Мақолалар

Умримиз – сониялар йиғиндисидир

Чунки исрофгарлар шайтоннинг биродарларидир. Шайтон эса Парвардигорига ўта ношукр эди.

                                                                                          “Исро” сурасининг  27-ояти

 

Дунёда энг қимматбаҳо, йўқ, энг бебаҳо неъмат бу – вақт экан. Буни қарангки, биз ана шу ўрнини ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайдиган буюк неъматни энг кўп исроф қилар эканмиз.

Бу ўринда ҳаммамизга маълум ва машҳур бўлган вақтни бекор ўтказиш ҳақида гап бормаяпти. Вақтни бесамар ўтказиш зарари ҳам бекорчиликдан кам эмаслиги ҳақида сўз юритмоқчимиз.

Демак, бекордан Худо безор. Бу аён ҳақиқат. Аммо неча йиллар давомида умримизни ҳавога совураётганимизни ҳеч эсга олаётирмизми? Масалан, улуғларимиздан бири айтганидек, қўлларимиз билан бир ишга ўринар эканмиз, тилимиз нима қилади? Кўнглимиз қайси тарафга йўналган бўлади!

Авваллари эътибор қилган бўлсангиз, бир эсга олинг-а, жисмоний иш қилаётган одам ўша чоқда, тахминан, “Ойсанам, тушди рўмолинг қайданам”  дея ёки шунга ўхшаш бир оҳангни хиргойи қилаётган бўладими. Шу қабилидаги хиргойидан у бирор фойда оладими?..  Шунинг ўрнига тилини зикрга чоғлаб қалбини қурумлардан поклаб олса ўзига яхши эмасми? Баъзида эрта-ю кеч тинмай ишлаймиз, нега бир нарса орттира олмаймиз, дея шикоят қилиб қоламиз. Аммо биз эрта-ю кеч фақат қўлимиз билан иш бажарсак, тилимиз Ойсанаму Жумагулларни куйласа, кўзимиз рўмолида, кўнглимиз хаёлида бўлса, биргина қўлнинг ўзи билан ишлаб нима ҳам орттирамиз. Баъзиларимиз эса топиш-тутишим яхши, кам-кўстим йўқ. Лекин негадир кўнгил хотиржам эмас, деймиз. Кўнглимиз недан хотиржам бўлсинки, Эгасини бир бор эсламаса... 

Ўзаро дўсту ёрон суҳбатлашиб қолганимизда ҳам биримиз иккинчимиздан фойдаланиб, ундан илмга, фазилатга доир бирор нима ўрганиб қолиш у ёқда қолиб, баробарига дунёнинг ишларини муҳокама қилишга тушиб кетамиз. Бир зумда олти қитъанинг энг номдор сиёсатчилари ҳал эта олмаётган масалаларни “ҳал” этиб қўямиз. Лекин бу гаплардан кимга фойда бор!..

Ҳурматли домлалардан бирига бир киши: “Яъжуж-Маъжуж қачон чиқади”, деб савол берди. Домла: “Ҳа, нима қиласиз, қачон чиқса... ғайбнинг ишига аралашгунча ибодатингизни қилсангиз-чи”, дея дашном берди.

Дарҳақиқат, биз ўзимизга алоқаси бўлмаган нарсаларга ўзимизга бевосита дахлдор бўлган масалалардан кам вақт сарфламаймиз чоғи.

Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг “Дил ба ёр-у, даст ба кор” деган ҳикмати ана шу камчиликларимиздан халос бўлишимиз учун айтилмаганмиди?  Қўлимиз ишда, тилимиз зикрда, кўнглимиз Ҳақда, кўзимиз ҳаё пардаси ортида бўлсагина ишимизда барака, қалбимизда хотиржамлик бўлади. Қалб хотиржамлигига эришмоқ учун эса вақтни исроф қилмаслигимиз керак. Ҳасан Басрий авлодларни “Одамлар соат неча бўлганини сўрайди, кунлар, ойлар ўтишини санайди, аммо ўзи соатлар, дақиқалар йиғиндисидан иборат эканини ўйламайди”, деб вақтнинг бебаҳо эканидан огоҳлантирган эди. Ана шу вақтлар йиғиндиси бўлган умримиздан фойда олиб қолайлик. Ҳазрати Али розияллоҳу таъбири билан айтганда, бугун меҳнат бор, ҳисоб йўқ; эртага ҳисоб бўлади, меҳнат бўлмайди.

Дамин ЖУМАҚУЛ

Read 5087 times

Мақолалар

Top