Мақолалар

УЧ МУБОРАК ОЙ ДАВРИ  БОШЛАНДИ

Ражаб, Шаъбон, Рамазон – янги бир
маънавий юксалиш даври

اعوذ بالله من اشيطان الرجيم
بسم الله الرحمن الرحيم
وَتُوبُوا إِلَى اللَّهِ جَمِيعاً أَيُّهَا الْمُؤْمِنُونَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ


«Ҳамма-ҳаммангиз бирликда Аллоҳга тавба қилингизлар, эй мўминлар, токи нажот топгайсизлар» (24/Нур сураси, 31-оят).


Ҳижрий 1442 йилги Ражаб ойининг биринчи куни бу гал милодий 2021 йилнинг 13 февраль, шанба кунига тўғри келди; ражабнинг еттинчи куни бу муборак ойнинг илк жумъасидир. «Уч қутлуғ ой» (ражаб, шаъбон, рамазон) деб аталадиган бир нурли давр, маънавий хайр ва барака, файз ва фазилат мавсуми бошланди.

Атоқли Нақшбания шайхи, марҳум доктор, профессор Маҳмуд Асъад Жўшон ҳазратлари уй ойлар кириб келиши билан бара инсонларни огоҳлантириб, бу хушхабарни оламга ёйиб, қуйтдаги сўзларни айтар эдилар:
“Биз бу янги даврда ўзимизга қайтадан жило беришимиз; кундан-кунга покланиб, юксала-юксала шаъбондан рамазонга комиллик билан ўтишимиз керак; шунда – ҳам моддий, ҳам маънавий-руҳий жиҳатдан ҳақиқий байрамга – ийди рамазонга эришамиз.

Улуғ ориф зотлардан бўмиш ҳазрати Абдулқодир Гийлоний қуддиса сирруҳу (вафотлари ҳижрий 561, милодий 1166) «Кунятут-толибийн» номли асарида ёзадилар: «Ражаб – тавба ойи; шаъбон – муҳаббат ойи; рамазон эса қурбат ва вуслат, яъни Ҳақ таолога яқинлик ҳосил қилиш ва етишиш ойидир» .

Ражаб гуноҳ ишларни, зулм ва жабрни тарк этиш; шаъбон солиҳ амаллар қилиб, Аллоҳ таолога садоқатини кўрсатиш; рамазон эса ҳақиқат ва ҳузур-ҳаловатга эришиш ойидир.

Ражаб ойида сидқидилдан қилинган тавба ва солиҳ амаллар қабул бўлади; шаъбон ойида эса эски гуноҳлар авфу мағфират қилинади; рамазон ойида бандага илоҳий эҳсон ва икромлар берилади.

Шунинг учун ҳам, бошимизнинг тожи, кўзимизнинг нури ва кўнглимизнинг сурури бўлмиш свевикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу уч ой ҳақида: «Ражаб Аллоҳнинг ойи, Шаъбон менинг ойим, рамазон эса умматимнинг ойидир» деб марҳамат қилганлар. Ҳамма ойлар ҳам Аллоҳнинг ойидир. Лекин “Аллоҳнинг ойи, менинг ойим” дейилиши бу ойларнинг фазилати ва қадр-қиммати юксаклигини билдириш учундир.

Улуҳ вқалийлардан бўлмиш ҳахрати Зуннуни Мисрий раҳматуллоҳи алайҳ (вафоти ҳижрий 245, милодий 859) айтадиларки: «Ражаб уруғ қадаш ойи, шаъбон унган экинни суғориш ва парваришлаш ойи, рамазон эса ўрим-терим ва ҳосилни йиғиштириб олиш ойидир».

Йилни бир дарахтга қиёслайдиган бўлсак, ражаб ўша дарахтнинг куртак-япроқ чиқариши; шаъбон гулга кириб, мева тугиши; рамазон эса пишиб етилган ҳосилнинг йиғиштириб олинишидир.

Хулоса қилиб айтганда, гуноҳкор, осий, мужрим, ғофил бандаларнинг эгри йўлни тарк этиб, тўғри йўлга, ботилни тарк этиб, ҳақиқатга, ёмонликни тарк этиб, яхшиликка юзланиши, яъни тавбаи насуҳ қилишидир; ...Бандаи ожизлигини англаб, ўйлаб иш қилиши, масъулиятни ҳис этиши, азиз ва жалил бўлмиш Раббимиз Аллоҳга маҳбуб ва мақбул банда бўлишга ҳаракат қилиши... ...Намунаи имтисолимиз, раҳбаримиз Расулуллоҳ жанобимизга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хос холис уммат бўлишга интилишидир...

... Бу уч ой ҳар йили такрорланадиган буюк бир имкон, бебаҳо фурсат, энг мақбул онлар, олтин дамлардир.

Бу муборак ойнинг ҳар бири фазилатли кечалар билан зийнатланган: ражаб ойининг 26-кунидан 27-га ўтар кечаси Меърож кечаси, Шаъбоннинг 14-кунидан 15-га ўтар кечаси Барот кечаси, муборак рамазоннинг 26-дан 27-га ўтар кечаси Қадр кечасидир.
Эй азиз биродар, бу буюк лутф, марҳаматнинг қадрига етинг! Тавба-тазарру мавсумини беҳуда ўтказманг. Фурсатни бой бермай, танбаллик ва ғафлатни қувиб, ғайратли бўлинг, Ҳақ таолога юзланинг. Унинг кенг марҳаматига талабгор, йўлида қоим, зикрида бардавом бўлинг, чунки жамиъи нажот шундадир”.

 

Мирзо Кенжабек

Read 2855 times

Мақолалар

Top