Мақолалар

Аллоҳ таоло Ўзининг фазлу карами ила инсон зотини ақл ва идрок соҳиби қилиб яратди ва унга беҳисоб неъматларни ато қилди. Шу билан бирга берган неъматларига шукр айтишга ҳам буюриб, муборак каломида шукр қилувчиларга неъматларини янада зиёда қилиш ваъда қилди:

“Яна Роббингиз эълон қилган (бу сўзлар) ни эслангиз: «Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”.

Демак, Парвардигоримиз биз бандаларга берган тансиҳатлик, фаровонлик, бахту саодат, тинчлик ва осойишталик каби улуғ неъматларга шукр айтсак, қадрига етсак – Аллоҳ биздан рози бўлар экан.

Ислом таълимотида неъматларга шукр қилиш улуғ фазилат ва юқори даража экани алоҳида қайд қилинган. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Шукр қилиш имоннинг ярмидир”, деган эканлар. Бошқа бир ривоятда эса “Имон - сабр ва шукрдан иборат” дейилган.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бандаларини шукр қилишга амр қилиб, унинг зиддидан қайтарган, шукр айтувчиларга чиройли мукофотларни ваъда қилиб, Ўзининг фазилати, карами ва неъматларининг янада зиёда бўлишига шукрни сабаб этган ва Ўзининг гўзал исмларидан бирини шукр орқали ифода қилган.

Буюк бобокалонимиз Қаффоли Шоший ўзининг машҳур “Жавоми ул-карим” китобида келтиришича, “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Неъматлар ҳақида гапиришлик шукр қилишликдир” деганлар.

Яратган бизларга ато этган беҳисоб неъматларни ёдда тутиш, уни қадрлай олиш ўша неъматларнинг давомийлигига сабаб бўлади. Шайх Саъдий айтганлар: “Бир нафасга икки марта шукр айтиш вожиб”. Зеро, нафас кирса-ю қайтиб чиқмаса ёки чиқса-ю қайтиб кирмаса, инсон ҳалок бўлади. Шуни билган инсон тансиҳатлиги ва хотиржамлиги учун Яратганга нега шукр айтмасин!

Тинч-хотиржам ҳаётимиз, фаровон ўтаётган кунларимизга шукр қилиб, энг аввало, ҳушёр бўлмоғимиз, ана шу неъматлардан айирмоқчи бўлаётган ғаразли кучлар, нопок  тоифаларнинг найрангларидан огоҳ бўлиб, уларга муносиб жавоб қайтаришимиз керак. Манфур кимсаларнинг ҳийлаларига алданиб, пировардида оиласидан, яқинларидан, тинчлигидан ажралиб қолган кишилар қисматига назар солсак, бу кунларимизга қанчалар шукр  келтиришимиз лозимлигини янада теранроқ ҳис қиламиз.

Аллоҳ таолонинг меҳрибонлигини қарангки, У берган неъматларига шукр айтувчи бандаларига беадад мукофотлар ваъда қилиш билан кифояланмасдан уларга улуғ ажру савоблар беришини ҳам кафолатлаган. У зот айтди: “...Шукр қилувчиларни эса, албатта, мукофотлаймиз”.

“Ниҳоя” китобида бундай нақл қилинади: “Бирор бандага биров яхшилик қилса-ю, унга ташаккур айтмаса, Аллоҳ таоло ўша банданинг Ўз неъматларига қилган шукронасини  қабул қилмайди”.

Ҳадиси шариф мазмунига мувофиқ бизлар давлатимизнинг халқимиз бахту саодати, фаровонлиги, осойишталиги ва тинчлиги йўлида қилаётган хайрли ва эзгу амалларидан миннатдор бўлмоғимиз лозим. Аллоҳга шукрлар бўлсинки, муҳтарам юртбошимизнинг бевосита ташаббуслари ила маънавий қадриятларимизни тиклаш ишларига катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Қорақалпоғистон республикасидаги “Имом Эшон”, Хоразм вилоятидаги “Охун бобо” масжидлари, шунингдек, Сурхондарё вилоятидаги “Имом Исо Термизий”, Қашқадарё вилоятидаги “Абу Мўъийн Насафий” мажмуалари тубдан реконструкция қилинаётгани, Бухоро вилоятидаги “Баҳоуддин Нақшбанд”, “Масжидул Калон” ва “Мир Араб” тарихий ёдгорликларини таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.  

Дунёнинг турли мамлкатларида юз бераётган нотинчликлар, иқтисодий-сиёсий низолар, хунрезликлар ва миллатлараро келишмовчиликлар оқибатида инсонларнинг бир бурда нонга зор бўлаётганини кўрганда Ўзбекистондаги тинч-осуда ҳаёт ва тўкин дастурхонимиз учун Аллоҳ таолога чексиз шукрлар айтишимиз лозимлиги янада яққолроқ намоён бўлади.

Аллоҳ таоло азиз юртимизни тинч, ҳаётимизни янада фаровон айлаб, барчамизнинг Ўзига шукр қилувчи солиҳ бандаларидан бўлишимизни насиб айласин.

   И.ЗУХРИДДИНОВ, 

Мирзо Улуғбек туманидаги “Олтинтепа” жоме масжиди имом-хатиби

 

Read 14122 times
Tagged under

Мақолалар

Top