Мақолалар

"13" ва "666" рақамлари бахтсизлик келтирадими?

Жавоб: Араб тилида “хурафо” деган сўз бор. Ўзбекчада “тўғри эмас, уйдирма, асоссиз” деган маъноларни ифода этади. Ана шундай ёлғон ва асоссиз мулоҳазалар сирасига, масалан, тасодифан ойна синиши киради. Хўп, ойна қўққисдан тушиб синиб қолди. Энди нима қилиш керак – уйга қачон бахтсизлик ёғилар экан деб кутиб ўтириш керакми? Албатта, йўқ! Уйингиздаги кўзгу синиб қолган бўлса, унинг парчаси бирор жойингизни кесиб олмаслиги учун, супургини ҳўллаб супуриб олишингиз керак бўлади. Чунки ярқироқ парчалар сувнинг ёрдамида кўзга яхши ташланади ва уларни йиғиштириб олишингиз осон бўлади.

Тўсатдан тузни тўкиб қўйсангиз, уйда кўнгилсизлик ва жанжал бўлади, деб ўйлаб ғамга ботманг.  Жанжал-сурон, одатда, оиладагилардан бири овозини баланд кўтариши, бошқаси унга ён бермаслигидан бошланади. Наҳотки, кимнингдир тўкилган тузни йиғиб олиб чап елкаси оша отиб юбориш керак деган бемаъни сафсатасига ишониш керак бўлса!

Тунда оғзи яхши ёпиб қўйилмаган челакда қолган сув покиза эмас, унга ювиниб бўлмас эмиш. Кунимизнинг ҳар дамида шунга ўхшаш нарсаларга дуч келамиз, уларнинг оқибатидан қутулиш учун, айтайлик, чап елкамиз оша туфлаймиз, дарахтни тақиллатамиз, олдимиздан қора мушук кесиб ўтса, йўлда давом этиш учун бош кийимимизни тескари қилиб киямиз. 

Кўплаб уйдирмалар “магик рақамлар” деб аталувчи саноқ сонлар билан ҳам боғлиқ. Уларнинг ичида энг омадсизи “13” рақами ҳисобланади. Ҳатто айрим давлатлардаги кўп қаватли уйларнинг 13-қавати йўқ, меҳмонхоналарнинг ана шу қаватдаги хоналари одатдагилардан хийла арзон нархларда. Нега бошқа рақамлар “бахт” келтиради-ю, 13 “бахтсизлик” келтиради...

Қўрқинчли рақамларнинг яна бири  “666” рақами саналади. Қадимдан у шайтоннинг севган рақами деб ҳисобланиб келинади.  666 рақами қаерда учраса шайтон ўша ерда бўлармиш. Шунақа миш-мишлар ҳам чиққанки, ким 666 рақамини машинасига таққан бўлса, ўша заҳоти автоҳалокатга учраган эмиш. Яна шундай фикрловчилар ҳам бор: агар Москвадан Ростов на-Донгача бўлган йўлга 666 рақами боис ҳалокатга учраган машиналар йиғилса, Урал тоғларидан баланд тоғ пайдо бўлар эмиш... Яна айтадиларки, ўзини рангсиз ва маъносиз ҳаётга маҳрум этмаслик учун стол устига бўш идиш қўймаслик керак. Агар куйлагингизни тескари кийиб қўйган бўлсангиз, уни дарҳол ўнгига ағдариб “бахт тилаб” кийинг.  Бахтингиз очилишини истасангиз, бурчакка ўтирманг...

Ҳосили калом, бунақа уйдирмаларга асло ишонманг. Чунки уларнинг бирортасининг шаръий асоси йўқ.

Абдумалик Жўрақул тайёрлади

Read 11295 times

Мақолалар

Top