Мақолалар

ҲАЙИТ – МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАРИМИЗ ТАРАННУМИ

Муносабат

  

Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсин, мамлакатимизда сўнгги йилларда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, хайрли ишлар барча мўмин-мусулмонларни мамнун этмоқда. Янгидан қурилаётган, обод бўлаётган масжидлар киши баҳридилини очади, кўнгилларга сурур бағишлайди.

Куни кеча матбуотда муҳтарам Президентимизнинг “Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Қурбон ҳайити жамиятимизда қарор топган меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, эл-юртимизга хос бўлган эзгу фазилатларни, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш ҳамда ёш авлодни миллий анъана ва урф-одатларимизни эъзозлаш, Ватанга садоқат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

Ҳайит фақат байрамгина эмас, балки минг йиллар давомида шаклланган қадриятларимиз тараннуми ҳамдир. Чунки бу байрамда халқимиз ўзаро меҳр-оқибат, хайру саховат тадбирларини уюштиришади. Кўнгли ўксик, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олинади.

Зотан, мазкур қарорда ҳам халқимизга хос бўлган инсонпарварлик, меҳр-оқибат, саховат ва ўзаро ҳамжиҳатлик каби фазилатларни қарор топтириш белгилаб қўйилган.

Одатда ҳайит кунида ҳамма бир-бирини улуғ кун билан самимий муборакбод этади. Биринчи ўринда ота-оналаримизни, улардан кейин қариндош-уруғларимиз ва ёру биродарларимизни, беморларни бориб зиёрат қиламиз. Уларнинг кўнглини кўтаришга ҳаракат қиламиз.

Қурбонлик қилиш Яратганнинг берган неъматларининг шукронасини адо этиш ва нафсоний иллатлардан покланиш ҳамда банданинг Яратувчиси амрига итоати ва тақвосини намоён этади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли – У зотни улуғлашларингиз учун – уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!» (Ҳаж сураси, 37-оят).

Шунингдек, ҳадиси шарифда Набий алайҳиссалом: «Одамзот сўйиш куни қон чиқаришдан кўра Аллоҳга маҳбуброқ иш қилган эмас. Албатта, у(ҳайвон)лар қиёмат куни шохлари, жунлари ва туёқлари билан келурлар. Албатта, қон ерга тушишидан олдин Аллоҳнинг ҳузуридаги маконга етур. Уни чин кўнгилла чиқарингиз» (Имом Термизий ривояти).

Ҳайит ўз номи билан хурсандчиликдир. Ушбу байрамда ота-она ва фарзандларга совға улашиб, уларни қувонтириш, кексаларни, заиф ва бетобларни зиёрат қилиш, уларга ҳадя бериб, қалбларига сурур киритиш динимиз тарғиб қилган амаллардан.

Айрим ҳудудларда ҳайит кунлари исрофгарчиликка сабаб бўладиган турли маросимлар ўтказиш одат тусига кирган. Бу шариатимизда йўқ. Яқинлари вафот этган хонадонлардаги, никоҳ тўйлари бўлган оилалардаги “янги ҳайит”, “ҳайит йўқлови” каби маросимлар бидъатдир. Ҳайит кунлари исрофгарчиликлар, хурсандчилик байрамини аза ва йиғи-сиғига айлантириш бизга ярашмайди. Бунинг ўрнига муҳтожларга, фақир-мискинларга, етим-есир, бева-бечораларга совғалар улашиш зарур.

Қурбон ҳайити – мусулмонларнинг шод-хуррамлик, меҳр-оқибат, хайр-саховат кўрсатиш, бир-бирлари билан дийдорлашув байрамидир. Уни шариат талабларига мувофиқ, йиғи-сиғисиз, хурсандчилик билан, хуш кайфиятда ўтказиш шарт.

Ҳайит куни қариндош-уруғларни, биродарларни зиёрат қилиш, бева-бечоралар ҳолидан хабар олиш ажри улуғ амаллардан. Бирор сабабга кўра аразлашган, гина-кудуратли таниш-билишлар муборак кунларда бир-бирларини кечирсалар, мақсадга мувофиқ бўлади.

Унутмаслик керак, ҳали коронавирус балоси тўлиқ чекинмади. Шундай экан, карантин қоидларига қатъий риоя қилайлик.

Аллоҳ таоло Қурбон ҳайитини барчамизга муборак қилсин!

 

Жасурбек домла РАУПОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

Read 1889 times
Tagged under

Мақолалар

Top