Мақолалар

Қурбон ҳайити – кўнгиллар шодлиги

Истиқлол шарофати ила Ватанимизда миллий ва диний қадриятлар қайта тикланди, мўмин-мусулмонларнинг орзу-умидлари ушалди. Бунинг учун доимо шукрона келтириб, Яратганнинг: «Агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман…», деган марҳаматига ҳамоҳанг яшашимиз лозим. Зеро, истиқлол сабаб мана шундай неъматлардан баҳра олмоқдамиз.

Мустақиллик боис, диний эътиқодимиз даҳрийлик исканжасидан озод бўлди. Бугун икки мингдан зиёд масжидда хотиржам ибодат қилаётган кишиларни кўриб, «Илоҳим! Ўз уйимизда осудалик топганимиз, чин бўлсин», деб дуо қиламиз. Айниқса, жума ва ҳайит кунлари бутун диёримизни илоҳий бир файз қамраб олади.

Мустақиллик йилларининг илк даврлариданоқ икки улуғ кун — Рамазон ва Қурбон ҳайитлари биринчи Юртбошимиз томонидан умумхалқ байрами сифатида эълон қилингани халқимизни беҳад қувонтиради.

Одатда ҳайит кунида ҳамма бир-бирини улуғ кун билан самимий муборакбод этади. Ҳайит намозини адо этгандан сўнг биринчи ўринда ота-оналаримизни, улардан кейин қариндош-уруғларимиз ва ёру биродарларимизни, беморларни бориб зиёрат қиламиз. Уларнинг кўнглини кўтаришга ҳаракат қиламиз.

Қурбонлик қилиш Яратганнинг берган неъматларининг шукронасини адо этиш ва нафсоний иллатлардан покланиш ҳамда банданинг Яратувчиси амрига итоати ва тақвосини намоён этади.

Ҳайит байрамлари қадимдан халқимизга хос меҳр-мурувват, бағрикенглик ва саховат ифодаси бўлиб келган.

Бу улуғ байрам кунлари кўнгилларимиз равшан, кайфиятларимиз чоғ, нигоҳларимиз муқаддас Каъбага қараган. Яратганнинг фазлу карамидан умидвор ҳолда ҳайит намозини адо этганимиздан сўнг қурбонлик амалини бажаришга киришилади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадиси шарифда марҳамат қилиб: «Қурбонлик қилиш чиройли амаллардандир. У бандани дунёда балолардан ва охиратдаги офатлардан озод этади. Ҳайит намозини ўқиб, қурбонлик сўйган мўминлар менинг умматимдандир», деганлар (Имом Муслим ривояти).

Ҳайит хурсандчилик байрамидир. Ушбу байрамда ота-она ва фарзандларга совға улашиб, уларни қувонтириш, кексаларни, заиф ва бетобларни зиёрат қилиш, уларга ҳадя бериб қалбларига сурур бағишлаш динимиз тарғиб қилган амаллардандир.
Ҳайит куни динимизда рухсат этилган, кўнгилни кўтарадиган барча ишларни қилиш билан қалбга ором бериш керак.

Баъзи жойларда ҳайит кунлари исрофгарчиликка сабаб бўладиган турли маросимлар ўтказиш ёмон анъанага айланиб қолган. Бу шариатимизда йўқ. Яқинлари вафот этган хонадонлардаги, никоҳ тўйлари ўтган оилалардаги “янги ҳайит”, “ҳайит йўқлови” каби маросимлар бидъатдан бошқа нарса эмас. Ҳайит кунидаги исрофгарчиликлар, хурсандчилик байрамини аза ва йиғи-сиғига айлантиришлар мусулмонларга муносиб эмас. Унга кетадиган маблағларни ва неъматларни муҳтожларга, фақир-мискинларга, етим-есир, бева-бечораларга тарқатишдан хайрлироқ иш бўлмаса керак!

Қурбон ҳайити – мусулмонларнинг шод-хуррамлик, кўнгил олиш, меҳр-оқибат, хайр-саховат кўрсатиш, бир-бирлари билан дийдорлашув байрамларидир. Уни шариат талабларига мувофиқ, йиғи-сиғисиз, хурсандчилик билан, ҳуш кайфиятда ўтказиш мусулмонга ярашиқли ва мақталган амаллардандир.

Ҳайит байрами кунида қариндош-уруғларни бориб кўриш, ёру биродарларни зиёрат қилиш, бева-бечоралар ҳолидан хабар олиш каби ишлар ушбу кунда савоби улуғ амаллардан ҳисобланади. Бирор сабабга кўра аразлашган, гина-кудуратли таниш-билишлар ҳам ҳудди шу муборак улуғ кунларда бир-бирларига қучоқ очсалар, ўзаро узр сўрасалар мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки кечиримли ва меҳр-шафқатли бўлиш ҳар бир мусулмон учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

 

Янгийўл тумани «Имом Султон» жоме масжиди
 имом хатиби Одилжон Нарзуллаев

Read 1657 times

Мақолалар

Top