Мақолалар

ИМОМ МОЛИК

У киши Молик ибн Анас ибн Молик ибн Абу Омир ал-Асбаҳийдирлар. Яман қабиласидан бўлмиш Зу Асбаҳ қабиласига мансубдирлар. У кишининг аждодларидан бирлари Мадинага келиб, шу ерда яшаб қолганлар. Катта боболари Абу Омир буюк саҳобий бўлиб, пайғамбар алайҳиссалом билан бирга Бадрдан бошқа барча ғазотларда қатнашганлар. Баъзи ривоятларга қараганда у киши тобеъин муҳазрам (яъни, саҳобалар даврида яшаган, уларни бирортаси билан учрашмаган) бўлган. Кичик боболари Молик тобеъинларнинг катталаридан ва уламоларидан бўлган. У киши Усмон разияллоҳу анҳуни кечқурун қабрларига кўтариб борган тўрт кишининг бирларидир.

Имом Молик 93 ҳижрий санада Мадинада туғилдилар. Илмни Мадина уламоларидан олдилар.

Биринчи мулозимлик қилган устозлари Абдурраҳмон ибн Ҳормуздирлар. У киши билан жуда узоқ вақт бирга бўлдилар, шу орада бошқа олимлардан ҳам дарс олиб юрдилар. Бундан ташқари ибн Умарнинг озод қилган қуллари Нофеъдан ва ибн Шиҳоб аз-Зуҳрийдан илм олдилар. Фиқҳдан дарс берган устозлари Робеъ ибн Абдурраҳмондирлар, у киши “Робеъатур раъй” номи билан машҳурдирлар. Молик 17 ёшга етганларида ҳадис ва фиқҳ фанлари бўйича мударрислик мансабига тайинландилар. Молик ўзлари шундай дейдилар: “Аҳли илмлардан етмиш киши мени мударрисликка лойиқ деб гувоҳлик берганларидан кейин мен фатво беришлик ва ҳадис айтишлик учун ўтирдим”.

Шундан кейин у кишининг номлари ҳамма тарафга овоза бўлиб кетди, шуҳратлари уфқларни тутиб кетди. Оқибатда одамлар у кишидан илм олишга ҳар тарафдан кела бошладилар. Илм талаб қилиб келганлар эшикларининг олдида издиҳом бўлиб, ҳатто бир-бирлари билан уришиб кетар эдилар. Имом Молик одамларга етмиш йил чамасида фатво бердилар ва илм ўргатдилар. Одамлар у кишининг имомликларига, илмда мартабалари юқори эканлигига, ўта диндорликларига, тақволарига ва суннатга амал қилишларига бир овоздан иттифоқ бўлишган. Имом Шофеий айтадилар: “Молик Аллоҳ таолонинг халқларига кўрсатган ҳужжатидир”. Ибн Маҳдий айтадилар: “Мен Моликдан кўра ақли тўлароқ ва тақвоси кучлироқ бирор кимсани кўрмадим”. Ҳаммод ибн Салама айтадилар: “Агар менга Муҳаммад салаллоҳу алайҳи васалламнинг уммати учун уларга илм берадиган кишини танлагин дейишса, мен ана шу ўринга Моликни тайинлаган бўлар эдим”. Лайс ибн Саъд айтадилар: “Молик тақводор олимдир. Моликни илми уни олган киши учун омонликдир”.

Имом Молик ҳайбатли киши эдилар, у киши ўтирган мажлисда ҳеч ким гапира олмас эди. Воқидий айтадилар: “Молик ўтирган мажлис виқорли ва ҳилмли мажлис бўлар эди. У киши жуда сергак ва олийжаноб бўлиб, у кишининг мажлисида ҳеч қандай тортишув, бекорчи гаплар ва овозни баланд кўтариб гапиришлик бўлмас эди. Агар у кишидан савол сўрашса у киши жавоб берар эдилар ва сен буни қаерда кўргансан – деб сўрамас эдилар”.

