Мақолалар

Истиқлол ва буюк имкониятлар

2021 йилда мамлакатимизнинг кўп асрлик тарихида мутлақо янги саҳифа очган, эл-юртимизни мустабид тузум кишанларидан озод қилиб, эркин ва фаровон ҳаёт қуриш йўлини очиб берган Ўзбекистон давлат мустақиллигига ўттиз йил тўлади. Аввало ушбу улуғ байрам билан барчангизни чин қалбимдан табриклайман.

Бугунги кунда халқимиз мустақилликнинг моҳияти ва аҳамиятини аввало ўзлигимизни англаш, биз кимларнинг, қандай буюк зотларнинг авлоди эканимизни чуқур идрок этиш, миллий ва умуминсоний қадриятлар уйғунлиги руҳида яшаш, истиқлол ғояларини юртдошларимиз, хусусан, ёш авлод қалби ва онгига янада теран сингдириш, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаш, демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этишнинг энг асосий ва муҳим шарти, миллий тараққиётимиз кафолати сифатида қабул қилаётгани алоҳида эътиборга сазовор.

Охирги йилларда янгиланаётган Ўзбекистонда турли динларга мансуб қадриятларни авайлаб-асрашга, барча фуқароларга ўз эътиқодини амалга ошириш учун зарур шароитларни яратиб беришга, динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилиб, ушбу йўналишда бошқа давлатларга намуна бўладиган бой тажриба орттирилди. Диний қадриятларни тиклаш ва авайлаб-асрашга қаратилган кўплаб ҳукумат қарорлари қабул қилиниб, ҳаётга жорий қилинди.

Буюк алломаларимизнинг зиёратгоҳлари тикланиб, уларнинг илмий мерослари ўрганишга кенг эътибор қаратилмоқда. Сўнгги йилларда Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий, Ҳаким Термизий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбанд, Сузук ота каби алломаларимиз номлари билан боғлиқ қадамжолар ободонлаштирилди.

Ҳукуматмиз томонидан диний эркинликларни таъминлаш борасида ижобий қадамлар ташланмоқда. Хусусан, Ўзбекистонда аста-секинлик билан аввал ёпилиб кетган масжидлар қайта очилмоқда, юртимизда илк бор Мусҳафи шариф чоп этилди ва Қуръон мусобақалари ўтказиб келинмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг матбуот хизмати хабарига кўра охирги вақтларда диёримиздаги масжидларда етарли шарт-шароитлар ҳозирлаш, ибодат қилиш учун қулайликлар қилиб бериш ва ваъз-насиҳатлар тинглаш учун кенг имкониятлар муҳайё этилмоқда.

Жумладан, 2021 йилнинг 8 ойи давомида мамлакатимиз мўмин-мусулмонларининг диний-маърифий эҳтиёжларини таъминлаш, масжидларни давлат рўйхатидан ўтказиш, янгидан қуриш, таъмирлаш борасида 14 та масжидлар Адлия вазирилигидан рўйхатдан ўтказилди. 42 та масжид янгидан қурилди. 88 та масжид эса таъмирдан чиқарилди.

Шунингдек, ҳозирда 180 дан зиёд масжидда қурилиш ишлари жадал давом этмоқда. 41 та масжиднинг лойиҳа смета ҳужжатлари тайёрланмоқда. Маълумот учун, айни пайтда юртимизда фаолият юритаётган масжидлар сони 2093 тани ташкил этмоқда.

Тошкент шаҳрида президент ташаббуси билан Ислом цивилизация маркази қурилмоқда. Ислом илмларининг ривожланиши ва бой тарихий меросимизни ўрганишга мўлжалланган ушбу маскан қурилишини шахсан Шавкат Мирзиёевнинг ўзлари бир неча марта бориб кўздан кечирдилар.

