Мақолалар

Бахтимиз маҳоратимизга боғлиқ

Фарзандлар яхши тарбия кўриб улғайса, ота-она роҳат-фароғатда яшайди. Чунки инсон умрининг бахтли ёки бахтсиз кечиши унинг бола тарбиясидаги маҳоратига боғлиқ бўлади. Тажрибадан биламизки, болаларига чиройли тарбия берган оилалар тинч-хотиржам яшайди. Бунинг аксини қилган хонадонларда эса мудом бақир-чақир, жанжал-сўрон бўлади. Энг хатарли жиҳати, боласига динни, шариатни танитмаган одамга бу дунёдаги азоб кам ва у дунёда ҳам азоб чекади.

Шундай экан, фарзандини Аллоҳ таоло амр этган йўлдан олиб юриш ҳар бир ақли бутун мусулмоннинг бурчидир. Илло, ана шу йўлдагина икки олам саодати бор. Ақли салим инсонлар Аллоҳга яқинлаштирадиган йўл қийинроқдек кўрингани билан ўша йўлни танлайди ва шайтоннинг ёмонликларидан Унга сиғинади.

Хўш, гўзал ахлоқ билан хулқланган авлодни вояга етказиш учун нималарга эътибор қилишимиз керак?

Бу иш келин, яъни бўлажак фарзандга она танлашдан бошланади. Бўлажак рафиқамиз динни, исломни, таниган, иймонли, эътиқодли оила фарзанди бўлгани дуруст. Пайғамбар алайҳиссалом ҳадиси шарифларида: “Аёл танлаганда тўрт нарсага эътибор қаратилади: бойлигига, насабига, чиройига ва тақвосига. Сен улардан диндорини танла...” (Бухорий ва Муслим ривояти), деб марҳамат қилдилар. Ҳатто тақводор инсонга учрашиб унга ўзининг қизини бермоқчи эканини ишора қилиб ҳам қўйиш мумкин экан. Айниқса, ота-оналар қизларини турмушга бериш масаласига жуда катта масъулият билан ёндашмоқлари керак. Чунки қиз бола меҳрга муҳтож  нозик хилқат ҳисобланади.

Тўй тантанаси шариат кўрсатган талаблардан чиқиб кетмаслиги керак. Тўйга тўғри тилакли, камбағал кишилар таклиф қилинса, яхши бўлади. Бунда ҳам тўй аён қилинади, ҳам камбағалларнинг қорнини тўйдириб дуоси олинади.  

Келин-куёв яқинлик қилишдан олдин Пайғамбар алайҳиссалом ўргатган мана бу дуони ўқийдилар:

اَللَّهُمَّ جَنِّبْنَا الشَّيْطَانَ وَجَنِّبِ الشَّيْطَانَ مَا رَزَقْتَنَا                      

«Аллоҳумма жаннибнаш-шайтана ва жаннибиш-шайтана ма разақтана».

Маъноси: “Меҳрибон Парвардигорим, бизни шайтондан ҳимоя қилгин ва бизга ато қиладиган фарзандимизни ҳам шайтондан йироқ қил!” 

Ота-онанинг яқинлик қилган вақтидаги ҳолати ҳам фарзанднинг характерига таъсир қилар экан. Агар ота-она ўша вақтда тушкин кайфиятда бўлса, туғилган бола табиатида тушкунлик намоён бўлади.  Агар ота-онанинг ўша вақтдаги кайфияти аъло бўлса, туғилган фарзанд қувноқ характерли бўлиб туғилади. Ана шундан келиб чиқиб ўша вақтда Аллоҳни эслаб, тинмасдан қалбида Унинг зикрини қилиш керак.

Аёл ҳомиладорлик вақтида кўпроқ ибодат қилиб, шубҳали ва тақиқланган таомлардан қатъиян тийилмоғи лозим.

Ўғил бола туғилганда севиниб, қиз бола туғилгандан хафа бўлиш ярамайди. Чунки уларнинг қайси биридан фойда етишини фақат Аллоҳ билади. Боз устига тарбияли қиз ўстирган ота-она кўпроқ мукофот ҳам олади.

Болага жаҳл қилсангиз, ёлғон гапирсангиз, қўрқитсангиз, бир ишга мажбурласангиз – унга шуларни ўргатасиз.

Болани рағбатлантириб туриш ҳам керак. Агар у яхши иш қилса, яхши гаплар айтиб мақтаб, кичкина нарса бўлса-да совға қилиб турилса, у ўзини ҳар доим шундай ишлар қилишга ундайди.  Агар бола ёмон иш қилиб қўйса, дастлаб уни кўрмаганга олиш лозим, айниқса, унинг ўзи буни яширишга уринаётган бўлса. Иккинчи сафар эса дакки бериб қўйиш керак. Ота ҳар доим сўзига эга чиқиб боласига ибрат кўрсатмоғи лозим. Она ҳам бақир-чақир қилмасдан болага “отанг буни ёқтирмайди, отангнинг жаҳли чиқади, бу ишинг учун отанг сени жазолайди” каби сўзлар билан болани отасининг мартабаси қанчалик баланд эканига кўниктириб боради.

Бола мактабдан қайтгандан сўнг унга бир оз ўйнаб келишга рухсат бериш керак. Шунда боланинг мияси ҳам дам олади. Агар уни ўйнагани қўймасдан фақат ўқишга мажбур қилаверсангиз, жонига тегиб ҳаммасидан кечиб юбориши мумкин. Болага ота-онани, устозларни, ёши улуғларни ҳурмат қилишни кичик ёшдан ўргатиб борилгани боис у шу ишга кўникиб қолади.  

Болага  тарбия бериш тошга ишлов бериш билан баробар. Уни болалигида  шаклга солиб олиб, ўсиб-улғайиб боргани сайин диний-дунёвий билимларини кўпайтириб бориш фойдали бўлади.

       Музаффархон АЪЗАМОВ.

Read 4632 times

Мақолалар

Top