Қачон ҳадис айтмоқчи бўлсалар, ғусл қилар, энг яхши кийимларини кийиб, хушбўй атирларни сепар эдилар. Нима учун бундай қилишларини сўрашганда: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ҳурматлайман” – деб жавоб берганлар. Агар бирор киши мажлисда овозини баланд кўтариб гапирса, унга: “Аллоҳ таоло Қуръонда: “Эй мўминлар! Овозларингизни пайғамбарнинг овозидан баланд кўтармангизлар” (Ҳужурот сураси, 2-оят) деган. Кимки Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадислари айтилаётган вақтда овозини баланд кўтарса, гўёки овозини пайғамбарнинг овозидан баланд кўтарган бўлади” дер эдилар.

У кишининг устозлари, яқинлари ва у кишидан кейин яшаб ўтганлар барчалари у кишини ҳадис илмида имом деб ва ривоятлари ишончли деб тан олганлар. Имом Бухорий айтадилар: “Иснодлар ичида энг ишончлиси Молик Нофеъдан, у киши ибн Умардан ривоят қилгани, ундан кейин Молик Зуҳрийдан, у киши Солимдан у киши оталаридан ривоят қилгани, ундан кейин Молик Абу Заноддан, у киши Аърождан у киши Абу Ҳурайрадан ривоят қилганидир”.

Имом Молик “Муватто” (оммабоп) китобини ёздилар. Бу китобни қирқ йил давомида ёзиб, саралаб чиққанлар. У китобнинг ҳажми ҳозирги даврдагисига қараганда анча катта эди. Айтишларича китобдаги ҳадисларнинг сони ўн мингта бўлган. Китобдаги ҳадисларни саралаш, таъна қилинган ҳадисларни чиқариб ташлаш ва имомлар амал қилмаган ҳадисларни олиб ташлаш оқибатида иснодлари муттасил (яъни бир-бири билан узлуксиз боғланиб келган ровийларнинг силсиласи) бўлган ҳадислар сони беш юз атрофида бўлиб қолди. Молик айтадилар: “Абу Жаъфар Мансур ҳажда мен билан учрашиб қолди ва: “Мен билан сиздан бошқа олим қолмади, мен сиёсат билан машғулман. Сиз одамларга суннат ва фиқҳ ҳақида китоб ёзинг. Фақатгина Ибн Аббоснинг баъзи масалалардаги рухсатларини, Ибн Умарнинг баъзи масалалардаги қаттиққўлликларини ва Ибн Масъуднинг баъзи масалалардаги нодир сўзларини китобга киргизишдан сақланинг ва уни оммабоп қилиб ёзинг”, деди. Мен унга таълиф қилиш йўлини ўргатинг дедим. “Яъни менга мўътадиллик йўлини кўрсатинг” дедим. Ислом уммати ва уламолари Молик ҳаётлик вақтларидаёқ у кишининг китобларини ўқий бошладилар, ҳатто китобни Имом Моликнинг ўзларидан ўрганишлик учун у кишининг ҳузурига кела бошладилар. Бир куни Абу Жаъфар ал-Мансур Абу ар-Рошид: “Мен Сизни бу китобингизни Каъбага осиб қўймоқчиман, уни бутун Ислом оламига тарқатмоқчиман ва ихтилофларга чек қўйиш учун одамларни ёлғиз шу китобга амал қилишларига мажбур қилмоқчиман” деди. Шунда Имом Молик: “Ундай қилманг, чунки саҳобалар ер юзига тарқалиб кетганлар. Улар мен китобга киргизган Ҳижоз аҳлларининг ҳадисларидан бошқа ҳадисларни ҳам ривоят қилганлар. Одамлар ўша ҳадисларни ҳам олганлар. Сиз уларни ўз ҳолларига қўйинг” – дедилар. Абу Жаъфар: “Эй Абу Абдуллоҳ, Аллоҳ Сизни ажрингизни берсин” – деди.

