Мақолалар

Ёшларимиз илму одобли, касб-ҳунарли бўлсинлар!

Барча замонларда ёшларни илм-маърифатли қилиб тарбиялаш ва одоб-ахлоқини яхшилаш катта аҳамият касб этган. Йигит-қизларимизни таълим-тарбияли бўлиб улғайиши, касб-ҳунар эгаллаши учун барчамиз ҳамкорликда иш юритишимиз бугунги тезкор замонга келиб янада долзарб масалага айланди. Шуни инобатга олиб, имом-хатибларимизнинг жойлардаги маҳалла фаоллари, мактаб ва коллеж масъуллари билан елкадош бўлиб ёшлар тарбияси билан шуғулланишлари  жуда ҳам ажойиб натижа бермоқда.

Ўрни келганда эслаб қўймоғимиз жоизки, дини мубийнимиз ёшларнинг одоб-ахлоқли бўлиши, илм олишига алоҳида диққат қаратади. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида:

" لَأَنْ يُؤَدِّبَ الرَّجُلُ وَلَدَهُ خَيْرٌ مِنْ اَنْ يَتَصَدَّقَ بِصَاعٍ " (رواه الترمذى)

яъни: “Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдорда қилган нафл садақасидан яхшироқдир”, деганлар.

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна бир ҳадисларида:

"أدّبوا  أولادكٌمْ وَ أَحْسنُوا آدابَهُمْ"  (رواه مسلم)

яъни: “Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар”, - деб марҳамат қилганлар.

Демак, ҳар бир ота-она ўз фарзанди тарбиясига ҳеч ҳам лоқайд бўлмаслиги лозим. Унинг илм олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун астойдил ҳаракат қилиши керак.

Динимизнинг шу каби таълимотларини доимо ёдида тутган имом-хатибларимиз ўқувчи ёшларнинг мактаб, лицей ва коллежлардаги ўқишга бўлган рағбатларини янада ошириш, ўқув давоматларини яхшилаш ҳамда уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасида бир талай ишларни олиб боришаётир. Жумладан, имом-хатиблар маҳалла фаоллари ва ўқув юртлари масъуллари билан биргаликда давомати паст ёки ижтимоий муаммоси бор бўлган оилаларга бирма-бир кириб, уларнинг дарду ташвишларини енгиллатиш, илмга бўлган иштиёқини ошириш ва моддий-маънавий кўмак бериш ишларини амалга оширишди.

2017 йилнинг 7 февралида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмита ҳамкорлигида “Ёшларни билим олишга тарғиб қилиш юзасидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламоларининг тадбирлар режаси” тасдиқланди. Унда вилоятлардаги ижтимоий муаммоларни ҳал этишда умумтаълим мактаблари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида давомати паст ўқувчиларнинг ота-оналари ва оила аъзоларига тегишли тушунтиришлар бериш борасидаги диний соҳа ходимларининг вазифалари белгиланган.

Мазкур йўналишда имом-хатиблар мутасаддилар билан ҳамкорликда шу кунга қадар (бир ой давомида) республика бўйича 419 нафар ўқувчи ва талабалар билан учрашиб, уларнинг дарсга бормаслик сабабларини ўрганди, зарурий тавсия ва панду насиҳатлар бердилар. Шунингдек, айрим ўқувчиларга ўқув қуроллари, дарсликлар, кийим-кечаклар олиб беришди ва моддий ёрдамлар кўрсатишди. Мана шундай ишлар орқали ўқувчи-талабаларнинг давоматларини яхшилашга эришилди. Бундай хайрли ишлар жадал давом эттирилмоқда. 

Муҳтарам Президентимиз республикамизнинг айрим ҳудудларида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари мавжудлигини ғоят ачиниш билан қайд этдилар. Таассуфки, одамлар ичида илму маърифатдан узоқ баъзи бир кимсаларнинг ҳаёт синовлари қошида сабру матонати етишмай, ўз жонларига қасд қилаётгани кузатилмоқда.

Инсон ўзига берилган барча илоҳий неъматларга доимо шукр қилиб, ҳаётда дуч келадиган ҳар қандай синов, қийинчилик, мусибатларга сабр қилмоғи, Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлиб яшамоғи лозим. Турли шайтоний васваса, тушкунлик ва умидсизликка берилмай, инсон деган улуғ номга мувофиқ иш тутмоғи даркор.

Динимиз таълимотида инсон ўз жонига қасд қилиши қаттиқ қораланади.

