Мақолалар

"Тўйлардаги исрофдан кўра, пулларни фарзандларнинг илм олишларига сарфлайлик"

Ўзбекистонликлар топган пулини энди дабдабали тўй ўтказишга эмас, фарзандининг илм олишига сарфлаши мақсадга мувофиқдир. Бу ҳақда Ўзбекистон маданият вазири, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков «Дарё» мухбири билан суҳбатда айтиб ўтди.
Пандемия даврида жорий этилган карантин чоралари доирасида Ўзбекистонда тўй-маросимларни меҳмонлар сони чекланган ҳолда — 30 киши билан ўтказиш тартиби йўлга қўйилди. Ушбу тартибга тўлақонли амал қилинмаётган (ва унга амал қилиниши устидан тўлақонли назорат ҳам йўқ) бўлса-да, умуман олганда, жамоатчилик тўйларнинг кўлами, унга кетадиган сарф-харажат бир қадар қисқарганидан мамнун.
Вазир Озодбек Назарбеков ҳам тўйларнинг ихчамлашганини фуқаро сифатида қўллаб-қувватлашини билдирди.
«Катта-катта тўйхоналар кафе ёки ресторанга айлантирилиб, фаолиятини бемалол давом эттирса ҳам бўлади. Шахсан мен фуқаро сифатида ихчам тўйларни қўллаб-қувватлайман. Чунки ўзим бу соҳада анча вақт юрганман, жуда кўп ҳолатларда одамларга раҳмим келган. Беш йил Россияда юриб, қора меҳнат қилиб, ўша ерда касал орттириб, лекин топганини бир кунлик тўйда йўқ қилиш ва ишлагани яна хорижга кетиш ҳолатларига шахсан гувоҳ бўлганман. Халқимиз орасида катта тўй қилиш бир мажбуриятдек қабул қилиниб, аллақачон шаклланиб бўлган. Ақлан олиб қаралса, бу мажбурият эмас. Қурби етмаса ҳам қарз олиб, дабдабали тўй қилгандан кўра, одамлар топган пулини фарзандларини ўқитишга, илм олишига ва шу каби нарсаларга йўналтирса, ўйлайманки, ўзлари учун ҳам, жамиятимиз учун ҳам фойдали бўлади. Миллий ғояни шакллантириш биргина давлатнинг ўзини қўлидан келмайди. Миллий ғояни халқ, аниқроғи, давлат ва жамият биргаликда шакллантиради. Бунинг учун эса фақатгина илм олишимиз керак, назаримда. Роса ўйнаб-кулдик, катта-катта тўйлар қилдик, тўйларимизда ҳатто вертолёт ҳам ишлатиб кўрдик — ҳамма нарса қилиб кўрдик. Бизда қилинган тўйларни дунёда ҳали ҳеч ким қилгани йўқ, энг юқориларини ҳам қилдик. Бундан буёғига фақат дабдабали тўй ўтказишга эмас, балки илм-фанга кўпроқ аҳамият берсак, халқимиз ҳам буни тўғри тушуниб, топган ортиқча сармоясини фарзандининг илми учун сарфласа, менимча, тўғри бўлади», - деди Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1989 times

Мақолалар

Top