Мақолалар

Ўзбекистон 2021 йилда сукук қимматли қоғозларини пилот равишда чиқаришни режалаштирмоқда

«Ислом молияси» лойиҳаси муаллифи Хондамир Нусратхўжаев ушбу мавзуда Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директори Отабек Назиров билан суҳбатлашди.
Ислом тижорат ҳуқуқи тамойиллари асосида ишлайдиган инвестицион сукук қимматли қоғозлари – реал иқтисодиётнинг молиялаштириш манбайи ҳисобланади. Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги Ўзбекистон бозорида сукукни жорий этиш учун ҳуқуқий асослар ишлаб чиқиш ва инфратузилма яратиш устида ишламоқда.
Kun.uz хабарига кўра, 2020 йилнинг 12 октябр куни «Ислом молиялаштириш тамойиллари асосида қимматли қоғозларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Сукук тушунчаси нимани англатади?
Ислом молиявий институтларининг бухгалтерлик ҳисоби ва аудити ташкилоти (AAOIFI) таърифига кўра, сукук – бу номинал қиймати тенг бўлган сертификатлар бўлиб, улар маълум бир лойиҳанинг моддий активлари, кўрсатилаётган хизматлар, активларга эгалик ҳуқуқининг бўлинмас улушини тасдиқлайди.
Сукук, қарз мажбуриятларидан фарқли ўлароқ, ажратилган моддий активдаги ёки молиялаштирилган лойиҳадаги улушдир. Унинг даромади, облигациядан фарқли равишда, активлар ва хизматлардан фойдаланиш ёки молиялаштирилаётган лойиҳанинг фойдасидан ҳосил бўлади.
Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директори Отабек Назиров сукук қимматли қоғозларини Ўзбекистон бозорига жорий этиш борасидаги саволларга жавоб берди.
– Сукук бизнинг капитал бозоримизда ўзига хос гибрид инновацион инструмент. Эҳтимол, кўпчилик (вазирлик, идора, Марказий банк, бизнес) учун сукук қимматли қоғозларини чиқариш кутилмаган ташаббус бўлгандир. Мазкур масаланинг тарихи ҳақида гапириб берсангиз. У қандай пайдо бўлди, шахсан ўзингиз бу ғояга нима учун ишондингиз?
– Мен илгари ҳам сукукка дуч келганман. Чунки глобал миқёсда мазкур бозор катта ва у нафақат тарихан мусулмон бўлган мамлакатлар, балки Европа мамлакатлари ва бошқа майдончаларда ҳам мавжуд. Бундан ташқари, Европа тикланиш ва тараққиёт банкида фаолият юритган ва Марказий Осиё минтақаси учун масъул бўлган вақтимда, банкимизнинг салоҳиятли мижозлари мендан ислом молиясини ташкил этиш имконияти ҳақида сўраганлари билан боғлиқ вазиятларга дуч келганман.
Агентликка раҳбарлик қила бошлаганимдан кейин инновацион фонд инструментларини жорий этиш имкониятларини ўргана бошладик. Сукук бизга айнан шундай инструмент бўлиб кўринди. Бунинг бир неча сабаблари бор. Биринчидан, у ислом молияси тамойилларига мос. Бу эса бир вақтлар ислом цивилизациясининг маркази бўлган мамлакатимиз учун муҳим аҳамиятга эга.
Иккинчидан, сукукнинг ўзига хос жиҳати шундаки, у инвестициялардан мақсадли фойдаланишни талаб этади, реал активларни яратиш билан бевосита боғлиқ ва томонлар ўртасида хатарларни адолатли тақсимлаш имконини беради. Шунингдек, унинг гибридлиги шундан иборатки, у тўлиқ улуш ҳам, қарз инструменти ҳам эмас. Унда ҳар икки инструментнинг хусусиятлари ва хатарлари мавжуд.
Мамлакат раҳбарияти сукукни жорий этиш ва бунинг учун норматив-ҳуқуқий базани яратиш ғоясини қўллаб-қувватлади. Шунинг учун биз ташаббус билан халқаро ташкилотларга мурожаат қилдик ва масалани идоралараро муҳокамага қўйдик. Сукук ғояси шу тариқа Ўзбекистонда амалга оширила бошланди.
– Ҳозирги вақтда агентлик капитал бозори тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонуни устида иш олиб боряпти. Мазкур қонунда сукукнинг Ўзбекистон капитал бозоридаги муҳим инструмент сифатидаги ўрни қандай бўлади?
– Биз «Капитал бозори тўғрисида»ги қонуннинг алоҳида бўлимини ислом молияси инструментлари, аниқроғи сукукка бағишлашни режалаштиряпмиз.
«Ислом молиялаштириш тамойиллари асосида қимматли қоғозларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори лойиҳаси тасдиқланганидан кейин сукук пилот келишувларини амалга ошириш учун оралиқ механизмлардан бирига айланади.
– Сукукни чиқариш осон иш эмас ва қонунчиликда жиддий ўзгаришларни талаб қилади. Қонунчиликка киритиладиган бу ўзгаришлар қанчалик қамровга эга бўлади?

