Мақолалар

ҲИЖРАТ ВА УНГА  ТЕГИШЛИ ҲУКМЛАР ҲАҚИДА ФАТВО

 

Ижтимоий тармоқларда юртимиз мусулмонларини мамлакатни тарк этиб қонли урушлар кетаётган ҳудудлардаги жангари гуруҳларга қўшилишга даъват қилувчи ҳамда ушбу амални гўёки “ҳижрат” эканини даъво қилаётган чақириқлар кузатилмоқда.

Сохта даъватчилар ислом динидаги муқаддас тушунчаларни ғаразли сиёсий мақсадлар йўлида сохталаштирган ҳолда талқин қилиб, тинч-тотув ва озод мамлакатда, барча ибодатларни ҳотиржамлик билан адо қилиб турган мусулмонларни қуролли тўқнашувлар кетаётган мамлакатларга чақирмоқдалар. Ҳижратга даъват қилаётганлар: “Мусулмонларнинг барчасига ҳижрат қилиш фарз бўлди, ҳижрат қилмаган кофир бўлади”, дейиш даражасига бормоқда.

Мусулмонлар орасида юқоридаги даъват ва чақириқларнинг динимизга қанчалик мувофиқ ҳамда тўғри экани ҳақида саволлар туғилмоқда.

Юртимиз мусулмонларига жавоб сифатида ҳамда фуқароларимизни ушбу хатарли даъволардан огоҳлантириш мақсадида ҳижрат масаласида алоҳида Фатво беришни мақсад қилдик.

“Ҳижрат” тушунчасининг таърифи

“Ҳижрат” сўзи араб тилида “ажрамоқ”, “тарк этмоқ” маъноларини беради. Ҳижратнинг шаръий маъноси эса – Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида “Куфр диёри”ни тарк этиб “Ислом диёри”га кўчишга айтилади.

Мусулмонларнинг аввал Ҳабашистонга, кейинчалик пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам раҳнамолигида Маккани тарк этиб, Мадинага борганликлари ҳижратга мисол бўлади. Ушбу ҳижратда мусулмонларнинг яшаб турган ерларидан бошқа юртларга кўчиб кетишлари мажбуран бўлиб, бунга уларнинг жони, эътиқодлари ва мол-мулкларига нисбатан жисмоний ва бошқа шаклдаги тажовуз ўта кучайганлиги сабаб бўлган.

Демак, таърифдан маълум бўлмоқдаки, шариатда катта савоб ваъда қилинган ҳижрат мақомига етишиш учун Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида “Куфр диёри”дан “Ислом диёри”га кўчиш керак экан. Акс ҳолда бу шаръий ҳижрат бўлмайди, фарз ёки вожиблик касб қилмайди, балки оддий бир манзилдан бошқасига яшаш учун кўчиш бўлиб қолади.

Таърифда келтирилган “Ислом диёри” ва “Куфр диёри” тушунчаларини ҳозирги кунда нотўғри талқин қилиниши натижасида Аҳли суннат уламоларининг ҳукмларига зид, сохта фатволар тарқалиб, мусулмонлар ўртасида ихтилофлар вужудга келмоқда. Улар мусулмонлар яшайдиган юртларни “Куфр диёри” деб атаб, бу юртлардан ҳижрат қилиш фарз бўлди демоқдалар.

Ислом таълимоти манбаларига кўра, “Дорул ҳижрат” ва “Дорул ислом” атамаларини биринчи бўлиб саҳоба Холид ибн Валид разияллоҳу анҳу Ҳийра шаҳри аҳлига кекса ва ногиронлардан жизяни бекор қилиш борасида ёзган хатларида ишлатган.

Кейинчалик 2-3 ҳижрий асрларда тўрт фиқҳий мазҳаб мужтаҳид уламолари томонидан “Дорул ислом”, “Дорул ҳарб”, “Дорул куфр”, “Дорул аҳд” ва “Дорул бағий” атамалари қўлланила бошланган. Таъкидлаш жоизки, бу атамалар Қуръонда ҳам, суннатда ҳам очиқ-ойдин келмаган. Шунинг учун уламолар ижтиҳодида бироз фарқлар бор.

