Мақолалар

Ислом ва миллий қадриятлар

Турли халқлар ва миллатлар ҳаётига исломий қадриятлар кириб борганида дастлаб қаршиликка учраган. Ислом дини ўзининг инсонпарварликка асосланган қадриятлари тизимини  тавсия қилар экан, муроса ва келишув йўлидан борган. 

Бугунги замонавий қадриятшунослик фанида миллий қадриятлар кишиларнинг табиий, тарихий ва ижтимоий бирлигини таъминлайдиган этник маконда шаклланади. Ранг-баранг тарзда, турли шаклларда намоён бўлади, кишиларнинг онгига, ҳаёт тарзига ўзига хос тарзда таъсир қилади, дейилади. Шунингдек, миллий қадриятларни кишиларнинг ўзаро муносабатларида, ижтимоий фаолиятларида кўзга ташланиб туришидан ҳамда ана шу муносабат, фаолият, мақсад, эҳтиёж ва интилишлар учун маънавий асосдан билиб олса бўлади.

Ўзбек халқининг миллий қадриятлари ва уларнинг алоқадорлиги ифодаси бўлган қадриятлар тизими, миллатимизнинг тарих силсилалари, замона зайллари, турли ижтимоий ва сиёсий жараёнлар таъсирида шаклланиб келди. Миллий қадриятларимиз миллатнинг келиб чиқиш хусусиятлари ва ҳудудий макони билан боғлиқ ҳолда шаклланди. Қардош халқларнинг ижтимоий тараққиёти эса уларнинг миллий-ҳудудий қадриятлари равнақи билан узвий алоқадорликда давом этди. Шу тариқа миллатимиз ўзига хос ранг-баранг қадриятларни такомиллаштириб бориши натижасида, умуминсоний қадриятларни шакллантириб, унинг қирраларини ривожлантириб борди.

Миллий қадриятлар табиатига кўра, тор доирада тўхтаб қолмайди, балки равнақ топиб, турмуш жараёнида янгиланиб, бошқа халқлар қадриятларининг ютуқлари билан бойиб боради. Аёнки, ҳар бир эл, элат, уруғ ёки халқнинг урф-одатларида ўзига хослик бўлади. Ўзига хос қадриятларни  бошқа жойда, бошқача тарзда яшаётган кишиларнинг тарозиси билан ўлчаш ёки бу масалада бошқаларнинг ҳакам бўлиши мақсадга мувофиқ эмас. Умуминсонийлик туйғуси фақат ўз халқи қадриятини ардоқлаш, кўз-кўз қилиш ва бошқалар орасига ёйиш учун интилишга асосланмайди, балки ҳар бир халқ, элат, уруғ қадриятларини қандай ҳолатда бўлса, шундайлигича қабул қилиб, уларни ҳурмат қилишдан бошланади.

Миллий қадриятларимиз ривожида ислом динининг аҳамияти ва ўрни жуда катта бўлиб, у миллий қадриятларимизни бойитди. Айниқса, халқимиз маънавий қадриятларининг такомиллашиб боришида ислом дини келтирган инсонпарвар ғоялар сезиларли даражада таъсир кўрсатди. Ислом дини келганидан кейин Марказий Осиё халқлари ҳаётида диний қадриятлар тизими янгиланди, заминимиздан кўплаб мутафаккирлар, қомусий олимлар етишиб чиқди. Шунингдек, бу дин ўзининг бунёдкорлик таомилига кўра кўплаб меъморий обидалар, шаҳарларнинг бунёд бўлишига сабабчи бўлди.

Миллий қадриятимизга айланган ислом дини ғоялари ва кўрсатмалари миллатимизнинг табиий-тарихий ривожи, ижтимоий турмуши, яшаш тарзи, ўтмиши, келажаги, маданияти, маънавияти, урф-одатлари, анъаналари, тили, у вужудга келган ҳудуд ва бошқалар билан узвий боғланган. У миллий қадриятларимиз билан хилма-хил шаклларда, бир-бири билан узвий алоқада намоён бўлди, ўзига хос миллий қадриятлар тизимини ташкил қилди. Бу тизимда табиий-тарихий бирликни таъминловчи қадриятлар – ягона эътиқодлилик, қариндошлик, маданий-маънавий яқинлик, ўтмиш ва маънавий мерос, она юрт туйғуси ва бошқалар барқарор ҳисобланади.

Бу борада марҳум Президентимиз Ислом Каримов асарларида қуйидаги фикрни келтирганлар: “Бизнинг мусулмончилигимиз, Аллоҳга, динимизга муносабатимиз баъзи миллий қадриятларимизда ҳам яққол кўринадики, ҳар бир мусулмон юртдошимиз уларга беихтиёр риоя қилади”.

Миллий қадриятларимиз таркибидаги баъзи исломий қадриятларимиз кишиларнинг яшаш жойлари, турмуш шароитлари билан боғлиқликда шаклланди. Шу сабабли ҳам минтақамизда бизнинг турмуш тарзимиз, шарт-шароитларимизга мос тарзда шариатнинг ҳанафийлик йўналиши ривожланди.

Халқимизнинг маънавий мероси, анъаналари, урф-одатлари, адабиёти, санъати билан умуминсоний қадриятларнинг миллий даражада намоён бўлиш шакллари  исломий қадриятлар билан боғланиб кетган. Улар миллатимизнинг тарихий ривожланиш жараёнида авлоддан авлодга ўтиб келаётган маданий хусусиятлар ва жиҳатларда ўз аксини топади.

Энг муҳими, биз бу ишларни намойиш учун эмас, иймонимиз, эътиқодимиз амри билан адо этамиз”, деган биринчи Президентимиз Ислом Каримов. Демак, дин бизнинг қон-қонимизга, онгу шууримизга шу қадар теран сингиб кетганки, уни ҳеч қандай куч, ҳеч ҳандай ташвиқот билан чиқариб бўлмайди.

Айтмоқчиманки, биз ўз миллатимизни мана шу муқаддас диндан айри ҳолда асло тасаввур қила олмаймиз. Диний қадриятлар, исломий тушунчалар ҳаётимизга шу қадар сингиб кетганки, уларсиз биз ўзлигимизни йўқотамиз. Хоҳ ёш бўлсин, хоҳ кекса бўлсин, ҳар бир ўзбек нимагаки муносабат билдирмасин, албатта, уни беихтиёр Яратгувчининг амри билан боғлайди” (Ислом Каримов).

 

Абдус Сомад Абдул Восит ТОЖИДДИНОВ,

Тошкент ислом институтининг 4-курс талабаси

Read 14009 times

Мақолалар

Top