– Капитал бозорида умуман янги инструмент бўлган сукук, табиийки, бир қанча тартибга солувчи ва қонунчиликдаги ўзгартиш ва қўшимчаларни талаб этади. Масалан, президент қарорида сукукни пилот равишда чиқариш учун махсус солиқ режими, бенефициар мулк ҳуқуқи, инглиз ҳуқуқи нормаларидан фойдаланиш ва бошқа талаблар назарда тутилган.
2021 йилда сукукни пилот равишда чиқариш ғоясидан кўзланган мақсад – сукукни чиқариш ва муомаласини таъминлаш учун қонунчиликда талаб этиладиган ўзгаришлар кўлами ва бошқа нюансларини тушуниб олишдан иборат.
– Сукукни пилот равишда чиқариш учун президент қарорини тасдиқлаш жараёни ҳозир қайси босқичда? Агентлик турли вазирлик ва идоралар билан қай даражада яқин ҳамкорлик олиб боради, мазкур жараёнга қайси асосий вазирлик ва идоралар жалб этилган?
– Агентлик бир қатор вазирлик ва идоралар билан яқин ҳамкорликда ишлайди. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Марказий банк шулар жумласидан.
Бундан ташқари, сукук тушунчаси ҳақида тўлиқ маълумот олиш, у ҳақида хабардорлик даражасини ошириш, сукук тузилишининг турли вариантлари, шунингдек, сукук ва облигациялар ўртасидаги фарқни тушуниш мақсадида вазирлик ва идоралар ходимлари учун агентлик Ислом тараққиёт банки кўмагида икки кунлик тренинг ташкил этди.
– Президент қарори лойиҳасида сукук қимматли қоғозларини пилот равишда чиқарилишини ташкил этиш 2022 йилнинг 1 июлида якунланиши кераклиги назарда тутилган. Сизнингча, мазкур лойиҳани белгиланган муддатда якунлашга эришиладими?
– Афсуски, пандемия ўз таъсирини кўрсатди ва лойиҳани амалга оширишнинг айрим жараёнларини секинлаштирди. Бироқ бугунги кунда тайёргарлик жараёни табиий равишда ўз тартиби билан давом этмоқда. Айрим вазирлик ва идоралар билан муайян жиҳатларни тасдиқлаш ишлари қолди.
Шуни қайд этишни истардимки, вазирлик ва идоралар мазкур ташаббусни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашмоқда; мамлакатни ривожлантириш учун қимматли қоғозлар бозори, шунингдек, инновацион инструментларни ривожлантириш аҳамиятини яхши тушунишмоқда.
– Яқинда БМТ Тараққиёт дастури (UNDP) республика бўйлаб Ўзбекистонда ислом молиясини ривожлантириш истиқболлари борасида сўровнома ўтказди (7 мингга яқин респондентлар иштирок этди). Респондентларнинг кўпчилиги Ўзбекистонда ислом молияси пайдо бўлишига катта эҳтиёж борлигини таъкидлашди. Аҳолимиз Ислом молиясига нисбатан анчагина ижобий муносабатда экани Ўзбекистонда сукуклар бозорини яратишдаги умумий муваффақиятга қай даражада таъсир қилиши мумкин?
– Халқимизнинг кўп асрлик маданияти ва анъаналари ислом дини билан чамбарчас боғлиқ. Шу жумладан, молия, мулк муносабатлари тамойиллари борасида ҳам. Айнан шунинг учун хам сукук йирик ва ўрта бизнес томонидан ҳам, аҳоли томонидан ҳам қўллаб-қувватланади, деб ҳисоблаймиз.
Бундан ташқари, ислом молиясининг бир қисми сифатида сукук биринчи навбатда ўзига хос аҳлоқий асосларга эга. Шу билан бирга, ундан ҳар ким чекловларсиз фойдаланиши мумкин. Айтганча, сукук чиқаришдаги энг муҳим платформаларнинг кўпи – ғарб юрисдикциялари. Йирик халқаро банклар эса сукук харидорларидир.
– Агентликка қарор лойиҳасини ишлаб чиқишда ким ёрдам берди?
– Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун ҳуқуқий асосни яратишда кўрсатган техник ёрдами, кўмаги ва маслаҳатлари учун БМТ Тараққиёт дастури (UNDP) ва Ислом тараққиёт банкидан миннатдормиз. Улар билан самарали ҳамкорлигимиз давом этишига умид қиламиз.
***
Таъкидланганидек, Ўзбекистон 2021 йилда сукук қимматли қоғозларини пилот равишда чиқаришни режалаштирмоқда. Отабек Назировнинг сўзларига кўра, бу – маҳаллий ва халқаро инвесторлар маблағини жалб этиш, молия бозорини ривожлантириш ва ислоҳотлар жараёнига ёрдам беради.
Отабек Назировнинг ҳисоб-китобларига кўра, зарур норматив-ҳуқуқий база яратилса, давлат ва корпоратив сукукнинг чиқарилиши бир неча йил ичида Ўзбекистон учун 4–5 миллиард долларлик бозорга айланиши мумкин. Бу – сукукнинг хорижий инвестицияларни жалб этиш ва йирик инфратузилма лойиҳалари, давлат-хусусий шериклик ҳамда хусусий сектордаги лойиҳаларни амалга оширишда юқори салоҳиятидан далолат беради.

Хондамир Нусратхўжаев суҳбатлашди.

Read 1769 times

Мақолалар

Top