Мақолалар

Аёллар ислом нигоҳида

Муқаддас динимиз Исломда барчага бирдек хитоб қилиниб, эркак ва аёлларга тенглик ила муомала қилинган. Ҳақ-ҳуқуқларда бирини бошқасидан устун қўйилмаган. Шунингек, ислом шариати умумий шаклда аниқ мақсадга эришишни кўзлаган бўлиб, у “ҳимоя” деб аталади. Ҳимоя эса турли жабҳаларда, турли шаклларда намоён бўлади. Хусусан, аёлларнинг шаъни, уларга тааллуқли бўлган барча нарса ислом дини асосида ҳимоя этилади. Шу сабабдан ҳам Қуръони карим ва суннати набавийда аёлларга оид ҳақ-ҳуқуқлар, нозик ва дақиқ таърифлар алоҳида эътибор билан келтирилади, адолат,  латофат ва меҳр ила баён қилинади. Шуларни эътиборга олган ҳолда, аёлнинг қиз, рафиқа ва она сифатида умр кечириши ва унинг умр босқичларида эҳтироми ва ҳимоясини кўзда тутган оят ва ҳадисларни этиборингизга ҳавола этамиз. 

Ислом дини аёлларнинг шаънини кўтариб, уларнинг турмуш тарзини гўзаллаштирган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга ўз эрларига итоат қилишни, эркакларга эса жуфти ҳалолларига меҳрибонлик қилишни буюрганлар. Қизларни мажбурлаб эрга бериш, уларнинг молларини ейишни ман қилганлар. Чунки жоҳилият даврида аёллар мерос ололмас, агар бирор кишига қиз фарзанд кўрганининг хабари берилса, ғазабланганидан юзлари қорайиб, бўзариб кетар эди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда уларнинг бу ҳолатини бундай баён қилади:

وَإِذَا بُشِّرَ أَحَدُهُمْ بِالْأُنْثَى ظَلَّ وَجْهُهُ مُسْوَدًّا وَهُوَ كَظِيمٌ  * يَتَوَارَى مِنَ الْقَوْمِ مِنْ سُوءِ مَا بُشِّرَ بِهِ أَيُمْسِكُهُ عَلَى هُونٍ أَمْ يَدُسُّهُ فِي التُّرَابِ أَلَا سَاءَ مَا يَحْكُمُونَ

“Қайси бирларига қиз (кўргани ҳақида) хушхабар берилса, ғазаби келиб, юзлари қорайиб кетади. У (қиз)ни камситган ҳолда, олиб қолиш ёки (тириклай) тупроққа қориш (тўғрисида ўй суриб), ўзига хушхабар берилган нарсанинг «ёмон»лигидан (орият қилиб) одамлардан яшириниб олади. Огоҳ бўлингизки, уларнинг бу ҳукмлари жуда ёмондир (“Наҳл” сураси, 58-59 оятлар).

Қуръони каримда “Нисо” (Аёллар) номи билан алоҳида сура нозил қилинган бўлиб, унда мерос ва аёлларга муомала қилиш ҳукмлари баён этилгани динимизда уларнинг эҳтиром қилинганини кўрсатиб беради.

Аллоҳ таоло “Нисо” сурасида бундай марҳамат қилади:

الرِّجَالُ قَوَّامُونَ عَلَى النِّسَاءِ بِمَا فَضَّلَ اللَّهُ بَعْضَهُمْ عَلَى بَعْضٍ وَبِمَا أَنْفَقُوا مِنْ أَمْوَالِهِمْ فَالصَّالِحَاتُ قَانِتَاتٌ حَافِظَاتٌ لِلْغَيْبِ بِمَا حَفِظَ اللَّهُ وَاللَّاتِي تَخَافُونَ نُشُوزَهُنَّ فَعِظُوهُنَّ وَاهْجُرُوهُنَّ فِي الْمَضَاجِعِ وَاضْرِبُوهُنَّ فَإِنْ أَطَعْنَكُمْ فَلَا تَبْغُوا عَلَيْهِنَّ سَبِيلًا إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلِيًّا كَبِيرًا

“Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир. (Аёллар ичида) солиҳалари – бу (Аллоҳга ва эрига) итоатли, ғойибга Аллоҳ сақлаганича ҳимоятли (яъни, эрларининг сирлари, мулклари ва обрўларини сақловчи)лардир. Хотинларнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга насиҳат қилингиз, сўнгра (бу таъсир қилмаса,) уларни ўринларда (алоқасиз) тарк этингиз, сўнгра (бу ҳам кор қилмаса) уларни (мажруҳ бўлмагудек даражада) урингиз. Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши (бошқача) йўл ахтармангиз. Албатта, Аллоҳ  олий ва улуғ зотдир (“Нисо” сураси, 34-оят).

Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада солиҳа аёлнинг сифатларини баён қилиб, ортидан итоатсизлик содир этган аёлга раҳм-шавқат билан, босқичма-босқич қилиниши керак бўлган муомала услуби ҳақида таълим бермоқда. Бу услуб аввал чиройли панд-насиҳат, сўнгра шунда ҳам итоат қилмаса, ўринларини алоҳида қилиш, бу ҳам кор қилмаса, қаттиқроқ чора – озор бермайдиган даражада таъзир беришга изн берилишидир. Ушбу таълим меҳрибон ва раҳмли бўлган Аллоҳ таоло томонидан аёлларга бўлган иззат-икром намунаси десак, адашмаган бўламиз.

Аёлларга бўлган икромнинг намуналаридан яна бири шуки, ушбу сурада аёллар ва эркаклар лафзларининг тенг миқдорда келтирилганидир. 

Ислом  эркакларга ўз аёллари билан гўзал муомалада бўлишни ва бунда улар учун яхшилик борлиги қуйидагича баён қилади:

 وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ فَإِنْ كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَى أَنْ تَكْرَهُوا شَيْئًا وَيَجْعَلَ اللَّهُ فِيهِ خَيْرًا كَثِيرًا

“Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин” (“Нисо” сураси, 19­ оят).

Шунингдек, динимизда аёллар она сифатида улуғланади. Ислом фарзандларни оналарига чиройли муомалада бўлишга буюриб, бу орқали аёлларни она сифатида улуғлайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримдаги бошқа ўринларга нисбатан ота-онага яхшилик қилиш борасида келган оятларни жуда ҳам чиройли тарзда баён қилган. Жумладан, “Исро” сурасининг 23-оятида:

“Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга «уфф!..» дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!” , – дея амр қилинган.

Бошқа сурада эса:

“Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (битар). (Биз инсонга буюрдикки) «Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Қайтишлик Менинг ҳузуримгадир”, – деб буюрилади (“Луқмон” сураси, 14-оят).

Қуръони каримдаги ота-онага яхшилик қилиш борасида келган яна бир оят қуйидагича марҳамат қилинади:

“Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. Онаси уни (қорнида) қийналиб кўтариб юрган ва уни қийналиб туққандир. Унга ҳомиладорлик ва уни (сутдан) ажратиш (муддати) ўттиз ойдир. Бас, қачонки, у вояга етиб, қирқ ёшга тўлганида: «Эй, Раббим! Менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган солиҳ амални қилишга мени муваффақ этгин ва мен учун зурриётимни ислоҳ эт! Албатта, мен Сенга (гуноҳларимдан) тавба қилдим ва, албатта, мен мусулмонлардандирман», – дейди”(“Аҳқоф “сураси, 15-оят).  

Ушбу ўринда шуни таъкидлаш лозимки, Аллоҳга осий бўлувчи ўринларда уларга итоат қилинмайди. Бу ҳақда бундай марҳамат қилинади:

“Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. (Аммо) агар улар сен билмаган нарсаларни (сохта маъбудаларни) Менга шерик қилишингга зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этмагин! (Барчангиз) Менга қайтурсиз, бас, Мен (ўшанда) сизларга қилиб ўтган амалларингиз хабарини берурман”, – деб марҳамат қилинади (“Анкабут” сураси, 8-оят).