 Имом Бухорий Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадиси шарифларини келтирадилар:

“الَّذِي يَخْنُقُ نَفْسَهُ يَخْنُقُها فيِ النَّارِ وَالَّذِي يَطْعَنُ نَفْسَهُ يَطْعَنُها فيِ النَّارِ”

“Ким ўзини-ўзи бўғиб ўлдирса, дўзахда ҳам шу хил азобга қолади ва ким ўзини жароҳатлаб ўлдирса, дўзах оловида ҳам худди шундай азобга қолади”.

Шу ўринда зикр қилиб ўтиш лозимки, айни кунларда Қашқадарё, Тошкент каби вилоятларда турли йўллар ила ўз жонига қасд қилиш воқеалари рўй бермоқда. Айниқса, бундай оғир гуноҳ аёллар ва ёшлар ўртасида кўп содир бўлаётгани жуда ҳам ташвишланарлидир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ўзини-ўзи ўлдиришга қарши кескин чоралар кўришга чақириб, Ўзини-ўзи турли йўллар билан қасддан ўлдиришнинг оғир гуноҳлиги ҳақида”ги фатвосини ҳам эълон қилган эди.

Юқоридагиларни инобатга олиб, бундай гуноҳ ишни бартараф этишнинг чора-тадбирларини кўриш мақсадида, республикадаги барча имом-хатибларга кўрсатмалар йўлланди. Топшириқларни олган имом-хатибларимиз шу йўналишдаги ишларни бошлаб юбордилар. Бугунга қадар имом-хатиблар иштирокида ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш бўйича 101 та тадбир ташкил этилиб, ушбу тадбирларда 9189 нафар аҳоли қамраб олинди.   

Шунингдек, имом-хатибларимиз диний экстремистик оқимлар аъзоларининг оилалари, сохта тариқатчилар, миссионерлар таъсирга тушиб қолганлар билан ҳам юзма-юз суҳбатлар ўтказилиб келмоқда.

Республикамизнинг олис ва чегара ҳудудларида ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштиришга қаратилган тарғибот ва тушунтириш ишлари имом-хатиблар томонидан мунтазам амалга ошириб келинмоқда. Яқинда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Дин ишлари бўйича қўмита билан ҳамкорликда “Сурхондарё вилояти чегара ҳудудлари аҳолиси ўртасида ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштиришга қаратилган тадбирлар режаси” ишлаб чиқди. Тадбирлар режасидаги вазифаларни уламолар ва имом-хатиблар тўлақонли бажаришга киришдилар. 

Ҳозирги таҳликали даврда бир нарсани алоҳида таъкидлаш керакки, ҳар биримиз юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшаб, ён-атрофимизда бўлаётган ҳодисалардан огоҳ бўлиб, аҳоли орасида бундай тинч-омон кунлар қадрига етишни доимо тушунтириб бормоғимиз даркор. Бу борада ҳам имом-домлаларимиз жонбозлик кўрсатиб, жамоатчилик орасида тинчлик неъмати ҳақида сўз юритганда, баъзи давлатларда юз бераётган нотинч­ликлар, у ерларда минглаб бегуноҳ кишилар ва болалар қурбон бўлаётгани, миллионлаб инсонлар ўзга юртларда сарсон кезишга мажбур бўлаётганини айтиб, ҳаётий мисоллар орқали кишиларни огоҳликка чорламоқдалар. Имом-хатиблар жума мавъизалари ва оммавий ахборот воситалари орқали ҳам халқни сергакликка даъват этмоқдалар. Шунингдек, уламоларимиз томонидан ёзилган “Оилада фарзанд тарбияси”, “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” каби ўнлаб асарларнинг мазмун-моҳияти ўқув муассаларида ёшларимизга етказилиши самарали бўлмоқда.

Юқорида қайд этилган масалаларни амалга ошириш мақсадида имом-хатибларимизга қуйидаги долзарб вазифаларни бажариш юкланади:

  1. Имом-хатиблар ёшларнинг илмга бўлган иштиёқини ошириш ва уларнинг моддий эҳтиёжини таъминлаш орқали ўқувчи-талабалар давоматини яхшилаш ишига кўрсатаётган ёрдамларининг кўламини кенгайтирсинлар.
  2. Имом-хатиблар диний экстремистик оқимларга мойиллиги бўлган оилаларга бирма-бир кириб, уларга ақидапараст оқимларнинг нотўғри ва янглиш эътиқодларини Қуръони карим, ҳадиси шариф ва уламоларнинг қувватли далиллари асосида бирма-бир тушунтириш ишларини жадаллаштирсинлар.
  3. Имом-хатиблар ақидапараст оқимларнинг ночор ғоялари халқимиз асрлар давомида эътиқод қилиб келаётган Мотурудия ақидаси ва Ҳанафий мазҳабига мутлақо зид эканини аниқ мисол ва ишончли манбалар асосида халқимизга изоҳлаб тушунтирсинлар. Чет элларда меҳнат сафарида бўлиб келган айрим ёшлар ўша ёқларда адашган гуруҳларнинг алдовларига учган бўлса-ю, юртимизга қайтганидан сўнг “Бу ибодатни бундай қилиш керак, у ибодатни ундай қилиш керак”, деб маҳмадоналик қилсалар имом-хатибларимиз уларнинг заиф даъволарини ўша заҳоти қувватли далиллар билан кўпчиликнинг ўртасида рад этсинлар.
  4. Имом-хатиблар маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда ижтимоий муаммоли оилалар, айниқса, гиёҳвандлик, фолбинлик, ахлоқсизлик ва хурофий одатларга чалғиган кишилар билан алоҳида-алоҳида мулоқот қилиб, бундайларнинг тутган йўллари мутлақо хато эканини оят ва ҳадислар асосида етказсинлар.
  5. Имом-хатиблар инсоннинг ўз жонига қасд қилиши оғир гуноҳ эканини оят-ҳадисларга таянган ҳолда исботлаб, ҳаётий мисоллар орқали аҳолига тушунтирсинлар. Бундай ношаръий ишлар Аллоҳ таолонинг бандаларига берган ҳаёт неъматига ношукрлик эканини батафсил англатиб борсинлар.
  6. Имом-хатиблар кам таъминланган оилалар ҳамда ўқувчи-талабаларга ўқув қуроллари, китоб-дарсликлар ва кийим-кечак олиб бериш каби савоби улуғ ишларга ҳомийларни жалб этсинлар.
  7. Республикамизнинг айрим минтақаларида ҳали ҳам миссионерлик ҳаракатлари кузатилаётганини инобатга олиб, имом-хатиблар бундай таъсирларга тушиб қолишнинг аянчли оқибатларини ҳаётий мисолларда ва ўз динидан воз кечишнинг қандай оғир гуноҳ эканини манбалар асосида аҳолига етказсин.
  8. Имом-хатибларимиз мана шундай ишларни амалга оширишда жамоат ташкилотлари билан, хусусан, Маҳалла фонди, Нуроний жамғармаси, Хотин-қизлар қўмиталари ва мактаб педагоглари билан узвий ҳамкорлик қилсинлар.

Ёшларимизни илму фан ва касбу ҳунарли бўлишлари йўлида давлатимиз томонидан қилинаётган ғамхўрлик билан бирга бу борадаги ота-оналар, нуроний оқсоқоллар, хотин-қизлар қўмиталари, участка нозирлари, маҳалла фаоллари, мактаб масъуллари ва имом-хатибларнинг доимий ҳаракатлари жуда ҳам аҳамиятлидир.

Зеро, Қуръони каримнинг Моида сураси, 2-оятида:

وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ

яъни, “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз”,  дейилган. Бу ояти каримадан яхши ният йўлида ҳамкорлик қилиш улкан савобли иш экани аён бўлади.

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида:

كلكم راع وكلكم مسؤل عن رعيته

яъни: “Ҳар бирингиз раҳбарсиз ва қўл остингиздагиларга масъулсиз, – деб марҳамат қиладилар.

Бу ҳадисдан ота-оналар, қолаверса, ёшлар таълим-тарбияси билан шуғулланишга масъул бўлган кишилар бу ишга жавобгар эканларини қалбдан ҳис қилмоқлари лозимлиги маълум бўлади.

Ўрни келганда бир ривоятни келтириб ўтишни лозим топдим: “Ҳасан Басрий раҳимаҳумуллоҳ ҳамсуҳбатларидан: “Экин пишиб етилганидан сўнг нима қилинади?” деб сўрабдилар. “Ҳосил йиғиб олинади”, деб жавоб беришибди. Шунда Ҳасан Басрий: “Шуни билингларки, гоҳида экин пишиб етилмасидан олдин унга офат-касаллик етиши ҳам мумкин”, деб фарзанд тарбиясига лоқайд бўлишнинг оқибати ёмон эканига ишора қилган эканлар.

Аллоҳ таоло ёшларимизни ҳусни хулқ ва илм-маърифат билан зийнатлаб, уларга яхши тарбия бериш йўлида ғайрат ва шижоат билан меҳнат қилаётган мутасадди кишиларга Яратганнинг Ўзи мададкор бўлсин.

 

Усмонхон АЛИМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари

идораси раиси, муфтий

Read 5861 times

Мақолалар

Top