Имом Моликнинг хусусиятларидан яна бири у киши бир йўла фиқҳ ва ҳадис илмида имомликка эга бўлдилар. У кишидан ҳадисни ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий, Мадина аҳлининг фақиҳи Робиатар раъй, Яҳё ибн Саъид ал-Ансорий, Мусо ибн Ақоба ва бошқалар ривоят қилишган. Буларнинг барчалари у кишининг устозларидирлар. Яқин биродарларидан Суфён ас-Саврий, Лайс ибн Саъд ал-Авзоий, Суфён ибн Уяйна, абу Юсуф ва бошқалар ривоят қилганлар. Энг кўзга кўринган шогирдларидан Шофъеий, Ибн Муборак, Муҳаммад ибн Ҳасан аш-Шайбоний ва бошқалар ривоят қилганлар. Умуман олганда Ислом оламидаги уламолардан 1300 дан ортиқроғи у кишидан ҳадис ривоят қилганлар. Шунингдек, кўпгина кишилар у кишидан фиқҳ илмини олганлар, улардан Ибн Қосим, Ибн Ваҳб, Ашҳаб ва бошқалар.

 

ИМОМ МОЛИК МАЗҲАБИНИНГ УСУЛИ

 

Имом Молик ўз мазҳабларини 20 та далилга биноан туздилар. Моликий мазҳаби уламоларининг гапларига қараганда ушбу 20 та далил қуйидагилардан иборат: 1.Қуръон. 2. Қуръоннинг зоҳирий маъноси, яъни, умумий маъноси. 3.Унинг далолати, яъни зоҳирига мухолиф тушунчаси. 4. Тушунчаси – яъни зоҳирига мувофиқ тушунчаси. 5. Унинг огоҳлантириши, яъни бирон нарсани сабаби билан огоҳлантириш, масалан “Албатта у (нарса) ифлос ва бузуқдир” (Анъом сураси, 145-оят)га ўхшаш. Ҳадисдан ҳам юқоридаги бешта ҳолат олинилади. Ҳаммаси бўлиб ўнта бўлади. 11. Ижмоъ. 12. Қиёс. 13. Мадина аҳлларининг амали. 14. Саҳобанинг гапи. 15. Истеҳсон. 16. Зарарли ишларни олдини олиш билан ҳукм қилиш. 17. Ихтилофли масалаларни риоя қилиш. Бунга камдан-кам амал қилар эдилар. 18. Истиҳбоб. 19. Ҳукм чиқармай ташлаб қўйилган маслаҳатли ишлар. 20. Бизлардан олдинги ўтган умматларнинг шариати.

Имом Молик бу далилларга зикр қилинган ушбу тартибда амал қилмаганлар. Бу ҳақда Қози Иъёз шундай дедилар: “Агар сен мазҳаб имомларининг ихтилофли масалаларига, уларнинг фиқҳий масалаларни олган ўринларига ва шариатдаги ижтиҳодларига назар солсанг, биринчи қарашдаёқ, Имом Моликни ушбу усулларда ўзига хос йўлдан юрганлигини, усулларни ўзига хос тартибда тузганлигини, Қуръонни асардан олдинга қўйганлигини, сўнгра асарни қиёс ва эътибордан олдинга қўйганлигини, ишончли бўлмаган асарларни тарк қилганлигини ёки аҳли Мадинадан бўлган кўпчилик уламолар хилоф тарзда амал қилган асарларни тарк қилганлигини, сўнгра қийин масалаларда ва ноаниқ масалаларни ечишликда салафи солиҳлар (яъни аввалги ўткан солиҳ кишилар)нинг йўлидан юрганлигини, Қуръон ва суннатга эргашишликни афзал билиб, бидъат ишларни ёқтирмаслигини кўрасан”.

Қози Иъёз бизга ҳикоя қилиб берган нарсаларидан шу нарсани тушунамизки, Имом Молик умумий кўринишда асарга бўлган муносабатларида имкон қадар Ҳижозликларнинг йўлини тутганлар ва тақдирий масалаларга чуқур киришликни ва уни воқеъ бўлишидан олдин фараз қилишликни ёқтирмаганлар.

