Мақолалар

Ниқоб таққан устоз ким эди?

Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Сунани Термизий” асарларига Ҳабибур Роҳман Ал-Хойрободий ҳазратлари “Мискуш шазий” номли шарҳ битмишлар. Ҳазрат ушбу китобларида бир ҳадисни шарҳлаб, қизиқ ва ибратларга тўла бир воқеани келтирадилар. Ўша ибратли воқеани сизларга ҳам айтиб бергим келди...

“Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Имомдан илгари бошини кўтаргувчи киши Аллоҳ унинг бошини эшакнинг бошига ўхшатиб қўйишидан қўрқмайдими?!” (Ҳасан-Саҳиҳ ҳадис).

Ушбу ҳадисни шарҳлаб Ҳазрат қуйидагиларни айтадилар: “Баъзи муҳаддислар ҳикоя қилиб берадилар. Улардан бири ҳадис илмида донғи ва шуҳрати овоза бўлган бир шайхнинг ҳузурига Дамашққа қараб йўл олади. Шайхнинг даргоҳига етгач, унинг талабаси бўлиш бахтига эришади. Талабалик вақтларида ҳадисларни мукаммал тарзда ўрганиб, шайхнинг “ҳадис мактаби”ни битириб чиқади.

Шунча йиллар ўтса ҳамки, шогирд бирор марта устозининг юзини кўрмаган, чунки устози ниқоб тутиб юрар эди. Ҳеч ким уни юзини кўролмасди. Бояги шогирд бошқа толиби илмларга қараганда устозига ўзини жуда яқин тутар, хизматини ҳам қилар, унга қаттиқ ихлос кўрсатар эди. Унинг самимий муносабати ва ҳадис ўрганишга кучли иштиёқини кўрган устоз қадрли шогирдига бир кун ўз сирини очди – юзидан ниқобини тортди. Не кўз билан кўрсинки, устозининг юзи эшакнинг юзига ўхшаб турар эди. (Аллоҳу Акбар!) Устоз сўзлади: “Эй, ўғлим, сен менинг ҳолимга тушиб қолмаслик учун мен қилган хатони қила кўрмагин! Мен “Имомдан илгари бош кўтармаслик” ҳақидаги ҳадисни ўқиганимда, имомдан олдинга ўтиб кетувчининг оқибати ҳақиқатда шунақа бўлармикин, дея ишонқирамай қарадим ва намоздаги амалларда имомдан олдинга ўтиб кеттим. Мана, кўриб турганингдек, юзим шу ҳолга келиб қолди”. Устозини диққат билан тинглаган софдил шогирд Аллоҳга дуо қилди ва унга шифо тилади. Аллоҳ таоло шогирднинг устозига қилган дуосини ижобат айлади – шайх яна асл ҳолига қайтди”... (Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ!)

Ушбу ҳадис ва унинг ажиб шарҳида бир қанча ибратлар бор.

Жанобимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг ҳақ ва ростгўй Пайғамбаридирлар. Ҳеч қачон ҳавои нафсдан сўзламайдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларига асло шак қилиб бўлмас. Ишонмаслик ва тажриба қилиб кўриш оқибати эса юқоридаги шайх қиссасида ўтди.

Энди тасаввур қилинг-а, кимнингдир бошига ушбу шайхнинг ҳолатидек кулфат тушса, дейлик бирортамиз шу имтиҳонга дучор бўлсак, нима қилар эдик?! Қилаётган касбимиз, олаётган илмимиз ҳам кўзимизга кўринмай, дод солиб, йиғлаб, ҳолатимиздан ўтакамиз ёрилиб, телба бўлиб қолсак керак?! (Аллоҳ сақласин!) Хўш, шайх қандай йўл тутган эди? Аввало шайх хато қилганини англади ва дарҳол тавба қилди.

