Мақолалар

Ватан, миллат, дин ҳар нарсадан азиз ва муқаддасдир!

Шукрона

  

Юртимизда ҳар йили истиқлолга эришган кунимизни бир-биридан гўзал ғоя ва шиорлар остида нишонлаш яхши анъанага айланиб боряпти. Уларнинг ҳар бири қалбимизда алоҳида меҳр уйғотиб, ўзини шу Ватан фарзанди деб билган кексаю ёшни эл-юрт фаровонлиги йўлида жипслаштиришга хизмат қилмоқда.

Шу нурафшон кунларимизда биз учун олис мозий, буюк аждодларимиз мероси ва 30 йил мобайнида босиб ўтган йўлимизга назар ташлаб, шу муқаддас Ватанда яшаётганимизга шукроналар келтиришимиз шарт.

Инсон қаерда дунёга келса ана шу ер унинг учун қадрли Ватан ҳисобланади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳеч нарсага алишиб бўлмайдиган, ҳамма нарсадан ҳам қимматли даргоҳдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб кетаётганларида орқаларига ўгирилиб, яъни Маккаи мукаррамага қараб: “Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳеч қачон ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлур эдим” – деганлар.

Демак, ватанни севиш, уни соғиниб яшаш инсоният фитратида мавжуд бўлган нозик ҳисдир. Бирор сабаб билан Ватанини ташлаб, бошқа юртларга кетган кимса ҳаётнинг оғир дамларида уни қўмсаб, кўз олдига келтириши ва туғилиб ўсган замини хақида бирор қайғули хабар эшитганда қалбан эзилиши ҳам юртга бўлган муҳаббатнинг белгисидир.

Тарихдан маълумки, бирорта миллат бошқа бир миллатни таҳқирламоқчи, ёки оёқости қилмоқчи бўлса, аввало, унинг ватанини босиб олиб, вайрон қилган ёки уни ватанидан қувиб чиқарган. Ўз ватанини душманлар қўлида қолганини кўрган миллат учун бундан ортиқ хўрлик ва таҳқир бўлмаса керак. Зеро, Ватан, миллат, дин тушунчалари инсон учун ҳар нарсадан азиз ва муқаддасдир. Шунинг учун ҳам динимиз таълимотида она Ватан ҳимояси, миллат фаровонлиги ва дин равнақи йўлида фидоий бўлган кишиларга буюк мақомлар берилиши таъкидланган.

Исломда Ватан тушунчаси кенг қамровли бўлиб, аввало, у истиқомат маскани, яъни уй-жой маъносида ишлатилади. Ислом дини таълимотида инсон ўзи яшаб турган ватанини, динини, оила аҳлини ҳимоя қилиши энг улуғ амаллардан эканлиги таъкидланган. Ватан ҳимояси учун ҳарбийлар сафида туриш ҳам динимизда улкан савобли амал саналади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бир кеча кундуз “рибот”, (яъни душмандан қўриқлаб чиқиш) бир ой тутилган нафл рўза ва ўқилган тунги намоздан яхшидир”, деб марҳамат қилганлар» (Имом Муслим ривояти).

Ҳаким зотлардан бири: “Ҳар бир кимсага маълумки, ҳаёт оламида инсоннинг энг севган, қадрли, қимматли тўрт нарсаси бордир. Бу тўрт нарсага эга бўлмаган кишилар инсонлик шарафидан маҳрум бўлурлар. Улар: озодлик ва эркинлик, меҳнат билан топилган молга ўзи эгалик қилмоғи, туғилиб ўсган она Ватани ҳамда ўзи эътиқод қилиб келаётган муқаддас дини”. деган.

Кишининг вафодорлиги унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, биродарларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади.

Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидойилиги уни Ватанини ҳимоя қилишига, тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлишига ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имконият даражасида ҳисса қўшишга ундаши лозим.

Ўзбекистон аталмиш гўзал замин бир мақсад йўлида бирикиб, муҳтарам Юртбошимиз атрофида жипслашиш натижасида ёрқин келажак, юксак тараққиёт сари йўл тутяпти, Ватан гўё ўз фуқароларига ҳам аҳилликда ҳикмат кўплигидан сабоқ бераётгандек.

Яна бир неча кунлардан сўнг мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрамини катта тантана қиламиз. “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида муқаддас Ватанимизнинг катта тўйига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

Аллоҳ таоло шу азиз Ватанни, буюк миллатни Ўз паноҳида асрасин!

 

Нуриддин домла ХОЛИҚНАЗРОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

 

Read 1635 times

Мақолалар

Top