Имом Молик билан бошқа имомлар ўртасида ихтилофларнинг кенгайишига таъсир этган у кишининг кўзга кўринган энг муҳим йўлларини қуйидагиларда кўрсатишимиз мумкин:

  1. Имом Молик наздларида Мадина аҳолисининг амали ҳужжат ҳисобланиб, у қиёс ва оҳод хабардан кўра олдинги ўринда туради. Чунки у Молик наздида уларнинг иккалаларидан ҳам кучлироқ ҳужжат ҳисобланади. Сабаби, Мадина аҳлининг амаллари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ривоят қилган ҳадисларидек мартабага эгадир ва бир жамоатнинг бошқа бир жамоатдан қилган ривояти бир кишининг бошқа бир кишидан қилган ривоятидан олдинга қўйишга лойиқроқдир. У нарсада кўпгина шаҳар фуқаҳолари Имом Моликка қарши чиқишди ва улар Мадина аҳолисининг амалини ҳужжат деб билмадилар, чунки улар гуноҳ ва хатодан холи эмаслар, дейишди. Бу ҳақда Лайс ибн Саъд Имом Моликка узундан-узоқ хат ёздилар. Шофеий ўзларининг “ал-Умм” (яъни асл) китобларида шу масала хусусида муноқаша қилганлар, шунингдек Абу Юсуф ҳам Имом Моликка ёзган мактубларида шу хусусда гапирганлар.
  2. “Масолиҳ ал-Мурсала” (яъни ҳукм чиқармай ташлаб қўйилган маслаҳатли ишлар – салоҳиятли деб санаш). “Масолиҳ ал-Мурсала” деб шариатда ишнинг ботил ёки эътиборли эканлигига муайян бир ҳужжат гувоҳлик қилмаган маслаҳатли ишга айтилади. Бу маслаҳатли иш шаръий мақсадни асраш учун мўлжалланган бўлади. Бунинг шаръий мақсад эканлиги Қуръон ёки суннат ёки ижмоъ орқали билинади ва бундай ҳолатда унга эргашишлик хусусида ҳеч бир мазҳабда ихтилоф йўқ. Фақатгина унга қарши бошқа бир маслаҳатли иш юзага келиб қолса имом Молик амал қилишда мана шу иккинчи маслаҳатли ишни олдинга қўядилар. Бунинг мисоли тарзида қуйидагиларни айтиш мумкин:

А) Имом Молик ўғриликда айбланаётган кишини қилган ўғрилигига иқрор қилдириш учун уни уришни жоиз деб санайдилар. Бошқа имомлар эса жоиз эмас, дейдилар. Чунки ўғрилик қилганига иқрор қилдириш бир маслаҳат бўлса, бунинг қаршисида бошқа бир маслаҳат туради. У ҳам бўлса, урилаётган кишининг маслаҳати. Чунки у, эҳтимол беайб бўлиши мумкин. Гуноҳкор кишини урмасдан қўйиб юбориш бегуноҳ кишини ургандан кўра енгилроқдир. Урмай қўйиб юборишлик билан ўғирланган молни қайтариб олишликни қийинлаштиришга йўл очилса, уришлик билан бегуноҳ одамни азоблашликка йўл очилади.

Б) Эри бедарак кетган аёл хусусида. Агар унинг эрини на ўлик ва на тириклигидан дарак бўлмаса, у кўп йиллар кутиши натижасида беваликдан қийналади. Бундай ҳолатда Имом Молик бедарак йўқолган эрнинг маслаҳатидан кўра аёлнинг маслаҳатини устун билиб, аёлга эрининг йўқолган вақтидан тўрт йил ўтганидан кейин турмушга чиқишликка рухсат берганлар.

