Мақолалар

Соғлом турмуш тарзида ҳикмат кўп

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Зарар бериш ва зарарланиш (исломда) йўқ дедилар (Имом Ибн Можа ривояти). Шу боис ҳар бир мусулмон киши зарарланишнинг олдини олиш мақсадида бадантарбия билан шуғулланиб, соғлом турмуш тарзига ўтиши лозим бўлади.

Саҳобалардан Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳу айтадилар: “Биз йўлда юриб борардик. Ансорийлардан мусобақаларда ҳеч енгилмаган бир киши: Мадинагача мусобақалашувчи борми? Ким мусобақа қила олади?”, деди. “Ҳурматли кишининг ҳурмати, шарафлининг шарафини риоя қилмайсанми?”, дедим. “Фақатгина Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламни”, деди. “Ё Аллоҳнинг расули, ота-онам сизга фидо бўлсин! Қўйиб беринг, шу одам билан мусобақалашай”, дедим. “Ҳоҳишинг бўлса, майли”, дедилар у зот. Мадинига ундан аввал етиб бордим”. Ушбу ривоятда бадантарбияга, жисмоний мусобақаларга қизиқтириш ва шу орқали соғлом турмуш тарзига чақириқ бор.

 Машҳур табиб Абу Али Ибн Сино: “Бадантарбия билан мунтазам шуғулланган инсон ҳеч қандай дори-дармонга муҳтож бўлмайди”, деган.

Шу йил 30 октябрь куни Юртбошимиз “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Бундан жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиш ҳамда соғлом турмуш тарзи бўйича ҳаётий кўникмаларни шакллантириш орқали ҳар бир фуқарода касалликка қарши кучли иммун тизими пайдо бўлишини таъминлаш, зарарли одатлардан воз кечиш, тўғри овқатланиш тамойилларига амал қилиш, тиклаш ва реабилитация ишлари ҳамда оммавий жисмоний фаоллик тадбирларини тизимли ва самарали ташкил қилиш, бу борада тегишли инфратузилма ва бошқа зарур шарт-шароитларни яратиш мақсад қилинган.

Пандемия даврида кўпчилигикнинг жисмоний саломатлиги, соғлом ҳаёт даражамиз заиф эканлиги сезилди. Айни даврда ушбу фармон кучга киргани муҳим аҳамият касб этди. Азиз юртдошларимизни ҳозирда мамлакатимизда оммавий тарзда ўтказилаётган юриш, югуриш, велоспорт машғулотларида фаол иштирок этишга чақириб қоламан.

Аллоҳ таоло юртимизни тинч, халқимизни ҳифзи ҳимоясида асрасин, ўзимизни ислоҳ қилиб, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйишимизда куч-қувват ато этсин! 

Абдуллахон МИРЗАЕВ,

Денов туманидаги
“Муҳаммадқул” жоме масжиди имом-хатиби

Read 2002 times

Мақолалар

Top