2017 йил 15 июнда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган «Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби» мавзусидаги видеоселекторда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бир қатор таклифларни берганди. Жумладан, «Самарқандда – Имом Бухорий илмий марказида ҳадисшунослик, Имом Мотуридий маркази қошида калом илми, Фарғонада – Марғиноний илмий марказида ислом ҳуқуқи мактаби, Бухорода – Баҳоуддин Нақшбанд марказида тасаввуф, Қашқадарёда – Абу Муин Насафий марказида ақида илми мактабини ташкил этсак, ўйлайманки, бу жуда фойдали бўлади. Келгусида чуқур билимли имом-хатиблар, исломшунос мутахассислар, уламолар тайёрлашда, энг муҳими, фарзандларимизни буюк аждодларимизнинг бебаҳо мероси руҳида, соғлом эътиқод руҳида тарбиялашда бу мактаблар таянч бўлиб хизмат қилади», – деганди эдилар. Юртбошимизнинг мазкур таклифлари ва саъй – ҳаракатлари билан Самарқанд вилоятидаги «Ҳадис» ва «Калом» илмий мактаблари 2017 йил 8 ноябрь куни, Қашқадарё вилоятидаги «Ақида» илми мактаби 10 ноябрь куни, Мир Араб олий мадрасаси ҳузурида Баҳоуддин Нақшбанд тасаввуф илмий мактаби ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фарғона вилояти вакиллиги қошида Ислом ҳуқуқи мактаби 13 ноябрь куни расман иш бошлади.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 14 февралдаги қарорига мувофиқ  2019 йилда Термиз шаҳрида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди. 2020 йилда эса Шунингдек,  «Имом Термизий» ўрта махсус ислом таълим муассасаси ташкил этилиб, ўз фаолиятини бошлади.

Шунингдек, Бухорода Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан “Мир Араб” олий мадрасаси ҳамда Самарқандда “Ҳадис илми мактаби”ташкил қилиниб, ўз фаолиятини бошлади.

2018 йилда президент қарори асосида Вақф фонди ташкил қилинди.

Умра зиёратига борувчилар сони дастлаб 2018 йилда 6 минг кишидан 10 минг кишига оширилди, 2019 йилга келиб умрага борувчилар сонига қўйилган чеклов бутунлай бекор қилинди ва ушбу муқаддас сафарга чекланмаган миқдорда зиёратчилар бориши мумкинлиги белгиланди.

Ҳаж зиёратига борувчилар сони ҳам 2017 йилда 5200 нафардан 7200 нафарга оширилди. 2020 йил февралдан Тошкент-Мадина йўналишида авиақатновлар йўлга қўйилди.

2018 йилда президент ташаббуси билан туман, вилоят ва республика босқичлари асносида Қуръон мусобақаси ўтказилди. Унда Аллоҳнинг каломини ёд олган, уни қалб тубида жойлаган минглаб қори ва қориялар самимий беллашди. Мусобақанинг олий ўрнига муносиб кўрилган Йўлдошбек қори Нуриддиновга «Жентра» русумли автомобил ютуқ тариқасида тақдим этилди.

Президентимиз томонларидан замондош уламо шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад ҳазратларининг меҳнатларини эътироф этди. Тошкент шаҳридаги катта масжидга у кишининг номлари берилди.

Шунингдек, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад ҳазратлари асос солган «Ҳилол нашр» нашриётида Ўзбекистонда тарихида илк бор Мусҳафларни чоп қилиш бошланди.

Шуни ҳам мамнуният билан айтиш жоизки, мамлакатимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, унинг жаҳон миқёсидаги шон-шуҳратини оширишга катта ҳисса қўшаётган, давлатимиз иқтисодиёти ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришда ибрат ва намуна бўлиб келаётган, жамиятимизда тинчлик ва барқарорликни, миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, ёш авлодни соғлом ва баркамол инсонлар этиб вояга етказиш, уларни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда алоҳида фидойилик кўрсатаётган юртдошларимизни жумладан диний соҳа ходимларини «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги» эсдалик нишони билан мукофотланиши нур устуга аъло нур бўлди.

Шундай экан, биз бу улуғ неъматнинг шукрини адо қилишимиз, уни авайлаб-асрашимиз, мустақил она диёримиз халқига, унинг тинч турмуши ва фаровонлигига бўлаётган таҳдидлардан огоҳ бўлишимиз, бу йўлда ўзимизнинг холис хиссамизни қўшишимиз лозим. Шундагина барчаларимиз Аллоҳ ато этган истиқлол неъматига чинакам шукр қилгувчи шокир бандалардан бўламиз, Роббимизнинг розилигини топиб, динига мадад бериб, унга амал қилгувчилардан бўламиз.

Истиқлол нашидаси, байрам сурури ҳар бирингизни яхши ниятлар, эзгуликлар сари ундайверсин. Хонадонингиздан қут-барака, қалбингиздан қувонч, юзингиздан табассум ҳеч қачон аримасин. Халқимиз фаровонлиги, Ватанимиз равнақи йўлида олиб бораётган ишларингизга ижодий баркамоллик тилаймиз. 

 

Ўткир Ғузаров, 

“Хожа Бухорий” ўрта махсус

ислом билим юрти мудири

Read 1849 times

Мақолалар

Top