Ушбу атамаларга қуйидагича изоҳ бериш мумкин:

Ислом диёри” – жамоат намозлари, азон, жума, ҳайит ва бошқа Ислом шиорлари ва ҳукмлари амалда бўлиб турган юртдир.

Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Дорул Ислом” – Ислом ҳукмлари очиқ-ойдин бўлган ерлардир”. Ислом ҳукмларининг очиқ-ойдин бўлиши дегани, у ерда ибодатлардан ташқари зино, ўғирлик каби ишлар ҳам ман қилинган бўлишидир. Бундан ташқари, ислом таълимотига кўра мусулмонлар яшайдиган жойлар, аввалига мусулмонлар фатҳ қилиб, кейинчалик ғайридинлар қўлида қолдирилган юртлар, шунингдек, мусулмонлар яшаб, кейин ғайридинлар уларни ҳайдаб чиқарган жойлар ҳам “Дорул Ислом” ҳисобланади.

“Дорул ҳарб” (“Дорул куфр”) – куфр ҳукмлари очиқ-ойдин бўлган ерлар. Яъни, у ерда Ислом ҳукмлари ва шиорлари зоҳир эмас, балки куфр ҳукмлари устун бўлади. Кўпчилик уламолар, ҳозирги кунда халқаро тинчликни таъминловчи ташкилотлар ва битимлар тузилгани сабабли “Куфр диёри”, яъни мусулмонлар билан уруш ҳолатидаги давлатлар қолмади, балки уларнинг ҳаммаси “Даъват диёри”га айланган”, деб фатво берганлар. Энди бундай ҳудудларга Исломни уруш билан эмас, балки илм-маърифат усулларидан фойдаланиб тарқатиш лозим бўлади.

“Дорул аҳд” – уни келишув ёки сулҳ диёри ҳам дейилади. “Дорул аҳд” – мусулмонлар билан ерлари ўзларида қолиш шартига кўра тинчлик битими тузган ғайридин юртлар.

“Дорул бағий” (“Боғийлар юрти”) – “Ислом диёри”нинг бир қисми бўлиб, у ерда ҳақли равишда ҳукмдорлик қилаётган ҳокимга қарши бош кўтарган бир тўда мусулмонлар йиғилган бўлади. Улар қандайдир даъволар билан давлат бошлиғига итоат қилишдан бош тортган бўлади. Уларни Ислом фиқҳида боғийлар дейилади. Боғийларга қаттиқ жазолар белгиланган бўлиб, улар ўлдирилганда жаноза ўқилмаслиги таъкидланган.

Юқоридагилардан маълум бўладики, бизнинг юртимиз қадимдан “Ислом диёри” ҳисобланади. Бундай диёрдан ҳижрат қилинмайди, балки унга ҳижрат қилиб келинади. Сохта даъватчилар чақираётган ўлкалар эса, эътибор қилинса, “Дорул бағий”га тўғри келмоқда. Уларнинг мантиғига кўра, мусулмонлар тинч диёрдан ўзларининг жони, моли ва обрўси омонда бўлмайдиган боғийлар ҳузурига ҳижрат қилиши керак экан. Бу эса шариатимиз қонун-қоидаларига мутлақо зид эканлиги маълум бўлиб турибди.

Мутаасиб даъватчилар бизнинг мамлакат ҳақида гўёки: “Бу ерлар аввал “Ислом диёри” бўлган бўлсада, ҳозир куфр диёрига айланган”, дейишади.

Уламоларнинг “Дорул ислом”ни “Дорул куфр”га айланиши масаладаги фикрлари қуйидагича:

  1. Шофеъийларга кўра, ғайридинлар мусулмонларни юртларидан ҳайдаб чиқариб, ўз ҳукмларини жорий қилган бўлсалар ҳам “Дорул ислом” ҳеч қачон “Дорул куфрга” айланиб қолмайди.
  2. Моликийлар, ҳанбалийлар ва ҳанафийлардан Имом Абу Юсуф, Имом Муҳаммад раҳимаҳумуллоҳлар “Дорул ислом”да куфр ҳукмлари устун бўлиши билан “Дорул куфр”га айланади, дейдилар.
  3. Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ, фақат учта шарт билан “Дорул ислом” “Дорул куфр”га айланади, дейдилар:

А) “Дорул ислом”да куфр ҳукмлари зоҳир бўлса,

Б) “Дорул ислом” “Дорул куфр”га қўшилиб кетса,

В) “Дорул ислом”да бирорта мусулмон ёки зиммий қолмаса.

