Мақолалар

Риёкорлик - хўжакўрсинлик

Риёкорлик - одамлар кўриши учун бир ишни қилишдир. Чунки унга Аллоҳнинг розилиги эмас бандаларнинг кўриши назарда тутилган. Мусулмон киши ҳар бир ишни Аллоҳнинг розилигини қасд қилиб қилиши лозим. Агарда инсон ибодатдами, саховатдами , қобилиятдами... Қўйингки қандай ҳолатда бўлса ҳам, нима иш ёки амал қилса ҳам у амалига "одамлар мени кўриб қўйсин", деган фикр қалбидан ўтиб, ўша иши билан Аллоҳнинг розилиги ният қилинмаса барча қилгани бекорга кетиб, устига гуноҳкор ҳам бўлади.
Аллоҳ таоло "Нисо" сураснинг 38-оятида:
"Улар молларини кишилар кўриши учун сарфларлар. Ҳамда Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирмаслар. Кимнинг яқини шайтон бўлса, у қандай ҳам ёмон яқин!" дейди.
Модомики инсон қалбида одамлар кўрсин, эшитсин, мени мақтаб гапирсин деган риёкорлик бўлар экан, беҳисоб молу дунё сарфласа ҳам, савоб ололмай ўрнига гуноҳ олади. Шунча ташвиш қилиб, молу дунё сарфлаб, гуноҳ орттириш нақадар ёмон иллат.

Хўжакўрсин учун амал қилувчи риёкорларни қиёматда юзи билан судраб дўзахга улоқтиришади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Қиёмат кунида биринчи бўлиб ҳукм (ҳисоб-китоб) қилинадиган кимса - шаҳид киши. Уни келтиришади, сўнг Аллоҳ таоло унга (бу дунёда берган) неъматларини танитади, у тан олади. "Булар эвазига нима қилдинг?" деб сўрайди. "Сенинг йўлигга жанг қилдим, ҳатто шаҳид бўлдим", дейди. "Ёлғон айтдинг, сен "фалончи журатли" деб айтишлари учун жанг қилдинг. Сен истаган нарса айтилди", дейди. Сўнг буюради ва у юзи билан судралиб, дўзахга улоқтирилади. Кейин илм ўрганиб, ўргатган ва Қуръон ўқиган кишини келтиришади. Аллоҳ таоло унга неъматларини танитади, у тан олади. "Булар эвазига нима қилдинг?" деб сўрайди ундан. "Сен учун илм ўрганиб, уни (бошқаларга) ўргатдим ва Қуръон ўқидим", дейди. "Ёлғон айтдинг, сен олим, деб айтишлари учун илм ўргандинг ва қори деб айтишлари учун Қуръон ўқидинг. Бу гап айтилди", дейди. Сўнг буюради ва у юзи билан судралиб, дўзахга улоқтирилади. Кейин Аллоҳ ризқини кенг қилиб қўйган, турли туман мол-дунё ато этган кишини келтирадилар. Аллоҳ таоло унга неъматларини танитади, у тан олади. "Булар эвазига нима қилдинг?" деб сўрайди. "Сен инфоқ-эҳсон қилинишини яхши кўрган бирор йўлни қолдирмасдан Сен учун инфоқ қилдим", дейди. "Ёлғон айтдинг, сен сахий, деб айтишлари учун шундай қилдинг. Бу нарса айтилди", дейди. Сўнг буюради ва у юзи билан судралиб, дўзахга улоқтирилади".
(Имом Муслим, Насоий ривояти).

Имом Шамсуддин Заҳабий "Ал-Кабоир" номли китобларида: "Риёкорлар қиёмат кунида тўртта ном билан чақирилади: "Эй риёкор, эй хиёнаткор, эй фажир, эй зиёнкор, бор, ким учун амал қилган бўлсанг, ўшандан ажр-мукофотингни олавер. Бизнинг ҳузуримизда сен учун ажр йўқ", дейилади", деганлар.

Бу риёкорлик иллатидан қутилиш учун одамлар олдида ўзини кўрсатиш, мақтаниш, ҳаволаниш каби нафснинг салбий ҳаракатларини чеккага суриб, Аллоҳ таолога ихлос, муҳаббат билан боғланиш ғояларини олдинга суришимиз даркор. Шунда ҳар бир қилган амалимиз даргоҳи илоҳийга қабул бўлиб, охиратда ҳам улуғ мартабаларга эришамиз, инша Аллоҳ.
Илоҳо барча амалларимиз холис бўлиши учун Аллоҳнинг Ўзи мададкор бўлсин!

Шофиркон туман "Қори Фазлиддин" масжиди имоми Мустақим Исоев.

Read 2614 times

Мақолалар

Top