Суннати набавийяда ҳам оналарга яхшилик қилишга доир кўплаб буйруқлар келган бўлиб, баъзиларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

“Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, энг чиройли муомаламга ким ҳақли?”  деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Онанг”, дедилар. У киши: “Сўнг ким?” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Онанг”, дедилар. У киши яна: “Сўнг ким?” деди. Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Онанг”, дедилар. У киши: “Сўнг ким?” деди.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сўнг отанг”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч бора “Онанг”, деб айтишлари Исломда онанинг шаъни нақадар улуғ ва ҳурмат-эҳтиромга лойиқ эканига далолат қилади. Ислом шариатидан бошқа ҳеч бир шариатда онанинг қадри бунчалик баланд қилиб белгиланмаган. 

 Талҳа ибн Муовия Суламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Эй Аллоҳнинг Расули! Мен Аллоҳ йўлида жиҳод қилишни қасд қилдим”, деб айтдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Онанг тирикми?” дедилар. Мен: “Ҳа”, дедим. У Зот алайҳиссалом: “Онангнинг оёқларини ўзингга лозим тут (доим хизматида бўл), чунки жаннат ўша ердадир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).     

 Дарҳақиқат, исломда аёллар рафиқа сифатида улуғланади. Бу борада Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Видолашув ҳажи”да саҳобийларга қарата аёллар ҳақида айтган васиятларини келтириб ўтишимиз жуда ҳам ўринли бўлади: “Аёллар борасида Аллоҳдан қўрқинглар. Чунки сизлар Аллоҳнинг омонати ила уларни қўлга киритдингиз ва Аллоҳнинг калимаси билан уларнинг фаржларини ўзларингизга ҳалол қилиб олдингиз” (Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ алайҳиссалом бошқа бир ҳадисда: “Албатта, аёллар эркакларнинг ярми (шериги, туғишганлари)дир”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифга биноан, Ислом шариати аёлларни ҳар қандай ҳолат ва ишларда эркакларга  шерик қилган десак, тўғри бўлади. Зеро, аёл фарзандларни тарбиялаш, борасидаги хизмати оилани мустаҳкамлаш йўлида ҳам эркакларга ҳамроҳ эканидан далолатдир. Эр-хотин ўзаро иноқ бўлган оиладан суннати набавий кўрсатиб берган йўлга мувофиқ гўзал хонадон пайдо бўлади. Бундай хонадонлар эса жамият биносини барпо қилишда муҳим рол ўйнайди. Шу сабабли ҳам аёл жамиятнинг ярми дейилади. Балки, аёл ярмидан ҳам кўпроқ улушга эга. Зеро, аёл бу – она, рафиқа, қиз ва опа-сингилдир.

Қолаверса, исломда аёллар қиз сифатида улуғланади. Набий алайҳиссалом Исломнинг моҳиятини баён этиб, қизларнинг улуғ мақом соҳибалари эканини таъкидлаганлар. Уларнинг ҳуқуқларини баён қилиб, зиммаларидаги вожибларни кўрсатиб бериш ила жоҳилият даврида урфга айланиб, тарқалиб кетган қабиҳлик – қизларни тириклайин кўмиш муаммосини бартараф қилдилар.  

Оиша розияллоҳу анҳо онамиз айтади: “Бир аёл ўзининг икки қизини етаклаб келиб, улар учун бир нарса сўради. Менда бир дона хурмодан бошқа нарса йўқ эди. Сўнг ўша хурмони аёлга узатдим. Аёл хурмони қизларига бўлиб берди, ўзи эса емади. Кейин туриб чиқиб кетди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб қолдилар. Мен У зотга бўлган воқеани айтиб берим. У Зот:  “Ким бу қизлар учун бирор нарсадан ташвишланиб қайғурса, (шу иши) жаҳаннамдан тўсиқ бўлади”,  – дедилар” (Имом Термизий ривояти).   

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, аёл гўё қалб гавҳари. Аёл борки, олам мунаввар. Она – меҳрибонлик тимсоли! Унга яхшилик қилиш эса  дунёда бахт, охиратда саодатга эришиш сабабларидандир. Шундай экан, онамизнинг нурли юзларига табассум ила боқиб, меҳрибонлик ва оилавий меҳр-муҳаббат асосида ҳаёт кечириш барчамизга насиб этсин!

Жалолиддин Ҳамроқулов

Тошкент ислом институти

“Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири

“Новза” жоме масжиди имом-хатиби

Read 15883 times

Мақолалар

Top