Мақолалар

Учдан бири таомга...

Бугунги шароитларни таърифлашга тил ожиз. Йилдан йилга янги маиший ва бошқа техникалар ихтиро қилинмоқда. Замон билан ҳамнафас бўлиб яшаётган инсонлар янгидан-янги неъматлардан бахраманд бўлмоқда. Албатта, бу неъматлар учун Аллоҳ таолага қанча шукроналик қилсак ҳам камлик қилади. Замоннинг ривожланишини кўрингки, бугунги кунда телевизори бўлмаган оила бўлмаса керак. Ҳаттоки бир оилада икки, уч ёки ундан зиёд телевизорлар бор. Бу, шубҳасиз, тўқчиликни аломати.  Бугун ётган жойимизда телевизорни ёқамиз, ўчирамиз, бошқа каналга оламиз, овозини паст ёки баланд қиламиз, рангларини ўзгартирамиз. Ҳатто баъзида масофадан туриб бошқарадиган мосламани яъни “пулт”ни кимгадир олиб бер деймиз. Чунки уни олиш учун узалишимиз керак бўлади. Ачинарлиси, шомдан кейин ҳазми оғир овқатларни истеъмол қиламиз ва кўпинча телевизор тагида ухлаб қоламиз. Ҳаракатсизлик оқибатида семизлик дардига мубтало бўламиз. Улуғ ҳаким Арастудан: «Сен нега сира касал бўлмайсан, бошқалардан фарқинг нима?» деб сўрашганида у: «Бошқалар ейиш учун яшашади, мен эса яшаш учун ейман», деб жавоб берган экан.  Ҳозирги вақтда дунёнинг ҳамма ерида яхши ейиш учун яшаш, яхши ейиш учун пул топиш авж олиб кетган. Ўтмишдаги ва ҳозирдаги барча мутафаккирлар, шифокорлар, таниқли халқ табиблари кўп ейиш оқибатида семириб кетишнинг зарарлари ҳақида якдиллик билан ёзишган. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом эса: “Мен умматимнинг семириб, қорин солишидан хавфдаман”, деган эканлар. Таом истеъмол қилганда ҳам  баъзан ҳаддан зиёд тўйиб овқатланиб, кечаси билан қийналиб чиқамиз. Шу сабабли Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “ Инсон қорнидан ёмонроқ идишни тўлдирмайди, одам боласига белни қоим қиладиган кичик луқма кифоядир. Бас, қориннинг учдан бири таом, бири сув ва қолгани нафас учундир”, деб биз умматларини огоҳлантирганлар. Жаҳон мамлакатлари фуқароларининг семизлик даражасини кўрсатиб берувчи харита АҚШнинг Марказий Разведка Агентлигининг World Factbook (жаҳон ҳақида далиллар) электрон манбасида эълон қилинган. Унда жаҳоннинг «энг семиз мамлакати» деган номга Тинч океани жанубида жойлашган Америка Самоаси давлати муносиб деб топилган. Маълумотларга кўра, у ерлик аҳолининг 74,6 фоизи семириш дардига мубтало бўлган. Ушбу рўйхатга Марказий Осиё мамлакатлари ҳам киритилган. Хусусан, Ўзбекистон аҳолисининг 15,1 фоизи ортиқча вазнга эга. Бу кўрсаткич Қозоғистонда 23,7 фоиз, Туркманистонда 13,2, Тожикистонда 8,6, шунингдек, Озарбойжонда 23,8 фоизни ташкил этади. Тадқиқотлар замонавий турмуш тарзи ва қўшимча кимёвий моддалар асосида тайёрланадиган озиқ-овқатлар семиришнинг бош омили эканини кўрсатмоқда.

            Бугунги кунда кўпайиб бораётган касалликларнинг аксари нотўғри овқатланиш ва кам ҳаракатнинг оқибати ҳеч кимга сир эмас. Демак, ҳар биримиз соғлиғимизга эътиборли бўлсак, телевизор қаршисида камроқ ўтириб, кўпроқ жисмоний  ҳаракатлар қилсак бундан кўп фойда олар эканмиз.

Маҳмуджон АБДУСАИДОВ,

Бўстонлиқ тумани бош имом-хатиби вазифасини бажарувчи 

Read 5754 times

Мақолалар

Top