В) Ҳайз кўрадиган аёл талоқ қилинса ва унинг ҳайз орасидаги поклик муддати чўзилиб кетса бундай ҳолатда Имом Молик аёл кишига ҳомиладорлик муддати (яъни тўққиз ой) ўтганидан кейин яна уч ой жами бир йил идда ўтиришликка фатво берганлар. (Шариат кўрсатмаси бўйича ҳайз кўрадиган аёл талоқ қилинганда уч ҳайз кўргунича идда сақлаши лозим). Бунда Имом Молик идда вақти чўзилиб кетиши билан аёл киши зарар кўриб қолмаслиги учун аёлнинг маслаҳатини риоя қиладилар ва мана шу маслаҳатни “Талоқ қилинган аёллар уч ҳайз муддатича ўзларини кузатадилар” деган оятнинг зоҳирий маъносидан олдинга қўядилар. Талоқ қилинган аёл эса, ойлар бўйича идда сақлаши учун ҳали ҳайз кўришдан умид узиладиган ёшга етганича йўқ. (Ҳайз кўришдан умиди узилган аёл талоқ қилинса шариат бўйича уч ой идда сақлайди).

  1. Санади ишонарли бўлган ва ҳужжат қилишга ярайдиган пайғамбарнинг ҳадисларига хилоф бўлмаган олим саҳобийнинг сўзи Имом Молик наздида ҳужжат ҳисобланади ва у қиёсдан олдинга қўйлади. Имом Ғаззолий “ал-Мустасфо” китобларида Моликнинг ушбу қоидаларига раддия билдирадилар. Бунга саҳобаларни гуноҳ ва хатодан холи эмасликларини ва улардан ҳам хато содир бўлишлигини далил қилиб келтирадилар.
  2. Суннат: Имом Молик ҳадисни қабул қилишда ҳанафийлар шарт қилганларидек, омманинг ҳожати тушадиган ишларда ҳадисни машҳур бўлишлигини шарт қилмайдилар. Оҳод ҳадисни қиёсга хилоф бўлса ҳам ёки ровийнинг ўзи ҳадисига хилоф тарзда амал қилган бўлса ҳам, рад қилмайдилар. Қиёсни оҳод ҳадисдан олдинга қўймайдилар, мурсал ҳадисни ҳам амалда қўллайдилар. Оҳод ҳадисни қабул қилишда Мадина аҳолисининг амалига хилоф бўлмаслигини шарт қиладилар. Асосан, Ҳижоз уламолари ривоят қилган ҳадисларга суянадилар.
  3. Имом Молик кўпгина масалаларда истиҳсондан фойдаланадилар.

 

ИМОМ МОЛИКНИНГ МАШҲУР ШОГИРДЛАРИ

АБДУРРАҲМОН ИБН ҚОСИМ

 

Абдурроҳман ибн Қосим Мисрий моликий мазҳабининг фақиҳларидандир. 20 йил Моликка шогирд бўлганлар ва фиқҳ илмида пишиб етилганлар. Моликдан олган илмларини бошқаларни илми билан аралаштирмаганлар. Ҳадисларни Моликдан, Лайс ибн Саъд Мисрийдан, Муслим ибн Холид Занжий (Шофеийнинг устози)дан олганлар. У кишидан ҳадис ва фиқҳни Асбағ ибн Фараж ва Муҳаммад ибн Салама Муродийлар олишган.

Абдурраҳмон ибн Қосимни кўпчилик уламолар мақтаганлар. У киши ҳақида Молик: “У худди мушки анбар тўлдирилган идишга ўхшайди” деганлар. Ан-Насоий: “У ишончли ва омонатдор киши”, деганлар. Андалус (ҳозирги Испания) қозиларининг шайхи Яҳё: “У моликнинг фиқҳини одамлар ичида энг яхши билувчи ва ишончли киши” деб гувоҳлик берадилар. Ибн Қосим мужтаҳид мутлақ даражасига етишганлар. Асад ибн Фурот Ироқда Абу Ҳанифанинг шогирдларидан ўрганган фиқҳий масалаларни Ибн Қосимга айтганларида у киши худди шу масалада Молик мазҳаби бўйича фатво бердилар. Ибн Фурот бу фатволарни олиб Мағриб (Марокаш) томонга кетдилар ва у ерда бу фатвони тарқатдилар. Бу фатволарни у кишидан Саҳнун Мағрибий Моликий ўргандилар. Сўнгра у киши Мисрга келдилар ва ушбу фатволарни Ибн Қосимга кўрсатдилар. Кейинчалик бу фатволар фиқҳ тартиби бўйича тартибланиб, китоб шаклига келтирилди ва Моликий мазҳабидаги китоблар ичида “Мудаввана” номи билан танилди. Ибн Қосим илм билан бир қаторда тақво ва зуҳд билан ҳам танилган эдилар. Мисрда 191 ҳижрий йилда вафот этганлар.

