Мақолалар

Ашуро қандай кун?

Маълумки, ҳижрий йил ҳисоби бўйича 1443 йилнинг Муҳаррам ойи бошланди. Нима учун бу ойга муҳаррам деган ном берилган?

Муҳаррам сўзи арабча сўз бўлиб, у "ман қилувчи", "тақиқловчи" деган сўзлар маъноларига тўғри келади. Қадимда айрим ойларда уруш, жанжаллар тақиқланган. Муҳаррам ойи ҳам қамарий йил ҳисобининг биринчи ойи уруш, жанжаллар тақиқланган ой  ҳисобланади. Шу жиҳатдан бу ойга уруш, жанжалларни тақиқловчи, яъни Муҳаррам деб ном беришган.

Муҳаррам ойи Ашуро ойи деб ҳам аталади. Ашуро сўзи ўзбек тилида "ўнинчи" деган маънони англатади. Муҳаррам ойининг ўнинчи кунини Ашуро куни дейилади.

Бу кун ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Шу боис Мусо алайҳиссалом бу кунда рўза тутган. Мен Мусога кўпроқ (яқин бўлишга) ҳақлироқман”, дедилар ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар” (Имом Бухорий ривояти).

Ашуро куни рўза тутиш ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Ашуро кунининг рўзаси – Аллоҳдан умид қиламанки – бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Ашуро куни рўзасини Рамазон ойи рўзасини кутиб соғингандек, бошқа кун ва ой рўзасини кутганларини кўрмадим” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Уламолар Ашуро кунига қўшиб бир кун олдинги ёки бир кун кейинги кунда ҳам рўза тутмоқ афзал дейдилар. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутиб, одамларни ҳам бу куннинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: “Ё, Расулуллоҳ! Бу кун яҳудий ва насронийлар улуғлайдиган кун-ку!” дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ хоҳласа келаси йил тўққизинчи куни ҳам тутамиз”, дедилар. Аммо, келаси йил келмасидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар (Имом Муслим ривояти).

Ашуро кунида яқинларга кенгчилик қилиш, бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади. Абу Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

Аллоҳ таоло яқинлашиб келаётган Ашуро кунининг фазилатларидан барчамизни баҳраманд этсин!

 

 

Р. Акбаров,

ЎМИнинг Қашқадарё вилояти вакиллиги ходими.

Read 3586 times
Tagged under

Мақолалар

Top