Мақолалар

Ҳар бир ҳақдорнинг ҳаққини бер

Абу Жуҳайфа Ваҳб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Салмон билан Абу Дардо розияллоҳу анҳумоларни биродар тутинтириб қўйган эдилар.

Бир куни Салмон Форсий розияллоҳу анҳу Абу Дардо розияллоҳу анҳуни кўргани борса, дўстининг аёли Умму Дардо зийнат кийимларини тарк қилиб, иш кийимларини кийиб олибди. “Нима бўлди?” деган эди аёл: “Дўстинг Абу Дардонинг дунёга, яъни аёлларга эҳтиёжи йўқ”, деди.

Бироздан сўнг Абу Дардо розияллоҳу анҳу келди. Меҳмонга таом олиб келинди. Салмон: “Ўзинг ҳам олмайсанми?” деган эди, “Мен рўзаман”, деди. Салмон розияллоҳу анҳу: “Сен емасанг, мен ҳам емайман”, деди. Ярим тунда Абу Дардо розияллоҳу анҳу (таҳажжудга) турмоқчи эди, Салмон: “Ухла”, деди. У бироз ухлаб, яна турмоқчи бўлди. Салмон яна: “Ухла”, деди. Тун охирлаганда Салмон: “Ана энди тур”, деди. Иккови намоз ўқишди.

Эртаси куни кетиш олдидан Салмон розияллоҳу анҳу деди: “Сенда Роббингнинг ҳам ҳаққи бор, нафсингнинг ҳам ҳаққи бор, аҳлингнинг (аёлингнинг) ҳам ҳаққи бор. Ҳар бир ҳақдорга ҳаққини бергин”, деди. У Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келиб, бўлган воқеани сўзлаб берган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Салмон тўғри айтибди”, дедилар (Имом Бухорий ривоят қилган).

 

"Солиҳлар гулшани" китобидан

Read 2057 times

Мақолалар

Top