Мақолалар

Муҳаррам — тавба ойидир

Али розияллоҳу анҳу дедилар: «Бир одам келиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

«Рамазондан кейин қайси ой рўзасини тутишимни амр қиласиз?» деб сўради.

«Агар Рамазондан кейин рўза тутувчи бўлсанг, Муҳаррамни тут. Чунки у Аллоҳнинг ойидир. Унда Аллоҳ бир қавмнинг тавбасини қабул қилгандир ва бошқа қавмларнинг ҳам тавбасини қабул қиладир», дедилар» (Имом Термизий ривоят қилган ва ҳасан, деган).

Демак, ушбу ҳадисдан олинадиган фойдаларимиз:

1. Қайси вақтда нафл ибодат қилиш афзал эканлигини билиб олишга қизиқиш, унинг пайидан тушиш фазилат эканлиги;

2. Рамазон рўзасидан кейинги энг афзал рўза Муҳаррам ойи рўзаси эканлиги;

3. Муҳаррам ойи Аллоҳнинг ойи номига сазовор бўлган ой эканлиги. Зотан, барча ойлар ҳам Аллоҳникидир. Лекин Муҳаррам ойининггина шу ном билан номланиши бу ойнинг шарафига шараф қўшади;

4. Аллоҳ таоло Муҳаррам ойида ўтган қавмлардан бирининг тавбасини қабул қилганлиги;

5. Муҳаррам ойида Аллоҳ таоло бошқа қавмларнинг ҳам тавбасини қабул қилиши. Шунинг учун қавмлар бу муборак ойда тавбага шошилсалар, яхши бўлади;

Азиз ўқувчи, Муҳаррам ойи ҳақида қандай маълумотларга эгамиз ва бу ойда қандай ибодатларни бажарсак савобга эришамиз. Хуллас, шунга ўхшаш саволларга жавоб олиш учун қуйидагиларга эътиборимизни қаратсак.

«Муҳаррам» сўзи луғатда «ҳурматланган», «ҳаром қилинган», «улуғланган» деган маъноларни англатади.

Дарҳақиқат, Муҳаррам ойи ҳурматли ойдир. Бу ой ҳижрий сана бошланадиган ойдир.

Муҳаррам ойи Аллоҳ таоло урушни ҳаром қилган тўрт ойдан биридир. Бундан ортиқ ҳурмат бўлиши мумкинми? Бу ой «Аллоҳнинг ойи» деб номланади. Бундан ортиқ улуғлаш бўлиши мумкинми?

Муҳаррам ойи Рамазон ойидан кейинги ўринда туради. Бу ойда энг улуғ кунлардан бири – Ашуро куни бор. Бу ойнинг ҳурмати, ҳаромлиги ва улуғлигини ҳадисларни ўрганиш давомида яна ҳам чуқурроқ билиб оламиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Рамазондан кейинги энг афзал рўза Аллоҳнинг Муҳаррам ойи (рўзаси)дир. Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир», дедилар» (Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган).

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Рамазон рўзасидан кейинги энг афзал рўза Муҳаррам ойи рўзаси эканлиги;

2. Муҳаррам ойи Шаҳруллоҳ – Аллоҳнинг ойи деб номланиши;

3. Фарз намозидан кейинги энг афзал намоз тунги намоз эканлиги;

4. Муҳаррам ойида кўпроқ рўза тутишга ҳаракат қилмоғимиз лозимлиги;

5. Кечаси таҳажжуд намозлари ўқишга одатланишимиз кераклиги.

 

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди.

Read 1745 times

Мақолалар

Top