бу мавзунинг давоми бор)

 

НАСРИЙ БАЁН

Ҳазрати Муҳаммад алайҳиссаломнинг уммати

умматларнинг афзали эканлиги ва ул зотнинг

умматлари орасида хулофойи  рошидийн азиз  ва

муҳтарам эканликлари ҳақида

 

Ҳазрати Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбарларнинг энг мукаммали бўлганлари учун у зотнинг уммати ҳам умматларнинг афзалидир.

 

ИЗОҲ. Бу Қуръони карим оятлари билан собитдир, Оли Имрон сураси, 110-ояти маъноси: “(Эй уммати Муҳаммад! Динингиз сояйи давлатида) сизлар инсонларнинг яхшилиги учун чиқарилган энг яхши бир умматсизлар. (Чунки) яхшиликка буюрурсизлар, ёмонликдан қайтарурсизлар ва Аллоҳга (ҳаққоний) ишонурсизлар”.

 

(Насрий баён.) У зотнинг умматлари ичида севимлилари кўп, лекин ҳаммасидан яхшиси у зотнинг оиласи аҳли ва саҳобаларидирлар (розияллоҳу анҳум).

Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) бутун умматдан яхшидирлар ва халифаликка энг лойиқ зотдирлар.

У зотдан кейин ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу) халифа (ўринбосар) бўлдилар, бу ишга у зот жуда лойиқ ва сазовор эдилар.

 

Яна ҳазрати Усмон билан ҳазрати Али (халифа ва афзал) эдилар. Бу тўрт зот (пайғамбарлардан кейин) умматнинг афзалидирлар.

Иккиталари  (ҳазрати  Абу  Бакр  Сиддиқ  билан  ҳазрати  Умар) шайх – хожа ва улуғ (ҳазрати Расулуллоҳ алайҳиссаломга қайнота) эдилар,  иккиталари  (ҳазрати  Усмон  билан  ҳазрати  Али)  ул зотга куёв эдилар. Улар дин ишига зийнат ва ҳусн бердилар.

 

ИЗОҲ.  Аҳли  суннат  вал-жамоат эътиқоди  шудир:  “Пайғамбарлардан кейин умматнинг афзаллари аввал ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ,  сўнг  ҳазрати  Умар  ал-Форуқ,  сўнг  ҳазрати  Усмон  Зиннурайн, сўнг ҳазрати Али ал-Муртазо розияллоҳу анҳумдирлар. Бу ақийдага ушбу ҳадиси шариф далилдир:

Ҳазрати  Ибн  Умар  розияллоҳу  анҳумо  ривоят  қилдилар:  “Биз жаноби  Расулуллоҳ  соллаллоҳу  алайҳи  ва  салламнинг  замонларида инсонларнинг (чаҳориёрнинг) бирларини иккинчиларидан афзал кўриб, биринчи ўринга ҳазрати Абу Бакрни, иккинчи ўринга ҳазрати Умар ибн  Хаттобни,  учинчи  ўринга  ҳазрати  Усмон  ибн  Аффонни  қўяр эдик” (розияллоҳу анҳум). (“Саҳиҳи Бухорий”, 365.  Яна қаранг: 3698.)

(Бу мавзунинг давоми бор)

 

Насрий баён ва шарҳ муаллифи:

Мирзо КЕНЖАБЕК

Read 1969 times
Tagged under

Мақолалар

Top