 

АБУ МУҲАММАД АБДУЛЛОҲ ИБН ВАҲБ

 

У киши Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Ваҳб ибн Муслим Мисрлик фақиҳ, Язид ибн Анас Фахрийнинг озод қилган чўриси Райҳонанинг озод қилган қулидир. 125 ҳижрий йилда туғилиб, ўн етти ёшларидан илм талаб қила бошлаганлар. Моликдан, Лайс ибн Саъддан, Суфён ибн Уяйна ва бошқалардан ҳадис ривоят қилганлар. Фиқҳни аввал Молик ва Лайсдан олганлар, кейин 148 ҳижрий йилда Моликни олдиларига бордилар. Моликнинг суҳбатида то у киши вафот қилгунларича бирга бўлдилар.

Абу Муҳаммад жуда кўзга кўринган фақиҳ эдилар. Ҳаттоки, у киши ибн Қосимдан ҳам фақиҳроқ дейишган. Фақатгина у кишини тақволари фатво беришликдан тўсиб турган. Молик у кишига мактуб ёзганларида: “Миср фақиҳига, муфтий Абу Муҳаммадга”, деб ёзар эдилар. Бошқа ҳеч кимга бундай тарзда ёзмас эдилар. Бундан ташқари у киши Абу Муҳаммадни олим ва имом деб атар эдилар.

Абу Муҳаммад ишончли муҳаддис ҳам эдилар. Абу Заръадан ривоят қилинади: “Мен Ибн Ваҳбнинг Мисрда ва Мисрдан бошқа ердаги ўттиз мингта ҳадисини ўргандим, лекин уларни бирортасини ҳам асли йўқ эканлигини билмадим, у ишонарли муҳаддис”. Ибн Ҳиббон айтадилар: “Ибн Ваҳб ҳадис тўпладилар ва уни китоб қилиб ёзганлар. У киши Миср ва Ҳижоз аҳолисининг ҳадисларини ёдлаганлар. У киши тақводор бандалардан эдилар”.

Бир куни у кишига қозилик қилишга тўғри келганда, у киши ўзларини олиб қочиб, уйларига кириб кетганлар. У кишига ўзлари ёзган “Қиёмат қўрқинчлари” китобини ўқиб беришганда у киши хушларидан кетиб йиқилганлар ва шу ётганларича бир неча кундан кейин вафот этганлар. Ҳорис ибн Мискин айтадилар: “Ибн Ваҳб фиқҳни, ривоятни ва ибодатни ўзларида жам қилганлар. Уламоларнинг муҳаббатига, хусусан Моликнинг муҳаббатига сазовор бўлганлар. У кишини илмнинг девони деб аташар эди”. Ибн Қосим айтадилар: “Агар Ибн Уяйна вафот этсалар, мен туямни Ибн Ваҳб тарафга қаратиб қамчилаган бўлардим. Ҳеч ким илмни у кишичалик ёзиб қолдирмаган. Агар машойихлар у кишининг қолдирган илмларини кўрсалар унга тиз чўккан бўлар эдилар”.

Абу Муҳаммад (Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин) 197 ҳижрий йилда вафот этдилар. 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раисининг биринчи ўринбосари

Ҳомиджон Ишматбеков

 

Read 4579 times

Мақолалар

Top