Мақолалар

Ёшларимиз – эртамиз

2021 йил "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш" йили

Ҳар бир жамият ўзининг пойдевори-келажаги бўлмиш ёшлари ҳақида қайғуради, уларнинг илм-маърифатли бўлишида бор имкониятлардан фойдаланади. Ҳақиқатдан ҳам, илм ва таълимга, ёшларга эътибор бўлмас экан, мамлакат ва миллат таназзулга юз тутади. Илмсиз одамлар тубанлашади, жамиятлар хароб бўлади. Шундай экан, ҳар бир юрт фуқароси бу муҳим омилга бепарво бўлмаслиги зарур.

Фарзандлар тарбияси ва уларнинг ахлоқ-одобига ота-она масъул ва жавобгар. Агар фарзанд тарбиясини фақатгина ўқув даргоҳи ва ҳукуматга ташлаб қўйса, ота-она ҳар икки дунёда ҳам жавобгар ва гуноҳкор бўлади.

Фарзандларга тиргак, уларни қўллаб-қувватлагувчи маърифат ёрдамчиси бўлмоғимиз зарур. Бугун ота-она эртанги фаравон ҳаёт учун уларнинг олдидаги ўз бурчларини бажарсин. Фарзандларнинг ахлоқи борасида бугун эътиборни кучайтирмоқлик жуда муҳим эканлигини ҳаёт кўрсатиб турибди. Улуғлардан: "Олдин илм олинадими ёки одобми?" деб сўраганларида, улар: "Одоб", деб жавоб берганлар.

Фарзандларнинг юриш туриши, ғанимат умрини одоб-ахлоққа ва илм-маърифатга йўналтирмоғимиз муҳим. Бу йўлда устоз ва муаллимлар, ота-оналар ва давлат миқёсида бирлашиб ҳамжиҳатликда ишлар олиб борилса, иншааллоҳ эртанги кун эгалари бизлар ният қилгандек бўлиб камол топажаклар.

Гўзал ахлоқли бўлиб улғайган фарзанд илмга ва ҳунарга ҳам эътиборли, вақтини ғанимат биладиган, умрини, ёшлигини омонат эканини англаб етади.

"Адибус-соний" китобида тарбия хақида шундай сўз кетади:  "Тарбияли бола улуғларни ҳурмат ва иззат қилур. Ўзи баробариға яхши муомала қилур ва ўзидан кичикларга шафқат ва марҳамат қилур. Ўзидан рози қилмоққа ҳаракат қилур. Қўлидан келганича бошқа инсонларга ёрдам қилур. Инсонлиққа ярашган ишлардан ўзини тортмас. Ярашмаған ишларнинг яқиниға бормас. Ўзи билмайдирғон ва қўлидан келмайдирғон ишларга аралашмас. Ҳар сўзни вақтиға ва жойига қараб сўзлар. Ўзлариға ва бошқаларға фойдаси тегмайдирғон ишларға қадам қўймас. Тарбиясиз ёмон болаларга қўшулмас. Ота ва онаси, муаллимининг сўзларидан чиқмас. Бировдан яхшилик кўрса эсидан чиқармас. "Миллат" деган сўзни жонидан ортиқ суяр... "

Фарзандларимизни улуғ аждодларимиз қолдирган илмий хазиналар билан камол топтирсак, иншааллоҳ муродимизга етамиз. Юртбошимизнинг боболаримиз қолдирган бебаҳо илмий мерослари ҳақида такрор-такрор гапириши бежиз эмас. У илмий меросларда ҳам Қуръон, ҳам суннат таълимотлари, яна дунёвий илмлар тараққиёти мусажжам.

Аллоҳ таоло фарзандларимизни салоҳиятли, ватанига, халқига муҳаббатли  авлодлар бўлиб камол топмоғини насиб айласин.

 

Абдураҳмон АРТИҚОВ,

Андижон шаҳар "Уйғур" жоме масжиди имом-хатиби.

Read 2176 times
Tagged under

Мақолалар

Top