Биринчи шартни шарҳлаб машҳур аллома Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

وظاهره أنه لو أجريت أحكام المسلمين ، وأحكام أهل الشرك لا تكون دار حرب .

“Бундан шу маълум бўладики, агар (Дорул исломда) мусулмонларнинг ҳукмлари ва аҳли ширкнинг ҳукмлари (бирга) жорий қилинса ҳам, дорул ҳарбга айланмайди. Хулоса, қадимдан мусулмонлар қўли остида бўлган ерлар кейинчалик бошқаларнинг қўл остига ўтсаю, лекин бутунлай ислом ҳукмлари йўқ қилинмаган бўлса ҳамда мусулмонлар яшаб қолсалар, “Дорул куфр”га айланмайди, балки “Дорул ислом” бўлиб қолаверади”.

Тарихда, Исломдан кейин юртимизни ғайридинлар истило қилган бўлсада, бу даврларда ҳам мусулмонларнинг ҳаммаси бошқа юртларга кўчиб кетмаганлар. Шу сабабли юқорида келтирилган Имом Абу Ҳанифанинг шартларига кўра, бизнинг мамлакатимиз ҳозир “Куфр диёри”га айланиб кетгани ҳақидаги даъво ботил саналиб, юртимиз “Ислом диёри” ҳукмида қолган.

Ҳижратнинг фарз бўлиши ва сўнгра ҳукми бекор қилиниши

Бугунги кунда тинч мамлакатда яшаб келаётган мусулмонларни хориждаги жангарилар ҳузурига гўёки ҳижратга чиқиши фарз амал эканини даъво қилаётганлар Қуръоннинг “Нисо” сураси 97-оятини далил қилади: “Ўзига зулм қилувчи ҳолида жони олинаётганларга фаришталар: “Нима қилаётган эдинглар?” – дерлар. Улар: “Ер юзида бечора эдик”, дерлар. “Аллоҳнинг ери кенг эди-ку, ҳижрат қилсангиз бўлмасмиди?” – дерлар. Ана ўшаларнинг жойи жаҳаннамдир. У қандай ҳам ёмон жой!”. Аслида ушбу оят аввал ислом динини қабул қилиб, Маккада яшаб келган бўлсада, милодий 624 йилда бўлиб ўтган Бадр жангида маккалик мушриклар сафида туриб, мусулмонларга қарши жангда иштирок этган ва ўлдирилганлар ҳақида нозил бўлган. 

Тарихдан маълумки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг атрофларидаги барча саҳобалари – мусулмонлар билан бирга Макка шаҳридан Мадинага кўчиб кетишлари фарз қилинган эди. Шундан сўнг қарийб саккиз йил давомида мусулмонлар Мадинада куч-қудрат тўплаганларидан кейингина ўзларининг она ватанлари бўлган Макка шаҳрини фатҳ қилдилар. Макка фатҳ қилингандан сўнг шаръий ҳижрат ҳукми бекор қилинди. Чунки Маккада мусулмонларнинг эмин-эркин яшаб, дин арконларига амал қилишлари учун ҳамма имкониятлар вужудга келган эди. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрат учун байъат қиламан деб келган саҳоба Мужолидга:

لا هجرة بعد فتح مكة ولكن أبايعه على الإسلام

“Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ! Лекин Ислом учун байъат қабул қиламан”, деганлар (Имом Бухорий, “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”, 2913-ҳадис)

Ҳозирда ҳижрат фарз, деб даъво қилаётганлар мазкур ҳадиси шариф ҳақида ҳеч нарса демайдилар. Ҳолбуки, бу ҳадис мансух бўлмаган, ҳукми бекор қилинмаган, балки унинг ўзи ҳижрат ҳукмини бекор қилувчидир. Унинг иборалари ва мазмуни жуда аниқ ва саҳиҳ ҳадисдир!

Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам ва У зотдан кейин ислом диёрларини бошқарган хулафои рошидинлар ўзга ҳудудларда яшаётган мусулмонларни ҳеч қачон халифалик ҳудудига кўчиб келишларига чақирмаган ҳамда ўз юртларида яшашларини таъқиқ қилмаган.

Тобеъинлардан бири Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ таниқли саҳоба Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳуга: “Мен Шомга ҳижрат қилмоқчиман!”, деганлар. Ибн Умар разийаллоҳу анҳу унга: لا هجرة اليوم – Бугун ҳижрат йўқ! Ортингга қайт!”, деганлар (Имом Бухорий, “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”, 3900-ҳадис).

Тарихдан маълумки, ҳаворижлар илк чиққан вақтда Басрадан чиқиб кетиб, ўзларининг ҳарбий қароргоҳларига жойлаша бошлаганлар. Одамларга: “Ҳижрат фарз. Биз билан ҳижрат қилинглар!”, деб ҳаммани шунга даъват қила бошлаганлар. Одамлар буюк саҳоба Анас ибн Молик разияллоҳу анҳунинг олдига келиб, улар ўзларини муҳожирлар деб аташаётганини айтибдилар. Шунда, Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу: “Улар шайтонга ҳижрат қилганлар. Ахир, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ!”, деганлар-ку!”, дедилар (Имом Абдурраззоқ ривояти).

Ҳижратнинг ҳукми бекор бўлмагани ҳақидаги эътирозларга жавоблар

Уламоларнинг баъзилари бир қараганда Макка фатҳидан кейин ҳам ҳижрат борлигига далил бўладиган ҳадиси шарифларни келтирадилар. Муовия разияллоҳу анҳу айтадилар: “Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг шундай деганларини эшитдим:

لاَ تَنْقَطِعُ الْهِجْرَةُ حَتَّى تَنْقَطِعَ التَّوْبَة ، وَلاَ تَنْقَطِعُ التَّوْبَة حَتَّى تَطْلعَ الشَّمْسُ مِنْ مَغْرِبِهَا

“Тавба қилиш вақти тугамагунча ҳижрат тўхтамайди. Қуёш мағрибдан чиқмагунча тавба узилмайди” (Имом Абу Довуд, “Сунан” китоби, 2479-ҳадис).

Уламолар бу ҳадиси шарифларни ҳижратнинг ҳукмини бекор қилувчи ҳадислар билан мувофиқлаштиришда уч хил жавоб берганлар:

  1. Исломнинг аввалида ҳижрат мандуб (тарғиб қилинган) амал эди. Кейин Маккадан Мадинага ҳижрат қилиш фарз бўлди. Макка фатҳ қилинганда эса ҳижратнинг вожиблик ҳукми бекор бўлган. Иш яна мандубликка қайтган. Демак, фарз ҳижрат тугатилган, мандуб ҳижрат қолган. Бу Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ва Шофеъийлардан Ал-Хаттобийнинг жавобидир.

Бу ерда шуни эслатиб ўтамизки, ҳижрат деганда доим “Куфр диёри”дан “Ислом диёри”га кўчиш тушунилади. Демак, мазкур имомларимиз “Куфр диёри”дан “Ислом диёрлари”га кўчишни мандуб ҳукмида қолди, вожиб ҳукмида эмас, деганлар. Албатта, уларнинг мандуб деган гаплари “Ислом диёри”дан чиқиб кетаётганларга тегишли эмас.

  1. Маккадан Мадинага ҳижрат қилиш Макка фатҳи куни бекор бўлган. Чунки Макка ўша кундан “Ислом диёри”га айланган. Макка фатҳигача ким у ердан Мадинага ҳижрат қилган бўлса, ҳижратнинг савобини олган, бошқаларга бу насиб бўлмаган. Энди қиёматгача боқий қолган ҳижрат эса, “Куфр диёри”да имон келтирган кишининг ҳижратидир. Унга Ислом ҳукмлари жорий бўлиши учун “Ислом диёри”га келиши керак бўлади.

