Мақолалар

Жума айёмингиз муборак бўлсин!

Саҳобалар қилмаган ишларнинг ҳаммаси ҳам бидъат эмас. Саҳобалар орасида жума билан табриклаш одати мавжудлиги ҳақида хабар келмаган.

Бироқ салафлар саҳобалар қилмаган ишларнинг барчасидан ҳам қайтармаган. “Саҳобалар қилмаган ишни қилиш бидъат бўлади”, дегувчилар бугун оддий тилак¬лар, жумладан, мискинлар ҳажи саналган муборак жума кунида мусулмонларнинг бир-бирларини қутлашини ҳам хурофотга чиқаришмоқда.

Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Исломга зид бўлмаган янги амаллар шаръан мақбул эканини билдириб, бундай деганлар: “Кимки агар Исломда бирорта яхши амални йўлга қўйса, ўша кишига (у янгилиги учун) ажр бордир ва яна ўша амални ундан кейин давом эттирганларнинг ажридан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда унга савоб берилади, кимки Исломда бирорта ёмон амални пайдо қилса, ўша пайдо қилувчига (у янгилиги учун) гуноҳ бордир ва ундан кейин ўша амални давом эттирганларнинг гуноҳидан ҳам камайтирилмаган ҳолда бир ҳисса бордир” (Имом Муслим ривояти).

Ҳадисдан кўриниб турибдики, яхшиликнинг чегараси йўқ. Жалолиддин Сую¬тий раҳ¬матуллоҳи алайҳ “Нурул ламъа фи хасоисил жумъа” асарида Пайғамбар алай-ҳиссаломдан жуманинг 97 хусусиятини нақл қилади. Шулардан бири бундай: «Жума куни қушлар бир-бирига: “Салом бўлсин, салом бўлсин, бугун яхши кундир”, дейди». Муаллиф бу сўзини Ибн Абу Дунё ва Имом Байҳақий икковлари Мутрифдан ривоят қилганларини айтган.

Қиёсан олиб қаралганда, инсонлар бир-бирларини жума айёми билан қутлаши шариатга мос амал бўлиб чиқади. Шунга кўра айтамизки, жониворлар ҳам бир-бирларини жума куни табриклар, бир-бирларига саломатлик тилар экан, мўмин-мусулмонларнинг бир-бирига барака ва соғлик тилашининг нимаси ёмон?!

Жума айёмингиз муборак бўлсин, азиз диндошлар!

 

Юнусхон МАМАРАСУЛОВ,
Марғилон шаҳар “Саййид Жалолхон тўра”
жоме масжиди имом-хатиби

"Ҳидоят" журналининг 2020 йил 1-сонидан олинди

Read 4712 times
Tagged under

Мақолалар

Top