Сўнгра, ўзини йўқотмади. Аллоҳдан яхши гумонда бўлди. Хунук юзига ниқоб тортиб бўлсада, яна ўз ишини давом эттирди. Тарки дунё қилмади. Чунки у Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари, уларни ўрганиш ва ўргатиш шарафини англаган, бунинг учун бутун умрни сарф этишни мақсад қилганди. Шу ҳолида бўлса ҳам таълимни давом эттирди. Сирини, дардини бировга билдирмади. Биргина хатосини дея, ортга қайтмади. Яхши ҳамки ортга қайтмагани ва Аллоҳдан яхши гумонда бўлгани! Аллоҳ таоло унга самимий ва мухлис бир шогирдни рўбаро этди. Агар ўз ҳолидан уялиб илмни ташлаб кетганида, балки ҳеч қачон бу йигитни учратмас, мустажоб дуосига эришмас эди. Қилинган хатоларга тавба қилиш, Ҳақ таолодан яхши гумонда бўлиш ҳамда илм учун умрни бахшида этиш кишининг яхшилик устида эканлигига бир белгидир.

Яна ўйлаб кўрайлик, биз ихлос қилган устозимиз, дейлик бирор домламиз қандайдир хато қилса, ҳаётда, оиласида биз ўйлагандек бўлиб чиқмаса, нима деймиз? Тахминан қуйидагича: “Суф-е, ҳали шу одамга эргашиб, гапини тинглаб юрибман-ми? Оддий одамлардан фарқи йўғакан. Яна домла эмиш...” дея хафсаламиз пир бўлади. Ихлосимиз ўша ондаёқ сўнади.

Не самимиятким, юқоридаги ҳадис толиби Дамашққа сафар этди. Узоқ йиллар бир шайхнинг этагидан тутди. Тахминан биз ўқийдиган ўрта ва олий таълимни устозининг даргоҳида тамомлади. Битирувдан кейин ҳам ёнида анча йиллар қолиб кетди. Шунча муддат устозидан: “Нега ниқоб тақиб олдингиз?” деб сўраб ҳам кўрмади. Сабабини билиш учун пайт ҳам пойламади. Устоз айтмагунча, билишга интилмади. Шайх ниқобини ечгач, шунча йил ёнида юргани бир “эшак нусха” бўлсада, уни тарк этмади ва ихлосини қўлдан бой бермади. Аксинча, Аллоҳга муножаат айлаб, устозининг ҳақига дуо қилди. Шайхнинг бу содиқ шогирди аслида илм ва ҳадис талабида устозига муҳаббатли эди. Кимдан эмас, нимани ўрганаётганига аҳамият берар эди.

Ҳақиқий шогирдлар шундай бўлса керак: устозининг бору йўғни, каму кўстини қабул қилиб, унинг ҳаққига дуо қилади. Мукаммалик кутмайди. Ўрганган илмига амал қилади. Муаллимнинг таълимини қадрлайди. Ўзи айтишни хоҳламаган сирларини сўрамайди, бировлардан билишга интилмайди. Мақсад – илм ўрганиш, устоз ёки имомни ўрганиш эмас!

Бу дунёда илм олиш ва уни таълим беришдан кўра шарафли вазифа бўлмаса керак. Айниқса, Аллоҳнинг каломи ва Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ҳамда уларга алоқадор барча илмларнинг қадри ва фазли жуда баланддир. Буни муаллимлар ҳам, толиби илмлар ҳам тенг англашлари, Аллоҳ қўйган мақомларидан юз ўгирмасликлари, шу ўринга муносиб бўлишлари, илм бериш ва олиш машаққатига сабр қилишлари, устоз ва шогирд фақатгина Аллоҳ ризоси учун муҳаббат қилишлари даркор.

Аллоҳим, бизни илм йўлида яшайдиган холис қулларингдан айла! Хайрли илм ва солиҳ устозлар ила неъматлантиргин...

Нилуфар САИДАКБАРОВА,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси.

 

Read 1790 times

Мақолалар

Top