Мақолалар

Даврий нашримизда: Ғийбат маънавий жиноятдир

Аёл – моҳир уй бекаси, жонкуяр она, яхши мураббий. Унинг меҳри, тарбияси, таълими билан кўплаб олимлар етишиб чиққан. Қуръони каримнинг 35 та сурасида 102 марта “аёллар” сўзи ишлатилган. Суралардан бири Нисо (Аёллар) деб номлангани ҳам бежиз эмас.

Лекин, шунга қарамай, аёллар орасида ғийбат, жиноят, ўз жонига қасд қилиш каби ёмон иллатлар ҳали ҳам учраб турибди. Динимиз муслималарни бир қанча гуноҳ ишлардан қайтарган. Бу гуноҳлар, асосан, тил орқали содир этилади. Уларни бир сўз билан маънавий жиноятчилик деб атаймиз.

Ояти каримада: «…Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар! Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани қабул қилувчи ва раҳмли Зотдир» (Ҳужурот сураси, 12-оят), дейилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «“Ғийбат нима эканини биласизларми?” деб сўрадилар. Саҳобалар: “Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчироқдир”, дейишди. Набий алайҳиссалом: “Биродарингизни унга ёқмайдиган сифати билан эслашингиздир”, дедилар. Улар: “Агар биродаримизда сиз айтган сифат бўлса-чи?” деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар унда сиз айтган сифат бўлса, ғийбат қилган бўласиз. Агар сиз айтган сифат бўлмаса, у ҳолда бўҳтон қилган бўласиз”, дедилар» (Имом Муслим ривояти).

Бошқа бир ҳадисда: “Ё Расулуллоҳ, мусулмонларнинг қайси бири афзал?” деб сўрашди. Расулуллоҳ алайҳиссалом жавоб бердилар: “Тилидан ҳам, қўлидан ҳам мусулмонлар саломат бўлган киши” (Имом Бухорий ривояти).

Демак, сизу биз учун оддий ҳол саналадиган ғийбатнинг қанчалар гуноҳ эканига эътибор беринг-а… Овсинлар жанжаллашиб қолган болаларининг ўртасига тушиб, бисотидаги ёмон сўзларни ишлатса, келинлар қайноналарини беҳурмат қилса, опа-сингил бир-бири билан юлишса…

Ахир, биз ҳақиқий мўмин бўлишимиз учун тилимиз ёки қўлимиз билан ҳеч кимга азият етказмаслигимиз керак-ку. Ҳатто баъзан марҳумларни ҳам ғийбат қилаверамиз. Тириклардан кечирим сўрашимиз мумкиндир, лекин ўтганлардан-чи?

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмон кишига ҳар бир мусулмон кишининг қони, моли ва обрўсини тўкиш ҳаромдир” (Имом Муслим ривояти).

Азиз аёллар, опа-сингиллар! Ҳаётда учрайдиган арзимас қийинчиликларни сабр билан енган инсон кучли саналади. Борига қаноат қилиш, ўзганинг ҳақидан қўрқиш, ўзаро яхшилик қилиш, зарра миқдорича ҳам ёмонлик қилмаслик ҳар бир мўминнинг бурчидир.

Қуръони каримнинг Залзала сураси 7–8-оятларда: “Бас, ким (ҳаёти дунёлик пайтида) зарра мисқолчалик яхшилик қилса, (қиёмат кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисқолчалик ёмонлик қилса, уни ҳам кўрур”, дейилган.

Мўминлар бир-бирларига ойнадир. Шу ойнага доғ туширмаслик керак. Доғ тушса, кетиши қийин бўлади.

Раҳима ИСКАНДАРОВА,

Сирдарё вилояти бош имомхатибининг хотин-қизлар

масалалари бўйича ёрдамчиси

“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 5-сонидан

Read 1709 times

Мақолалар

Top