Бу қараш эгалари ҳам ҳижрат “Куфр диёри”дан “Ислом диёри”га бўлишига урғу бермоқдалар.

Улар янада фикрларини ривожлантириб, Аллоҳ таоло учун илм излаш, Макка ва Мадина шаҳарларини зиёрат қилиш ёки ватанини душмандан ҳимоя қилиш учун ўз юртини тарк этиш ҳам боқий қолган ҳижратдир, дейдилар.

  1. Аллоҳ таоло жаннатни ваъда қилган ҳижрат, яъни, бор будидан маҳрум бўлиб, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ёнларига келиш Макка фатҳи билан тўхтаган. Энди қолган ҳижрат гуноҳу ёмонликлардан четланишдир. Бу ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дейдилар: “Албатта, ҳижрат икки хислатдир; гуноҳлардан четланиш ҳамда Аллоҳ ва Расулига ажралиб келиш...” (Имом Аҳмад ривояти, 1671-ҳадис)

Бошқа ҳадиси шарифларда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар: “Ҳижрат қилувчи – хато ва гуноҳлардан узоқлашган кишидир” (Имом Ибн Можа ривояти, 3934-ҳадис)

Имом Бухорий ривоят қилган бошқа ҳадисда: “Расулуллоҳ алайҳиссалом айтганлар: “Қўли ва тили билан ўзгаларга озор бермаган киши мусулмондир. Аллоҳ таоло ман этган нарсалардан қайтган киши Худо йўлида ҳижрат қилган кишидир”, дейилади. Уламоларни ҳадисни шарҳлаб, ундаги “ҳижрат”дан мурод “тарк қилишдир”, деганлар. Бошқа бир ҳадисда эса, “Умму Анас розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ алайҳиссаломдан насиҳат қилишни сўрайдилар. Шунда, Расулуллоҳ: “Гуноҳлардан тийилгин, ўша ҳижратнинг энг каттасидир. Фарзларга риоя қилгин, ўша жиҳоднинг энг афзалидир. Зикрни кўпайтиргин, Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ҳузурига борганингда унга энг маҳбуб амал шу бўлади”, дейилган (Табароний, 6735-ҳадис).

 

 

 

Юқоридаги далиллардан қуйидаги хулосалар қилинади:

- мўмин-мусулмонлар қайси мамлакатда, ҳатто ғайридинлар кўпчиликни ташкил этадиган юртларда ҳам эмин-эркин ибодатларини адо этишга имкон топсалар, ундай диёрдан ҳижрат қилиш фарз ёки вожиб бўлмайди;

- мусулмонлар тинчлик ва хотиржамликда, ибодатларини тўла-тўкис бажариб турган диёрдан мусулмонлар ўзаро урушаётган, одамларнинг жони, моли ва номуси хатарда бўлган ҳудудларга боришлари “ҳижрат” ҳисобланмайди, балки фитнага аралашиб қолиш саналади ҳамда шаръан ман этилади;

- юртимиз ислом дини кириб келган даврдан буён “Ислом диёри” бўлиб келмоқда ҳамда мамлакатимизда ислом дини аҳкомларини мукаммал адо этиш учун барча шароитлар мавжуд;

- ҳозирги кунда бизнинг мамлакатдан “ҳижрат” қилиш фарз ҳам эмас, вожиб ҳам эмас. Юртимиздан Сурия каби қуролли тўқнашувлар кетаётган ҳудудга ёки бошқа ўлкаларга чиқиб кетмаган мусулмонлар гуноҳкор ёки кофир бўлмайди;

- мусулмонларга қарши фитналар уюштирилаётган ҳудудга бориб бегуноҳ одамларнинг жони, мулки ва номусига дахл қилганлар оғир гуноҳ содир этган ҳисобланади. Валлоҳу аълам.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати

20.08.2021 йил.

Read 3549 times
Tagged under

Мақолалар

Top