Мақолалар

Ашуро куни аҳлига кенглик қилиш ҳадиси ҳақида

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، قَالَ: "مَنْ وَسَّعَ عَلَى عِيَالِهِ وَأَهْلِهِ يَوْمَ عَاشُورَاءَ وَسَّعَ اللهُ عَلَيْهِ سَائِرَ سَنَتِهِ". (رواه البيهقى في شعب الإيمان)

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Ашуро кунида аҳли-аёлига кенглик қилса, Аллоҳ таоло унга йилнинг қолганини кенг қилади”, дедилар”.
Имом Байҳақий “Шуабул-иймон” китобида ривоят қилган.

“Кашфул хофаа” китобида шундай дейилган: Имом Ҳофиз Суютий раҳматуллоҳи алайҳ “ад-Дурарул-мунтасир” китобида бу ҳадисни саҳиҳ собит бўлган, деган. Имом Байҳақий “Шуабул-иймон” китобида Абу Саид Худрий, Абу Ҳурайра, Абдуллоҳ ибн Масъуд ва Жобир розияллоҳу анҳумлардан заиф санадлар билан ривоят қилган. Булар бир бирига қўшиладиган бўлса, қувватланади.

“Кенгчилик қилиш” ҳадисини ишончли ровийлар ривоят қилишган. Ҳа, кенгчилик қилиш ҳадиси худди Ҳофиз Суютий айтганларидек, саҳиҳ собит бўлган. (Ҳошияту ибн Обидийн, 3-жилд, 457-бет).

عَنْ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ: "مَنْ وَسَّعَ عَلَى عِيَالِهِ فِي النَّفَقَةِ يَوْمَ عَاشُورَاءَ وَسَّعَ اللهُ عَلَيْهِ سَائِرَ سَنَتِهِ". (رَوَاهُ رَزِين)

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Ашуро куни аҳли-аёлига нафақада кенгчилик қилса, Аллоҳ унга йилнинг қолганини кенг қилади”, ­ дедилар.
Имом Розийн ривоят қилган.

Суфён айтди: “Биз буни тажриба қилиб кўрдик ва ана шундай бўлишини топдик”. Суфёндан мурод Суфён Саврийдир. Чунки муҳаддислар истилоҳида Суфён мутлақ айтилса, Суфён Саврий назарда тутилган бўлади. Имом Байҳақий ҳам “Шуабул-иймон”да Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абу Ҳурайра, Абу Саид ва Жобир розияллоҳу анҳумлардан ривоят қилган. Байҳақий ўзи ривоят қилган ҳадисни заиф санаган.

Мирк (яъни, Миркалон) раҳматуллоҳи алайҳ Мунзирийнинг “Ат-Тарғиб” китобидан нақл қилиб, шундай деган: “Албатта, бу ҳадиси шарифни Байҳақий бир нечта туруқлар (йўллари) билан саҳобалар жамоасидан ривоят қилган. Агарчи бу санадлар заиф бўлса-да, баъзиси бошқасига қўшилиши билан қувватланади”.

Ироқий айтади: “Бу ҳадиснинг бир қанча туруқлари (йўллари) бор. Унинг баъзиларига саҳиҳ деб қарор берилган. Баъзиларига эса, Муслимнинг шартига кўра саҳиҳ дейилган. Аммо Ашуро кунида рўза тутиш ва кенгчилик яратишдан бошқа амалларнинг асли йўқдир. Жумладан, сурма қўйиш ҳадиси ҳам асли йўқ ҳадисдир”. (Алий Қорий, Мирқотул Мафотиҳ, 4-жилд, 1349-бет).

Суфён ибн Уяйна: “Биз буни эллик ёки олтмиш йил тажриба қилиб кўрдик ва фақатгина яхшилик кўрдик”.
“Ал-Муҳит” китобида шундай дейилган: Жобир (раҳматуллоҳи алайҳ): “Мен қирқ йил тажриба қилдим, бўлмай қолмади”, деган.

Аммо кенгчилик яратишдан бошқа ишларни, яъни Ашуро куни кундузи ёки кечаси байрам қилиш, сурма қўйиш, бўяниш каби ишларни жумҳур фуқаҳолар – ҳанафий, моликий, шофиъий ва ҳанбалийлар бидъат деганлар. Бу ишларнинг бирортаси мустаҳаб эмасдир. Бу ҳақда келтирилган ривоятлар бидъатчиларнинг тўқиб чиқарган бидъатлари бўлиб, улар бу амалларни ўзларининг бидъатларини қўллаб-қувватлаш учун тўқиганлар. (Мавсуатул фиқҳийя, 29 жилд, 221-бет).

Имом Байҳақий “Ким ашуро куни исмид сурмасини қўйса, ҳеч қачон кўзи оғримайди” ҳадисини заиф деб ривоят қилган. Лекин бу ҳадисни имом Ҳоким раҳматуллоҳи алайҳ мункар ҳадис деган. Ибнул Жавзий бу ҳадисни мавзуот, яъни тўқима ҳадислар ичида келтирган. (Ҳошияту ибн Обидийн).

Шунинг учун Ашуро куни бундай ишларни қилиш бидъат ҳисобланади. Аммо юқорида келтирилган ҳадисга биноан, Ашуро куни оиласига кенгчилик қилса, бозорлик қилиб, рўзғорини бут қилиб олса, йилнинг қолган ойлари ҳам баракатли бўлиши умид қилинади.

Қудратуллоҳ Сидиқметов

Read 1590 times

Мақолалар

Top