Мақолалар

Уколни ихтиро қилган, биринчи тиш шифокори ва саратонни илк бор жарроҳлик йўли билан даволаган мусулмон олимини биласизми?

Абулқосим Заҳровий дорини беморнинг қонига аралаштириб (томирдан) юборилса, унинг таъсири тез бўлишини тажрибалар орқали кашф қилди. Шунинг учун у киши ҳозирги кунимизгача ишлатиб келинаётган тиббий шприц- уколнинг ихтирочиси саналади.

Бу зот ўша даврда Андалусияда энг буюк жарроҳ дея танилган. Шу сабабдан уни «замонавий хирургиянинг отаси» деб ҳам сифатлашади. Унинг қаламига мансуб улкан қомусий қўлланма «Ат-Тасриф лиман ъажаза ъанит таълиф» китоби бўлиб, ўттиз жилддан иборатдир.

Мусулмон тиббиёт олими Абулқосим Заҳровий тарихдаги биринчи стоматолог - тиш жарроҳи ҳам эканини биласизми?

Ушбу олим тиш жароҳати учун махсус ускуналарни ихтиро қилган. Ундан ташқари тишни текисловчи ускунани ҳам ясаган. У тиш текислашда тилла ва кумуш иплардан фойдаланган.

Ўзи таълиф этган китобида тишни суғуриш, милк остидаги синган илдизни суғуриш ҳақида тўхталган. У оғиз, милк ва тишга етадиган касалликлар муолажаси ҳақида ҳам бир фасл ёзган.

Ундан ташқари, Абулқосим Заҳровий тарихда биринчи бўлиб, кўкрак бези саратонини жарроҳлик йўли билан даволаган. У 200 дан ортиқ жарроҳлик асбобларни ихтиро қилган олим ҳисобланади. У саратонни бошланғич даврида тўлиғича олиб ташлаш имкони бўлса, даволаш мумкин дейди.

Олим Испаниянинг Мадинатуз Заҳро шаҳрида 936-мелодий сана туғилиб, 1013-мелодий санада Қуртуба шаҳрида вафот этган. X – XI асрларда яшаб ижод қилган. Европада уни «Абулькасис - Al-Zahrawi Albucasis» деб номлашган.

Бобур Аҳмад тайёрлади

Read 2086 times

Мақолалар

Top