Мақолалар

Муносабат: Хайрли ишнинг ғаразли талқини

 Шу кунларда баъзи интернет тармоғида “Ўттиз минг ўзбекча-туркча Қуръони карим таржима китоби Ўзбекистонда тарқатилди” деган мазмундаги хабарлар кенг тарқатилмоқда. Айрим ижтимоий тармоқ юритувчилари хайрия тариқасида улашилаётган мазкур китоблар дўконларда сотувга чиқарилиши мумкинлиги ҳақидаги асоссиз ахборотларни ҳам ёйишга уринмоқдалар.

Таъкидлаш зарурки, марҳум муфтий Усмонхон Темирхон ўғли ҳазратлари томонидан нашр этилган “Тафсири Ирфон” китобининг мухтасар шаклда таълиф этилган – “Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолари таржимаси” китоби муаллифнинг саъйи-харакатлари билан Туркия Диёнат ишлари бошқармаси ҳомийлигида чоп этилган эди.

Айни кунларда ушбу Қуръони карим китобининг илк нусхаларини диний идора тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом билим юртлари устоз-талабалари ва диний соҳа ходимларига хайрия сифатида улашиш бошланди. Бу тўғрисида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ижтимоий тармоқларда маълумотлар эълон қилинди   https://t.me/muhaddisuz/5315,   https://t.me/oliymahad/13779,   https://t.me/oliymahad/13795.

Яқин кунларда масжидлар имом-хатиблари, имом ноиблари, отинойилар, шунингдек, Қуръони карим ўқишга иштиёқи бор, лекин имконияти йўқ фуқароларга ҳам ушбу Қуръони карим китобларидан бепул тарқатиш бошланади. Республикадаги барча масжидларда намозхонлар ушбу китобни мутлоаа қилиш имкониятига эга бўладилар.

Қайд этиш лозимки, Қуръони каримнинг ушбу нашри вақф мулки сифатида чоп этилган бўлиб, диний идора уни текинга тарқатиш учун нашр этди. Китобни сотиш мутлақо жоиз эмас. Шу сабабли диний идоранинг талаби билан ушбу китобнинг ички муқоваларида “Қуръон совға қиламан” ва “Сотиш мумкин эмас” деган қайдлар ёзилган.

Шу нуқтаи-назардан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси келгусида, мазкур “Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолари таржимаси” китоби кенг тарқатила бошлагандан сўнг ким ушбу нашрни савдода кўрса 71-240-39-33 телефони орқали хабар беришларини ёки ЎМИнинг Интернетдаги “Muslim.uz” сайтидаги электрон манзилига маълумот юборишини илтимос қилади.

Ижтимоий тармоқларда тарқатилган хабарда яна бир нотўғри ёритилган жиҳат шуки, ушбу Қуръони карим таржимаси фақат ўзбек тилида бўлиб, оятларнинг турк тилидаги таржималари баён этилмаган.

Хўш, шундай экан, мазкур хабарни аниқлаштирмасдан туриб, ижтимоий тармоққа атайин қўйиб юборган кимса ёлғончи, мусулмон биродарига зиён-заҳмат етказган, уни обрўсизлантирган бўлиб қолмайдими?!

Ҳар бир мўмин-мусулмон киши бундай ёлғон-яшиқларга, асоссиз гапларга учмаслиги даркор. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: « Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўрингиз, билмай бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлмангиз» (“Ҳужурот” сураси, 6-оят). Ҳадиси шарифларда эса: “Эшитган нарсасини гапиравериш кишининг ёлғончилигига кифоя қилади”(Имом Муслим ривояти),  дейилган.

Муфассирлар ояти каримани шарҳлаб, келтирилган ҳар қандай хабарга ишонавермасликни, агар фосиқ киши бирор гап олиб келса, уни яхшилаб текшириб кўриш зарурлигини таъкидлашади.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, ҳар бир мўмин-мусулмон киши бундай ёлғон-яшиқларга, ҳақиқатдан йироқ гапларга учмаслиги, фитналардан огоҳ бўлиши даркор. Шунингдек, тўғри ахборот олиш, уни тўғри етказа билиш бугунги кун кишисининг шиори бўлиши керак.

Аллоҳ таоло ҳаммамизга инсофи тавфиқ берсин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1995 times
Tagged under

Мақолалар

Top