Мақолалар

Бидъат

“Бидъат” сўзи араб тилидан таржима қилинганда “янгилик” деган маънони билдиради. Шариат истилоҳида “бидъат – динга киритилган янгиликдир”. Ҳадиси шарифда “Кимки бизнинг бу ишимизга, яъни динимизга янгилик киритмоқчи бўлса, у қайтарилгандир” дейилган.

Бинобарин, бидъат деганда, асосан шаръий  ҳукмларга оид бўлган ва шаърий манбаларда қайд этилмаган, кейин жорий этилган янги амаллар тушунилган. Бунда дунёвий ишлар назарда тутилмаган. Яъни илм-фан тараққиёти, техника ва технологиялар ютуқлари каби замон янгиликларидан фойдаланиш қайтарилган иш ҳисобланмайди. Баъзилар автоуловдан фойдаланиш, электр энергиясини ишлатиш кабиларни ҳам бидъат деб ҳисоблайди ва уларга “бидъати ҳасана” деб ном қўядилар. Яъни “яхши бидъат деб номлайдилар.

Шариатга янгилик киритиш бидъат бўлади. Масалан, намоз ракатларига, рўза ҳукмларига, ҳажнинг рукнларига ўзгартириш киритиш мумкин эмас. Чунки бу масалалар аниқ белгилаб қўйилган. Масалан, намознинг бир ракатида икки марта сажда қилинади. Кимки савобни кўпайтираман деб уч марта сажда қилса бидъатчи бўлади.

Бидъат амаллар тарқалишининг омиллари қуйидагилардир:

  1. Илми мукаммал бўлмаган, лекин ўзини ўта илмли ҳисоблайдиган баъзи кимсаларнинг дин номидан гапириши, ўзи ўйлаб топган, кўзига чиройли кўринган ишларни суннат ва савоб билан боғлашга уриниши. Масалан, шиалар, хорижийлар, жабарийлар, қадарийлар асосчилари мусаффо эътиқод масалаларига бидъатлар киргизди ва кўплаб инсонларни тўғри йўлдан чалғитди. ХХ асрда пайдо бўлган “Ҳизбут-таҳрир” каби оқимлар ҳам Қуръон ва суннатда йўқ масалаларни динда бор деб эълон қилишга интилди.
  2. Дуохон, азайимхон кабиларнинг ўз олдига келувчиларга савоб бўлади дея “қон чиқариш”, “мозорга эҳсон қилиш”, “оқ қўчқор сўйиш” каби шариат буюрмаган амалларни тавсия қилишлари ва бу тавсияларнинг халқ орасида турли йўллар билан тарқалиши.
  3. Молу дунё тўплаш ёки обрў орттириш мақсадида савоб ва жаннатни ваъда қилувчи “Нурнома” ва “Мушкул-кушод” каби шаръий асосларга эга бўлмаган рисола ва китобларнинг ёзилиши ва тарқалиши. Кейинги вақтларда диний-маърифий китоблар расталаридан ўрин олишга уринган “Саодатга элитувчи билим” китобини ҳам ўшалар қаторига киритиш мумкин.
  4. Илмсиз кишилар ўртасида турли сабаблар билан хурофот ишларининг оммалашуви ва бунга ҳеч ким эътироз билдирмаслиги. Масалан, келин-куёв илк марта кўришганда пичоқ, ойна, тароқ ва Қуръонга қараш одати. Ёки чоршанба куни “тугун оши” қилиниши, Пайшанба куни “қўйнинг калласини” ният билан пиширилиши кабилар ҳам шариатга алоқаси бўлмаган, лекин баъзилар наздида савоб ҳисобланган хурофот ишлардир. Бинобарин, бидъат амаллар ижтимоий ҳаётни мураккаблаштирадиган, кўпинча, ортиқча ҳаракат ва харажатларга сабаб бўладиган жоҳилона одатлардир. Улардан сақланиш ҳар бир инсоннинг муҳим вазифасидир  

Наргиза ОДИЛОВА,

Хадичаи Кубро ўрта махсус ислом билим юрти мударрисаси

Read 9847 times

Мақолалар

Top